Ўзбекистон | 08:54 / 22.12.2021
18657
2 дақиқада ўқилади

Умиджон Барноев Ромитан туманига ҳоким бўлди

Бухоро вилояти Ромитан тумани ҳокими Хуршид Тоҳиров бошқа ишга ўтаётгани муносабати билан лавозимидан озод этилди. Ушбу лавозимни Умиджон Барноев эгаллади.  

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги

Бухоро вилояти ҳокимлиги ахборот хизматига кўра, халқ депутатлари Ромитан тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ўтказилди. Унда вилоят ҳокими Ботир Зарипов томонидан туман ҳокими Хуршид Тоҳировни лавозимидан озод қилиш ҳақидаги қарор ўқиб эшиттирилган. 

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги

Kun.uz манбасига кўра, Хуршид Тоҳиров Қоракўл тумани ҳокими лавозимига тайинланиши кутиляпти. 

Тоҳиров 2019 йил мартидан буён Ромитанга ҳокимлик қилиб келаётганди.

Ромитан тумани ҳокими лавозимига Умиджон Барноев тайинланди. У 2016-2020 йилларда Бухоро вилоятига ҳокимлик қилган, 2020 йил февралида бош вазир ўринбосари лавозимига тайинланиб, 2020 йил сентябрь ойида вафот этган Ўктам Барноевнинг укаси ҳисобланади.

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги

Умиджон Барноев — 1970 йил 12 июлда Ромитан туманида туғилган. Маълумоти - олий. 1996 йилда Бухоро Озиқ-овқат ва енгил саноат технологияси (ҳозирги Бухоро муҳандислик-технология) институтини ҳамда 2000 йилда Самарқанд давлат университетини тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги — муҳандис-механик, ҳуқуқшунос. У 2020 йил ноябридан буён Бухоро тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.

Умиджон Барноев

Меҳнат фаолиятини 1998 йилда Бухоро вилояти Адлия бошқармасида суд ижрочиси сифатида бошлаган. Фаолияти давомида Тошкент шаҳар прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти ходими (2004−2013), «Ўзпахтасаноат» акциядорлик жамияти юридик бошқармаси ҳуқуқшунос маслаҳатчиси (2018) сифатида ишлаган.

2018−2020 йилларда эса «Сафари Вогуэ» инновацион туризм кластери директор ўринбосари, 2020 йилдан мазкур МЧЖнинг бош директори лавозимида ишлаган.

Мавзуга оид