Ўзбекистон | 12:32 / 11.02.2022
39005
2 дақиқада ўқилади

Наманган вилояти ИИБ бошлиғи ишдан олинди, Қашқадарё вилояти ИИБ бошлиғи қатъий огоҳлантирилди

Наманган вилояти ИИБ бошлиғи, Андижон ва Самарқанд вилоятлари ЙҲХБ бошлиқларини ишдан олишга кўрсатма берилди. Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғига қатъий огоҳлантириш берилди.

Наманган вилояти ИИБ бошлиғи, полковник Одил Отахўжаев лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигидаги видеоселекторда маълум қилинди.

Шунингдек, Қашқадарё вилояти ИИБ бошлиғи Шуҳратжон Сотволдиевга қатъий огоҳлантириш берилган, Андижон ва Самарқанд вилоятлари ЙҲХБ бошлиқлари ишдан олинган.

Одил Отахўжаев 2017 йил ноябридан буён Наманган вилояти ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаётганди.  У 2015-2017 йилларда Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари бўлган.

Одил Отахўжаев

Шуҳратжон Сотволдиев 2019 йил октябрида Қашқадарё вилояти ИИБ раҳбарлигига тайинланганди. У муқаддам Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи бўлган.

Шуҳратжон Сотволдиев

«Хавфсиз ва равон йўл» тамойили асосида йўлларда инсон хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирларига бағишланган видеоселекторда маълум қилинишича, 2021 йилда Чироқчида 43 та, Наманган шаҳрида 42 та, Янгийўл туманида 34 та, Ургутда 28 та, Андижон туманида 20 та аварияда одамлар ҳаётдан бевақт кўз юмган.

Президентнинг маълум қилишича, ушбу туман ва шаҳар ҳокимлари, ички ишлар бошлиқлари ва прокурорлари ишдан олиниб, уч ой синов муддати берилди. Агар улар ушбу муддатда ўзгариш қилмаса, жавобгарликка тортилади.

Шу билан бирга, бундай фавқулоддаги ҳолатга нисбатан Олий Мажлис, маҳаллий кенгашлар депутатларининг овози эшитилмаётгани, Сенат, Қонунчилик палатаси, кенгашлар йўл ҳаракати хавфсизлигини бирор марта муҳокама қилмагани қайд этилди.

«Нимага ҳокимлар, ички ишлар, «ГАИ», транспорт соҳаси раҳбарларининг ҳисоботи эшитилиб, масъулияти кўриб чиқилмаган? Шунинг учун бу муҳим масала билан шахсан ўзим шуғулланишга мажбур бўлдим», деди давлат раҳбари.

 

 

Мавзуга оид