Ўзбекистон | 17:19 / 06.03.2026
7359
3 дақиқада ўқилади

38 минг хонадонли кўп қаватли уй қурган тадбиркорларга жиноят иши қўзғатилган

Жами 570 та кўп қаватли уйдан иборат 170 та объект муаммоли лойиҳа деб топилган ва уларнинг иши прокуратура органларига тақдим қилинган. Қурилиш вазири Шерзод Ҳидоятовнинг айтишича, тадбиркорларга жиноят иши қўзғатиб бўлинган, улар жавобгарликка тортилади. Ҳидоятов бу биноларнинг зилзилабардошлилиги текширилиши ва инструментал кўрик хулосаси олинишини, шунга асосан бузилиши ёки бузилмаслигини қайд этди.

Фото: Kun.uz

2018-2023 йилларда Ўзбекистонда ноқонуний қурилган 38 минг хонадонли кўп қаватли турар жой мажмуалари иши юзасидан жиноят иши қўзғатилгани хабар қилинди.

Бу ҳақда Миллий контент ишлаб чиқарувчи марказда ўтган матбуот анжуманида қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятов маълумот берди. Унинг айтишича, жами 570 та кўп қаватли уйдан иборат 170 та объект муаммоли лойиҳа деб топилган, улар қонунчиликка амал қилмай қурилган.

Масалан, қайсидир тадбиркор лойиҳани экспертизадан ўтказмаган ёки назорат инспекциясидан рўйхатдан ўтмай қурилиш қилган, яна қайсидир бири бинони қуришда ўз ҳудудидан 40-50 см ташқарига чиқиб кетган, аукциондан ер сотиб олиш жараёни ва шу каби жуда кўп ҳолатларга тааллуқли муаммолар аниқланган. Бу масала бўйича ҳукумат йиғилиши ўтказилди. Унда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбариятлари ҳам қатнашди”, - дейди вазир.

Ҳозирги кунга қадар 38 минг хонадонли 570 та кўп қаватли уйларнинг 90 фоизи инструментал текширувлардан ўтказилган ва бу жараён давом этаётгани қайд этилди.

Рақамлаштириб қўйганимиздан кейин бугунги кунда ҳамма нарсанинг изи бор. Ҳеч ким рухсат бермаяпти. Агар коррупция бўлганида 38 мингта хонадоннинг ҳаммаси ҳужжат қилган бўлар эди. Коррупция йўқлигидан далолат ҳеч қайси бири ҳужжат қила олмаяпти.

Тартиби бор, бу бўйича ҳукумат йиғилиши ҳам бўлди. У ерда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар қатнашди, ҳаммаси кўриб чиқилиб, эълон қилинди. Ҳозир ҳар бинонинг инструментал текширувлари ўтказиляпти. 90 фоизи ўтказилди.

Инструментал текширув натижасига кўра, аҳоли хонадон сотиб олгани учун рухсат бериш тизими ҳам ишлаб чиқиляпти. Ўша уйларга ёнғин хавфсизлик нормалари бор, биринчи навбатда „дом“ қуришда хавфсизлик нормаларига қай даражада амал қилингани, шунингдек, аҳолига яратилган қулайликлар: болалар майдончаси, автомобил тураргоҳлари ва бошқаларнинг бор ёки йўқлиги текшириляпти, ечимларни ҳам кўрсатиб беряпмиз”, – деди у.

Қўшимча қилинишича, бу масалада прокуратура органлари ҳам шуғулланяпти. Ноқонуний қурилиш ишларини амалга оширган тадбиркорларга жиноий иш қўзғатилган, улар жиноий жавобгарликка тортилади.

Ҳидоятов 170 та объектнинг зилзилабардошлилиги текширилиши, инструментал кўрик хулосаси асосида бузилиши ёки бузилмаслиги мумкинлигини айтди.

Эслатиб ўтамиз, қурилиш вазири ноқонуний қурилган ушбу 38 минг хонадонли кўп қаватли уйлар масаласига ўтган йили декабр ойида Савдо-саноат палатасида тадбиркорлар билан бўлиб ўтган учрашувда тўхталганди.

Ўшанда ноқонуний қурилишда 3 хил тоифадаги қонунбузарлик кузатилгани ҳақида гапирганди. Биринчидан, бу ернинг рухсатисиз, ҳоким қарорисиз олингани билан боғлиқ ҳолатлар. Иккинчидан, лойиҳалар архитектура кенгашидан ўтмаган ва нормативларга мувофиқлиги текширилмагани. Учинчидан, ер бўйича қарор бор, лойиҳа кенгашдан ўтган, аммо лицензияга эга бўлган экспертиза ташкилотига ҳам, давлат экспертизасига ҳам юборилмагани.

Дилшода Шомирзаева
Муаллиф Дилшода Шомирзаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид