Жаҳон | 15:07 / 06.12.2025
6108
8 дақиқада ўқилади

Макроннинг Хитойдан илтимоси, Путиннинг Модига таклифи ва Трампнинг шоусига айланган FIFA тадбири – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

«Нега Ҳиндистон олмасин?»

5 декабр куни Россия президенти Владимир Путин Ҳиндистонга «узлуксиз ёқилғи етказиб беришни давом эттиришга тайёр» эканини айтди. Бу гаплар унинг ўзи – АҚШнинг Ҳиндистонга босимини танқид қилганидан кейин янгради.

Ҳиндистон эса бу таклифга эҳтиёткорона ёндашди: Ҳиндистон энергетика компаниялари «ўзгариб бораётган бозор шароитлари» ва «таъминот манбаларини танлашда дуч келаётган тижорий омиллар» асосида қарор қабул қилади. Бу эса санкциялар ва нархларнинг босими ҳақида ишора эди.

Путин билан катта ҳукумат ва бизнес делегацияси ҳам Ҳиндистонга келган. Томонлар имзолаган битимлар орасида қуйидагилар бор:

  • ҳиндларнинг Россияда ишлашига ёрдам бериш;
  • Россияда қўшма ўғит заводи қуриш;
  • қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва кема қатнови бўйича ҳамкорликни кенгайтириш.

Пайшанба куни India Today телеканали эфирида Путин АҚШнинг Ҳиндистонга босим ўтказаётганини шубҳа остига олганди.

«Америка бизнинг (ядровий) ёқилғимизни сотиб олишга ҳақли бўлса, нега Ҳиндистон худди шу ҳуқуққа эга бўлмаслиги керак?» деди. Путин бу масалани Трамп билан муҳокама қилишга тайёрлигини ҳам айтган.

Ҳиндистон ҳам Трамп тарифларини адолатсиз деб ҳисоблайди, чунки АҚШ ва Европанинг ўзи Москва билан савдони давом эттирмоқда.

Деҳли шу билан бирга АҚШ билан ҳам музокара олиб бормоқда. Хусусан, Путин ортидан АҚШ савдо вакили ўринбосари Рик Свицер душанба куни Ҳиндистонга сафар қилади.

Франциянинг Хитойдан илтимоси

Франция президенти Эммануэл Макрон Пекинга қилган ташрифи чоғида яна бир бор Хитойдан Россиянинг Украинадаги урушини тугатишга кўпроқ ёрдам беришини сўради.

Аммо бу сафар ҳам Ғарб етакчилари томонидан қайта-қайта илтимос қилинган бўлса-да, Си Жинпинг бунга рози бўлишга қизиқмаган.

Иккала етакчи ҳам учрашувга геосиёсий мақсадлар бўйича қўллаб-қувватлов олиш умиди билан келди. Украина уруши тўрт йилликка яқинлашар экан, Европа – келишувлар Украина суверенитетига путур етказмаслигини таъминлашга шошилмоқда. Улар Хитой — Москвага муайян ён беришлар қилиш учун босим ўтказиши мумкин деб ҳисоблайди.

Бу орада Хитой Франция каби давлатларни Япония билан Тайван борасида юзага келган дипломатик келишмовчиликда ўз томонини танлашга ундамоқда. Аммо ёпиқ эшиклар ортидаги учрашувдан кейин берилган изоҳлар шуни кўрсатдики, томонларнинг позицияларида сезиларли тафовут сақланиб қолмоқда, деб ёзмоқда New York Times.

«Менимча, биз икковимиз ҳам вазиятнинг нақадар оғирлигини яхши англаймиз», деди Макрон учрашувдан кейинги матбуот анжуманида.

Ташрифда икки ҳукумат вакиллари ядро энергетикаси, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат, таълим ва атроф-муҳитга оид битимларни имзолади. Сининг айтишича, Хитой «юқори сифатли француз маҳсулотларини кўпроқ импорт қилишга» тайёр ва Франция Хитой компаниялари учун «адолатли муҳит» яратишига умид қилмоқда.

Ғазо бўйича режанинг кейинги босқичига тайёргарлик бошланди

АҚШнинг БМТдаги элчиси Майк Уолтс Яқин Шарққа келмоқда. «Элчи Майк Уолтс 6 декабрдан 10 декабргача Иордания ва Исроилга сафар қилади», дейилади АҚШнинг БМТдаги миссияси баёнотида.

Баёнотга кўра, «мазкур сафар АҚШнинг минтақавий барқарорликни мустаҳкамлаш, президент Трампнинг Ғазо бўйича 20 банддан иборат режасини амалга ошириш» масаласида бўлади.

Уолтс Иордания қироли ва ташқи ишлар вазири билан учрашиб, Ғазога ҳуманитар ёрдам етказишда Иорданиянинг ҳал қилувчи ролини муҳокама қилади. Исроилда эса элчи — бош вазир Бинямин Нетаняҳу ва президент Исхак Герцог билан учрашувлар ўтказади.

Унинг сафари давомида БМТ резолюцияси бўйича брифинглар, Карем Шалом пункти ва Ғазо учун мувофиқлаштириш механизми марказига ташрифлар бўлади.

БМТнинг Ғазога доир резолюцияси – секторда Тинчлик кенгаши, Халқаро барқарорлаштириш кучлари ва маъмурий қўмита ташкил этилишини назарда тутади.

Трамп учун шоуга айланган FIFA тадбири

Замонавий дунёда “миллиардлар айланадиган” футбол ҳам сиёсий жараёнларнинг бир қисми, сиёсатчилар учун шоуга айланиб улгурди. Хусусан, кеча — 2026 йилги Жаҳон чемпионати қуръа ташлаш маросимида АҚШ президенти Доналд Трамп мукофот олди.

Келаси йили АҚШ, Канада ва Мексика биргаликда жаҳон чемпионатини ўтказади. Шу сабабли Канада бош вазири Марк Карни ва Мексика президенти Клаудия Шейнбаум ҳам Вашингтондаги маросимда иштирок этди. Бироқ тадбир бошидан охиригача Трампнинг шоусига айланди дейиш мумкин.

Бу йил Нобел тинчлик мукофоти учун фаол кампания олиб бораётган Трампга қилган саъй-ҳаракатлари учун FIFAʼнинг илк тинчлик мукофоти берилди. Мукофот тақдимоти олдидан кўрсатилган видеода Трамп Ғазодаги урушни ҳал қилгани ва Россиянинг Украинадаги урушини тугатишга уринаётган лидер сифатида мадҳ қилинди.

«Менга мукофотлар керак эмас. Менга ҳаётни асраш керак», деди Трамп. «Мен миллионлаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолдим ва бу — мен қилишни истаган энг асосий иш».

Аслида Трампнинг бу йил саккизта урушни тугатганини айтиши кенг эътирозга сабаб бўлган. Чунки бу можароларнинг аксарияти, жумладан, Исроил–Ҳамас можароси ҳам ҳалигача якунланган деб бўлмайди.

Бу мукофот ўтган ойда, йиллик «FIFA Тинчлик мукофоти» сифатида таъсис этилганди. У «тинчлик йўлида фавқулодда ва мислсиз ҳаракатлар қилган шахсларни тақдирлаш» учун мўлжалланган.

Маълумот учун, илк марта 48 жамоа қатнашаётган ушбу мундиал 2026 йил 11 июн — 19 июл кунлари АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтади. Бу турнирда 16 шаҳарда рекорд даражада — 104 та ўйин ўтказилади.

Грознийга дронлар ҳужуми

Жума тонгида Украинага тегишли экани айтилган дронлар Чеченистон пойтахти Грознийдаги баланд бинога ҳужум қилди. Маҳаллий пабликларга кўра, бу ҳодиса — Рамзан Қодиров қароргоҳига энг яқин зарбалардан бири бўлиши мумкин.

Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видеоларда 28 қаватли «Grozny-City Business Center»нинг бир қанча қаватларида ойналар сингани ва куйган ҳолатлар кўринади.

Мазкур бино Чеченистоннинг қайта қурилиши рамзи сифатида бунёд этилган “Grozny-City” мажмуасининг бир қисми. Унда бир нечта минтақавий ҳукумат идоралари: Чеченистон Хавфсизлик кенгаши ва бошқа агентликлар жойлашган.

Минора Грозний марказидаги Қодиров қароргоҳидан тахминан 830 метр масофада жойлашган.

Шундан сўнг фуқаро авиацияси органлари Грозний ва қўшни вилоятлардаги бир нечта шаҳарларда вақтинча парвоз чекловларини жорий қилди. Россия Мудофаа вазирлиги тунги дронлар уриб туширилган ҳудудлар рўйхатида Чеченистонни тилга олмади. Чеченистон расмийлари ҳам хабарда айтилган дрон ҳужуми юзасидан изоҳ бермади.

Агар зарба тасдиқланса, бу Чеченистонда сўнгги ҳафталар ичида қайд этилган учинчи дрон ҳужуми бўлади. 27 ноябр куни Грознийдаги ҳарбий қисмга, ундан бир кун олдин эса ФСБ биносига дрон зарбалари ҳақида хабар берилган эди.

Россия Мудофаа вазирлиги ҳаво мудофааси ўша куни беш ҳудудда, шунингдек аннексия қилинган Қримда жами 41 та дронни уриб туширганини билдирди.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид