Ўзбекистон | 16:58 / 11.05.2020
30273
4 дақиқада ўқилади

«Маиший коррупциядан элитар коррупцияни ўрганиш даражасига чиқилади» – Бош прокурор коррупцияга қарши мустақил орган ҳақида

Ўзбекистон Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев Олий Мажлис Сенатининг 4-ялпи мажлисида коррупцияга қарши кураш ва унинг олдини олиш билан шуғулланувчи янги орган ҳақида маълумот берди.

Фото: Олий Мажлис Сенати Ахборот хизмати

Унга кўра, янги орган республика даражасидаги агентлик ва унинг жойлардаги бошқармалари шаклида ташкил этилади.

«Мазкур агентликка коррупцияга қарши курашни мувофиқлаштириш вазифаси юклатилади. Унга алоҳида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи мустақил орган мақоми берилади. Агентлик бирон давлат идораси, парламент, президент ҳузурида эмас, алоҳида бўлади. Бу давлат бошқарув органлари орасида ўзини-ўзи тийиб туриш механизми ва суд мустақиллиги учун ҳам керак, деб ўйлаймиз.

Агентлик ҳар бир коррупция ҳолати содир этилганда унга яратилган шароитни, коррупция хавфини танқидий ўрганади. Ҳар бир идорада ички коррупцияга қарши курашиш назорат тизими бўйича таклифлар агентликка юборилади.

Шунингдек, Адлия вазирлиги томонидан ҳар бир қонунда коррупциявий ҳолат йўқлиги бўйича ўтказиладиган ҳуқуқий экспертиза ваколати агентлик тизимига ўтказилади», дея Ниғматилла Йўлдошевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Ялпи мажлис видеоконференц-алоқа шаклида ўтказилди.
Фото: Сенат Ахборот хизмати

Бош прокурорга кўра, янги агентликка тезкор қидирув, текширув ва тергов вазифаларини юклатиш масаласи кўрилмоқда.

«Жиноят кодексида ҳам, бошқа қонун ҳужжатларида ҳам мана бу жиноят коррупция, деб аниқ белгиланмаган. Коррупция ҳолатлари қайси ҳолатда коррупция, қайси ҳолатда оддий қонун бузилиши ҳолати экани бўйича аниқ чегара йўқ.

Тергов ҳуқуқига эга бўлган Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати органларининг тергов ва тезкор қидирув фаолият ваколатларини бу органга олиб беришдан холи ҳолда, янги агентликка ҳам шу ҳуқуқлар берилади. Фақат уларнинг жиноят субъектларини белгилашда аниқ чегара қўйилади.

Агентлик тезкор қидирув ишларини олиб боришда парламент аъзолари, президент администрацияси аъзолари, ҳукумат аъзолари, республика даражасидаги хўжалик юритувчи идора раҳбарлари, банк раҳбарлари, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари даражасидаги мансабдор шахслар ишини ўрганади. Яъни маиший коррупциядан элитар коррупцияни ўрганишга чиқишимиз керак. Мансабдор шахсларнинг қонун ҳужжатларига зид ҳаракатлари ўрганилади.

Шунингдек, давлат харидлари, бюджет маблағларининг сарфланиши бўйича жараённи назорат қилиш, декларация тизимини жорий этиш ишлари агентлик зиммасига юклатилади.

Буларнинг барчаси прокурорлик назорати асосида олиб борилади. Чунки амалдаги қонунларда тергов, тергов олди текшируви, тезкор қидирув ишлари устидан назорат беовсита прокуратура зиммасига юклатилган. Ҳеч бир идорани камситмаган ҳолда, ҳар бир идора устидан прокуратура қандай назорат олиб борса, буларнинг устидан ҳам шундай назорат бўлиши белгиланган», – деди Ниғматилла Йўлдошев.

Маълум қилинишича, янги орган фаолиятини ташкил этиш бўйича лойиҳа Президент администрацияси томонидан кўриб чиқилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 24 январь куни парламентга қилган мурожаатида парламент ва президентга ҳисобдор бўлган коррупцияга қарши мустақил орган ташкил этиш бўйича таклиф берган эди.

Мавзуга оид