Ўзбекистон | 16:45 / 13.01.2025
9721
7 дақиқада ўқилади

50 фоизлик устама ўзбек тили ўқитувчиларига берилмайди – устозлар буни “адолатсизлик” деб атаяпти

2025 йил 1 январдан умумтаълим мактабларидаги миллий сертификат олган она тили ўқитувчилари 50 фоизлик устама олади. Бу тартиб рус синфларида дарс берувчи ўзбек тили ўқитувчилари учун амал қилмайди. Бунга сабаб қилиб ўзбек тили ва она тили алоҳида фан экани кўрсатиляпти.

2025 йил 1 январдан умумтаълим мактабларидаги она тили ва адабиёт, тарих фанларидан дарс берувчи ва миллий сертификати бўлган ўқитувчиларга уларнинг таъриф ставкасига нисбатан 50 фоиз миқдорида ҳар ойлик қўшимча устама тўланадиган бўлди. Бу ҳақда президентнинг 2024 йил 21 февралдаги фармони эълон қилинганди. Тартиб кучга кириш арафасида рус синфлари учун ўзбек тилидан дарс берувчи ўқитувчилар орасида норозилик пайдо бўлди. Уларнинг бир гуруҳи Kun.uz’га ҳам мурожаат йўллаган. Унда ўзбек тили ўқитувчиларига ҳам 50 фоизлик устама жорий қилиниши сўралган. Бунга асос қилиб ўзбек тили ўқитувчиларида ҳам миллий сертификат борлиги ва улар ҳам ўқувчиларга давлат тилини ўргатаётгани айтилган. Уларнинг айримлари қуйидагича:

– Давлат тили учун алоҳида миллий сертификат йўқ. Улар ҳам она тили ўқитувчилари билан бирга кириб улар ечган тестни бажариб чиқяпти, аслида бу иш улар учун қийин. Она тили ва адабиёт фани алоҳида, ўзбек тили алоҳида деб қараладиган бўлса, нега шу пайтгача она тили ва адабиёти қатори уларга ҳам 20 фоиз устама бир хил тўлаб келинди?

– Биз ҳам давлат тили ривожи учун ҳисса қўшяпмиз-ку. Бизнинг фандан алоҳида соддалаштирилган миллий сертификат имтиҳони йўқ, барчаси умумий. Имтиҳон топшираётганимизда бизни иккига ажратишмади. Буларга осонроқ савол тузайлик, булар мумтоз адабиётдан дарс бермайди, фақат грамматика ўтишади дейилмади. Нега энди тўлашга келганда дўппилари торлик қиляпти?! Нега ўқитувчининг минг машаққат билан топган ҳалол пули кўзларига кўп кўринаверади?

– Ўзбек тилининг мақомини шу юртда яшовчи бошқа миллат ва элатлар орасида оширсаккина, уларда миллат ва давлатга нисбатан ҳурмат уйғонади. Чунки миллатга бўлган ҳурматнинг илк белгиси уларнинг тилида сўзлашдир. Бу йўлда ўзбек тили фани ўқитувчиларининг меҳнати айниқса муҳим. Бошқа миллат вакиллари давлат тилида гапиришни, ёзишни, ўқишни, айнан ўзбек тили дарслари орқали ўрганишади. Ўзбек тили устозларининг меҳнати муносиб баҳоланмай, уларни айириб, миллий сертификатга паст фоиз берилиши бу тўғридан тўғри ўз тилига, қадриятларига беҳурматлик деб ҳисоблайман.

Бу тартиб нега ўзбек тили ўқитувчиларига амал қилмаслиги тушунарсиз эканига она тили ўқитувчиси, таълим бўйича мутахассис Шокир Турсун ҳам эътибор қаратган.

“Очиғи, мен бунинг сабабини умуман тушунмадим. Президент қарорининг мақсади ўзбек тили обрўйини ошириш эди. Ўзбек тили фани бошқа тилли фуқаролар орасида ўзбек тилини ёйишнинг энг осон усули ҳисобланади. Уларга устама тўланмаслигини тушунишим қийин кечмоқда. Тушуна олмаяпман. Адашмасам, ўзбек тилидан дарс берадиганлар ҳам она тили ва адабиётдан дарс берадиган ўқитувчи топширадиган имтиҳонни топширади”, – деб ёзган у.

Тилшунос Ориф Толиб сертификат ўзбек тили учун ҳам қабул қилиниши ёки соҳавий фарқлари кўп дейилса, ўзбек тили фанига мос миллий сертификат имтиҳонлари ўтказилиши ва у устамага асос бўлиши кераклигини таклиф қилган.

“Биладиганлардан сўраб-суриштирсам, устама тўланмаслигига иккисининг алоҳида фан экани сабаб экан. Худди физика сертификати билан математика учун устама олинмаслиги каби. Тўғри, бу иккиси – алоҳида фан. Лекин математика ва физикага солиштириш жуда ўринли эмас. Она тили ва ўзбек тили бир-бирига жуда яқин”, – деган тилшунос.

Kun.uz ҳолат бўйича қўшимча изоҳ олиш учун Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан боғланди. Вазирлик бу президент фармонида белгилаб қўйилгани, таълим рус ва қардош тилларда олиб бориладиган мактабларда ўзбек тили (давлат тили) фанидан дарс бераётган ва тегишли миллий сертификатга эга педагоглар 20 фоизлик устама олишда давом этишини маълум қилиш билан чекланди.

Маълумот учун, вазирликнинг расмий каналида тартибга оид қўшимча тушунтириш берилган. Унга кўра, она тили ва адабиёти фани учун берилаётган янги устама миқдори таълим маълум бир тилда олиб борилаётган ва шу тилни она тили ва адабиёти фани сифатида ўтаётган педагогларга нисбатан татбиқ этилади. Яъни:

➖таълим ўзбек тилида олиб борилаётган мактабларда она тили сифатида ўзбек тили ва адабиёти фанидан;

➖таълим рус тилида олиб борилаётган мактабларда она тили сифатида рус тили ва адабиёти фанидан;

➖таълим қорақалпоқ тилида олиб борилаётган мактабларда она тили сифатида қорақалпоқ тили ва адабиёти фанидан дарс бераётган ўқитувчиларга амал қилади.

Шу ўринда яна бир муҳим эслатма: 50 фоизлик устама миллий сертификатга эга бошланғич синф ўқитувчиларига ҳам она тили ва адабиётидан бошланғичларда дарс ўтгани учун ҳам тўланади. Бунда:

– таълим тили ўзбек тили бўлган мактабларда дарс берувчи педагогларга ўзбек тили ва адабиёти сертификати учун она тили ва адабиёт фанига;

– таълим тили рус тили бўлган мактабларда дарс берувчи педагогларга рус тили ва адабиёти сертификати учун она тили (рус тили) ва адабиёти фанига;

– таълим тили қорақалпоқ тили бўлган мактабларда дарс берувчи педагогларга қорақалпоқ тили ва адабиёти сертификати учун она тили (қорақалпоқ тили) ва адабиёти фанига тегишли дарс соатлари учун устама тўланади.

Шунингдек, бошланғич таълимда она тили бўйича дарс берувчи устозларга синфлар кесимида қуйидаги фан соатлари учун 50 фоиз миқдорида устама тўланади:

1-синфда ўқув йилининг 1-2-чоракларида 4 соат “Алифбе”, 4 соат “Ёзув”, 3-4-чоракларида 4 соат “Она тили”, 4 соат “Ўқиш саводхонлиги” фани;

2-4-синфларда 4 соатдан “Она тили”, 3 соатдан “Ўқиш саводхонлиги” фани.

Мавзуга оид