Нуқтайи назар | 18:39 / 26.04.2023
308306
5 дақиқада ўқилади

Ёпилганига 4 ой бўлган Давлат тили департаменти қайта очилди. Бу ўзини оқлайдими?

Маъмурий ўзгаришлар доирасида тугатилган Давлат тилини ривожлантириш департаменти фаолияти тикланмоқда. Департамент бундан аввалги 3 йиллик мавжудлиги даврида ўзининг аксар вазифаларини бажармаганди, энди бажарадими?

Давлат тилини ривожлантириш департаменти 2019 йил 22 октябрда президент фармони билан ташкил қилинганди. Департамент Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ташкил этилиб, тузилмада ходимларининг умумий чекланган сони 9та штат бирлигидан иборат бўлиши белгиланганди.

Ўшанда ташкилотга қуйидаги вазифалар юкланган эди:

  • давлат тилини ривожлантириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан мониторингни амалга ошириш;
  • давлат тилининг амал қилиши билан боғлиқ муаммоларни аниқлаш ва таклифлар бериш;
  • ўзбек тилининг ёзма нутқи меъёр ва қоидаларини ишлаб чиқиш ва лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини тўлиқ жорий этиш борасидаги ишларни жадаллаштириш;
  • илмий асосланган янги сўз ва атамаларни истеъмолга киритиш, замонавий атамаларнинг ўзбекона муқобилларини яратиш ва бир хилда қўлланишини таъминлаш, ва бошқалар.

Шундан кейин, ташкил қилинганига 3 йил тўлганда – 2022 йилнинг декабр ойида ҳукуматдаги маъмурий ўзгаришлар доирасида департамент ёпиб юборилди. Унинг функциялари бирор органга ўтказилмади.

Ташкилотлар одатда вазифасини бажариб, қиладиган иши қолмаса тугатилади, ёки жамиятга бирор нафи тегмаслиги маълум бўлганда ёпилиши мумкин. Лекин тил департаментининг нега тугатилгани ҳеч қаерда очиқлангани йўқ. Фикримизча, ташкилот ўзига юклатилган вазифаларнинг аксариятини бажармади.

Департамент ташкил қилинганда унинг олдига қўйилган вазифалар қаторига лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини тўлиқ жорий этиш ишларини тезлаштириш киритилганди. Бу эса алифбо ислоҳоти билан боғлиқ эди. «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида"ги Қонунга ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси муҳокама бўлди-ю, қумга сингандек йўқ бўлиб кетди.

Қолаверса, бир неча йилдан бери «Давлат тили тўғрисида»ги қонунга ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қонуннинг қабул қилинмай ётганига департаментнинг ҳеч қандай муносабат билдирмагани қизиқ. Охирги маълумотга кўра, давлат тилининг мақомини кучайтиришга қаратилган, Сенат томонидан маъқулланган қонун Қонунчилик палатасига қайтиб келган, 2022 йилнинг август ойида Қонунчилик палатаси бу масалани кўриб чиқишдан олиб ташлаш бўйича қарор қабул қилган.

Департамент олдига қўйилган яна бир вазифа – илмий асосланган янги сўз ва атамаларни истеъмолга киритиш, замонавий атамаларнинг ўзбекона муқобилларини яратиш эди. Бироқ улар буни ҳам қойиллатиб уддалагани йўқ. Ҳалигача чет тилдан кириб келаётган сўзларниниг қайси бирларидан расман фойдаланишни бошлашимиз мумкинлиги бўйича рўйхат йўқ. Ваҳоланки, бу ишлар борасида ҳам масъулият департаментда эди.

Ёки хорижий атоқли номларни ўзбек тилида қандай ёзиш масаласи ҳам ҳалигача очиқ турибди. Тилшунослар бу муаммо ҳал бўлиши учун ўзбек тилида орфоэпик, орфографик қоидалар ишлаб чиқилиши ва амалиётга татбиқ этилиши керак деб ҳисоблашади.

Бундан ташари, “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг рекламаларда давлат тили устунлигига урғу бериш тўғрисидаги банди танқидлар остида қолганда ҳам асосий вазифаси давлат тили устида ишлаш бўлган Давлат тилини ривожлантириш департаменти сукут сақлашни афзал кўрганди. Ҳатто, бу қонун 2022 йилнинг 8 сентябридан бери кучга кирган бўлса-да, ҳамон кўчалардаги реклама пештахталарида рус ва инглизча сўзлар қалашиб ётибди. Бу жараён устидан назорат ҳам айнан шу ёпилган ташкилотнинг вазифаси эди. Лекин бу орган 2022 йил охирида “маъмурий ислоҳот” доирасида тугатилганди.

2023 йил 20 апрелдаги фармон асосида, Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этиляпти. Департаментга 5 та штат ажратилган.

Энди савол туғилади, хўш шу вазифаларни бажаролмай ёпилиб кетган ташкилот қайта ташкил қилингани билан тилдаги муаммолар барҳам топадими? Янги ташкилот эскисидан қандай фарқ қилади?

Модомики департамент қайта очилаётган экан, биринчи галда аввало алифбо ислоҳотини охирига етказиши, «Давлат тили ҳақида»ги қонунга зарур ўзгартиришлар киритишни тезлаштириши, ўзбек тилининг ҳозиргидан мукаммалроқ имло қоидаларини ишлаб чиқишни пайсалга солмаслиги керак.

Зуҳра Абдуҳалимова, журналист

Мавзуга оид