Президент Шавкат Мирзиёев бундан буён секторлар фаолияти билан прокурор, ички ишлар ва солиқ шуғулланмаслигини таъкидлади. Бу ҳақда давлат раҳбари Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг 5 март куни бўлиб ўтган кенгайтирилган йиғилиши гапирди, дея хабар бермоқда президент матбуот котиби Шерзод Асадов.

«Саккиз йил аввал ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўйича секторлар фаолияти йўлга қўйилган эди. Бу тизим йиллар давомида йиғилиб қолган ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этиб, вазиятни ўнглаш учун барча кучларни сафарбар этишга кўмаклашди», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент шу билан бирга сўнгги йилларда ҳудудлар салоҳияти бир неча карра ошганига қарамай, кейинги пайтда прокурор, ички ишлар ва солиқ раҳбарлари секторни баҳона қилиб, соҳасидаги ишларни сусайтириб юборганини танқид қилди.

Шунингдек, давлат раҳбари ҳар бир маҳаллага профилактика инспектори бириктирилганини, лекин туман ички ишлар бўлимларининг янги тизимда ишлаши кузатилмаётгани, профилактика инспектори фаолиятига баҳо берилмаётганини қайд этиб ўтди.

«Баъзи ички ишлар бошқармалари ва бўлимлари раҳбарияти оғир маҳаллалар билан тизимли шуғулланмаяпти, уларнинг профессионаллиги ва меҳнатга садоқати сезилмаяпти», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент, шунингдек, солиқ идоралари ходимлари ҳар бир маҳаллага бириктирилгани билан тушумлар кескин ошмагани қайд этди.

«Масалан, минглаб корхона ҳисоботларида бирорта ҳам ходим йўқ деб кўрсатган бўлса, яна минглаб корхона 2 ёки 1 нафар ишчи кўрсатмоқда. Бу солиқ идоралари яширин иқтисодиёт билан суст ишлаётганидан далолат», — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари, шунингдек, инсофли тадбиркорларга қўшилган қиймат солиғи 7 кун ичида қайтариб берилиши белгиланганини, бироқ, солиқ раҳбарлари тадбиркорларнинг 487 млрд сўмлик 2,5 мингга яқин мурожаатини ўз вақтида кўриб чиқмаганини айтди.«Бундан буён секторлар фаолияти билан прокурор, ички ишлар ва солиқ шуғулланмайди. Уларнинг ўрнига эндиликда бош вазир ўринбосарлари ўзига тегишли соҳалар билан ўз кучи ва тизими билан шуғулланади», — деди президент.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев камбағаллик, ижтимоий ҳимоя, тадбиркорлик бўйича ислоҳотларда ҳар бир инсонга етиб борадиган иш ташкил этилаётганини айтди. У энди бу иш услуби туман ва маҳаллада жиноятчиликни жиловлаш, коррупцияни олдини олиш бўйича ҳам жорий қилинишини қайд этди.