Ўзбекистон | 10:00 / 12.04.2025
29126
15 дақиқада ўқилади

Сирли эшиклар ва яширин йўлаклар: Тошкент метроси хавфсиз бошпана бўла оладими?

Кундуз куни одамлар билан гавжум бўладиган метрода тунда ҳам ҳаёт қайнаши ҳақида билармидингиз? Туннеллар орасида яширин йўллар борлиги-чи, ҳеч қулоғингизга чалинганми? Балки сиз ҳам бекатларда яширин эшик ва сирли йўллар бор деб ўйларсиз. Хўш, бу ҳақиқатга қанчалик яқин? Кun.uz жамоаси метронинг 1 суткалик фаолиятини кузатиб, унинг шу вақтгача ноаён бўлган кўплаб жиҳатларини ўрганди.

1977 йилнинг 6 ноябр куни Марказий Осиёдаги илк метро тизими – Тошкент метрополитени йўловчилар учун ўз эшикларини очди. Мана, 47 йил ўтибдики, у пойтахт авто ҳаётидаги муҳим транспорт воситаси сифатида ўз ўрнини йўқотмай, шаҳардаги тирбандликларни камайтиришга ҳисса қўшмоқда.

Ушбу ер ости транспортида дастлаб, "Чилонзор" йўналишида 9 та бекат мавжуд эди. Йиллар давомида тармоқлар кенгайиб, 1984 йилда "Ўзбекистон" йўналиши, 2001 йилда "Юнусобод" йўналиши ишга туширилди. 2020 йилда эса "Ер усти ҳалқа йўли" йўналиши фойдаланишга топширилди ва шу тариқа йўналишлар сони тўрттага етди. Ҳозирда Тошкент метроси 71 км узунликдаги йўллари ва 50 та бекати билан шаҳарнинг турли нуқталарини ўзаро боғлаб турибди. Унинг ёрдамида атиги 3 минг сўм эвазига шаҳарнинг у четидан бу четига таксида юргандан кўра тезроқ етиб олиш мумкин: бу орқали ҳам вақтингизни тежайсиз, ҳам нақдингизни.

Тошкент метроси дунёдаги энг арзон метролардан бири. Бироқ унинг бекатлари жаҳондаги энг йирик метро – Шанҳай метросидан ҳам ҳашаматлироқ, Ню Йорк метросидан хавфсизроқ, Париж метросидан тозароқ, Москва метросидан тинчроқ. Мустаҳкамлиги-чи дейсизми?

Зилзилага бардошлилиги Токио ва Истанбул метроларидан кам эмас. Ер ости ва ер усти йўллари сейсмик зонада жойлашгани сабабли ер қимирлашига чидамли конструкция асосида қурилган ва қалин бетон қатламлар билан қопланган. Баъзи бекатлари ер остидан бир неча метр пастда жойлашга бўлса-да, у ерда ҳатто заҳ ва намликни деярли сезмайсиз. Бир сўз билан айтганда, пойтахт метроси юқори чидамлилик асосида узоқ йиллар давомида фойдаланишга мўлжаллаб барпо этилган.

Мана, ярим асрга яқин вақт ўтяптики, энг биринчи қурилган бекатларнинг ноёб архитектурасига шикаст етмаган, илк марта фойдаланишга топширилгандаги ҳолатини сақлаб қолган. Иш бошлаган вақтимизда метро котлован ҳолатида эди. Ушбу иншоот очиқ метод асосида лойиҳалаштирилган, гидрогеологик шароит тақозоси билан станциялар ер юзидан чуқур бўлмаган ҳудудда қурилган. Жараёнда 99 фоиз маҳаллий қурилиш маҳсулотлари ишлатилган, улар орасида мустаҳкамлиги ва чидамлилиги билан ажралиб турувчи табиий тошлар ҳам мавжуд. Масалан, “Лангар”, “Севаса”, “Лабрадорит” гранитлари юриш йўлакларида қўлланган, бу тошлар ишқаланиш коэффициенти энг юқори материаллардан бўлиб, одамлар унинг устида интенсив равишда қанча кўп ҳаракатланса, 150-200 йилгача ўз сифатини йўқотмай туриши мумкин. Устунларда Нурота мармарлари қўлланган. Станцияларнинг йўналиш деворлари эса керамик сопол бўлаклар билан безатилган.

Совет иттифоқи даврида Ўзбекистонда биринчи марта метро қурилишида ноу-ҳау сифатида темир-бетон конструкциялар қўлланган. Унгача ҳеч қайси давлатда бу усулдан фойдаланилмаган. Тошкент метроси мазкур тажрибаси кейинчалик бошқа давлатлардаги метро қурилишига андоза бўлган”, – дейди “Союзметроспесстрой” ва “ТошМетроҚурилиш” трестларида иш бошқарувчи сифати фаолият юритган инженер-қурувчи Собир Шермуҳаммад.

Йўловчиларни тез ва осон манзилига етказувчи Тошкент метроси нафақат мустаҳкамлиги, балки хавфсиз экани билан ҳам ўзига хосдир. Бекатларга киришингиз билан тартибли муҳит ва технологиялар асосида ташкил этилган назорат тизими эътиборингизни тортади: аввал металл детекторлардан ўтасиз, сўнгра хавфсизлик ходимлари қўл юкларингизни текширади. Ҳар бир бекатда кузатув камералари ўрнатилган, йўловчиларнинг хавфсизлиги доимий равишда назорат қилинади. Ҳатто, эскалатор фаолиятини кузатиш учун ҳам алоҳида ходим ажратилган.

Эскалатордан фойдаланаётган ота-оналар ёш болаларининг қўлидан ушламай, уларни эркин қўйиб юборади, эҳтиётсизлик натижасида болалар йиқилиб тушади. Баъзида кекса йўловчиларнинг боши айланиб, тоби қочиб қолади. Шунингдек, кийим этаги эскалатор зинасига кириб кетиши каби турли вазиятлар учрайди. Ана шундай пайтларда одамларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун эскалаторни тўхтатамиз ва биринчи ёрдам кўрсатамиз. Йўловчиларнинг диққатини ошириш учун огоҳлантириш ёзувларини қўямиз. Одамлар йўқ пайтда қурилмани ўчирамиз, йўловчилар яқинлашганда ишга туширамиз, бу эса электр энергиясининг тежалишига хизмат қилади”, – дейди эскалатор кузатувчиси Маҳбуба Турдиалиева.

Маълум қилинишича, айни вақтда ер ости бекатларида техник жиҳатдан эскирган эскалаторларни янгисига алмаштириш ишлари амалга оширилмоқда. “Халқлар дўстлиги” ҳамда “Новза” бекатларига замонавий эскалаторлар ўрнатилган, “Пахтакор”, “Мустақиллик майдони”, “Ҳамид Олимжон” бекатларида жараёнлар давом этмоқда.

Ҳозирга келиб Тошкент метросини ҳар куни миллиондан ортиқ йўловчи ўзи учун қулай транспорт воситаси сифатида танлайди, яъни метрополитеннинг кунлик одам ташиш ҳажми 1 миллиондан ошган. Тасаввур қиляпсизми, тонг саҳар 05:00 дан фаолиятини бошлайдиган бекатларда кечки соат 00:00 гача яъни 17 соат давомида Ўзбекистон аҳолисининг 2,7 фоизи ҳаракатланади.

Йўловчи оқими кўпайгани сабаб ерости бекатларидаги 2-вестибюли ёпиқ бўлган 5 та бекатнинг (“Миллий боғ”, “Юнус Ражабий”, “Ғафур Ғулом”, “Ўзбекистон” ва “Машинасозлар”) вестибюлларини очиб, ишга тушириш, шунингдек, 9 та бекатда она ва бола хонаси ҳамда ҳожатхоналар қуриш режалаштирилган.

Тошкент метросида нафақат замонавийлик, балки ўтмишнинг ҳам нафаси уфуради. “Тинчлик” бекати ноёб қандиллари билан инсонни ўзига ром этса, ундан икки бекат аввалда жойлашган “Пахтакор” станцияси нафис ганч ўймакорлиги ва мозаикалари билан ноёб саналади. Носталгиа кайфиятни берадиган атмосфераларни “Алишер Навоий”, “Космонавтлар”, “Беруний”, “Чилонзор”, “Бодомзор” бекатларида ҳам учратишингиз мумкин.

Энг гавжум бекатлар “Алишер Навоий”, “Пахтакор”, “Амир Темур хиёбони”, “Чилонзор” бекатлари бўлиб, иш ва ўқиш бошланиш ёки тугаш вақтида бу ерда бўлиб қолсангиз, ўзингизни гўё Ҳиндистондаги тирбандликларга тушиб қолгандек ҳис қиласиз.

“Туркистон”, “Миллий боғ”, “Мирзо Улуғбек”, “Тинчлик” бекатлари эса йўловчи сони нисбатан кам бўлган бекатлардан – шаҳар марказида жойлашганига қарамай, бу ерда диққинафас тирбандликларни деярли кузатмайсиз.

Умумий олганда, айрим вақтда одамлар ҳосил қиладиган тирбандликлар, тартибсизликлар ва баъзи нохуш ҳидлар билан боғлиқ вазиятлар сизни қийнамаса, метрода юриш деярли ноқулайлик туғдирмайди. Тўлов усуллари ҳам қулай, ҳозир аввалгидек кассалар олдида навбат кутиб турмайсиз, шахсий пластик ёки транспорт карталарингиз орқали бемалол тўловни амалга оширишингиз мумкин. Ҳамёнингизни уйда унутиб қолдирадиган бўлсангиз, мобил илова ёки face-ID, palm-ID орқали ҳам йўл ҳақини ўтказиш имконияти мавжуд.

Эрталаб ишга шошаётганингизда ёки кечқурун чарчоқ билан поезд кутаётганингизда – вақт энг муҳим омилга айланади. Ана шундай пайтларда вагонлар тўлиб келиши-ю, унга чиқмай кейингисини кутишга мажбур бўлиб қолиш одамни бироз хуноб қилади. Бу каби ноқулайликни бартараф этиш учун сўнгги уч йилда поездлар қатнови оралиқ вақти, яъни интервал аввалгига нисбатан қисқарган. Хусусан:

  • “Чилонзор” йўналиши - 1,5 дақиқага;
  • “Ўзбекистон” йўналиши - 3 дақиқага;
  • “Юнусобод” йўналиши - 4 дақиқага;
  • “Ер усти ҳалқа йўли” йўналиши - 9 дақиқага камайган. Аммо шунга қарамай, баъзи пайтларда поездларнинг етиб келиш вақти кечикиб қолади. Метрополитен матбуот котиби Тўйчи Мирзаев бу ҳолатнинг қандай омилларга боғлиқ бўлишини тушунтириб берди:

Баъзан йўловчилар томонидан турли буюмлар вагонларда унутиб қолдирилади. Аксар ҳолларда унинг ичида нима борлигини билиб бўлмайди. Бундай вазиятларда йўловчилар энг яқин бекатга туширилиб, поезд захира ҳаракатланиш йўлига ўтади, хавфсизликни таъминлаш мақсадида одамлардан узоқроқ зонага бориб, унутилиб қолдирилган сумка ёки буюмлар текширилади ва расмийлаштирилиб, буюмларни сақлаш хонасига жўнатилади. Айнан шундай ҳолатлар туфайли поездлар кечикиши кузатилиши мумкин. Йўналишлараро ҳаракатланиш интерваллари эса бекатлардаги одамлар сони билан боғлиқ бўлади, йўловчилар қанча кўп бўлса, интервал шунча қисқа бўлади”, – дейди Тўйчи Мирзаев.

Йўловчилар учун метронинг энг катта афзаллиги – унинг ҳеч қачон “пропка”ларда қолиб кетмаслигида. Ёмғир бўладими, қор ёғадими, метро ҳар доим жадвалга мувофиқ ҳаракатланади. Айниқса, эрталабки тиғиз пайтларда вақт йўқотишни истамаганлар учун ушбу транспорт воситаси энг қулай ечим бўлади. Кечикишларсиз ҳаракатланиши шарт бўлган ер ости ва ер усти транспортини бошқариш ҳам катта масъулиятни талаб этиши шубҳасиз. Бу каби масъулиятли жараённи ҳар куни бошидан ўтказадиган ва ҳатто президент чиққан вагонни ҳам бошқарган машинист ўз иши ноодатий воқеаларга бой бўлиши, жараёнда катта эътибор талаб этилиши ҳақида сўзлаб берди:

Мен учун Тошкент кўчаларида машина ҳайдашдан ер остида поезд бошқариш осонроқ, сабаби йўлларда тирбандликлар бўлмайди. Аммо жараёнда ишдан чалғимаслик, диққатли бўлиш зарур, негаки поезднинг станциялар оралиғида белгиланган тезликда ўз вақтида ҳаракатланиши, одамларнинг хавфсизлигини таъминлашга жавобгармиз.

Баъзан йўловчиларнинг вагон ичида аҳволи ёмонлашиб, ҳушидан кетиш ҳолатлари учраб туради. Бундай пайтларда энг яқин станцияга тўхтаб, биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатамиз. Вагонларга ўрнатилган алоқа тизимлари орқали одамлардан ҳазиломуш мурожаатлар ҳам келиб туради: кимдир “тезроқ юринг, уйда хотиним кутяпти” деб бақирса, кимдир яшаш учун квартира сўрайди – бунақа вазиятлар фақат ва фақат машинистнинг вақтини олиб, уни чалғитишга хизмат қилади холос”, – дейди поезд бошқарувчиси.

Тошкент метросида бекатлар доимо озода сақланади, поездлар эса соат механизми каби аниқ ҳаракатланади. Лекин бу тартиб ўз-ўзидан юзага келмайди. Метронинг узлуксиз ва тартибли хизмат кўрсатиши ортида 6000 га яқин инсоннинг меҳнати туради. Уларнинг орасида энг хавфли жараёнлар билан боғлиқ вазифаларни метронинг юраги бўлмиш депо ҳудудидагилар бажаради. Депо – поездлар дам оладиган ва эрта тонгда уйғонадиган жой бўлиб, у ерда вагонлар таъмирланади, ҳаракатга чиқишидан аввал текширувдан ўтказилади.

Поездлар ҳаракатланиш вақтида уларнинг ғилдиракларида силжиш, болтларининг бўшаши каби носозлик ҳолатлари юзага келади. Кун давомида вагон бирикмалари параметрларини текширамиз: механик ва электр ўлчовларни амалга ошириб, ғилдирак жуфтликларидаги носозликларни ўрганамиз. Қисмларда бирор муаммо аниқланса, зудлик билан тузатилади, сабаби механик қисмлар поездларнинг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга”, – дейди депо ходимаси Марҳабо Бердиева.

Бошқа бир депо ходимининг айтишича, кўпинча қулоқчинлар ва аёллар пошнаси каби буюмлар тиқилиб қолиши оқибатида вагон эшиклари носоз ҳолатга келади. Шу сабаб ҳар 12 кунда вагон ичи текширилиб, эшикларнинг очилиш-ёпилиши, ойна ва ушлагичлар назоратдан ўтказилади, болтларининг бўшаб қолган қисмлари мустаҳкамланади.

Метрополитен ҳудудининг кўпчиликка таниш бўлмаган қисми – диспетчерлик маркази. Бу ерни “метрополитеннинг ақли” десак ҳам адашмаймиз. Диспетчерлик марказида ҳар бир поезднинг аниқ жойлашуви махсус мониторлар ва GPS тизимлари орқали кузатилади. Поездларнинг вақт жадвалига мос ҳаракатланиши таъминланади, ҳар бир бекатда тўхташ ва жўнаш вақтлари каби ишлар назорат қилинади. Фавқулодда ҳолат ёки техник носозлик юзага келса, диспетчерлик маркази томонидан поездлар ҳаракати тўхтатилиб, йўловчиларни хавфсиз ҳудудга кўчириш ва фавқулодда ёрдамни ташкил этиш ишлари амалга оширилади.

Кўпчиликка маълум, совет даврида қурилган Тошкент метроси фақат транспорт воситаси сифатида эмас, фавқулодда вазиятларда бошпана бўлишга ҳам мўлжалланган дейилади. Хўш, метро ҳақиқатан бундай ҳолатларга бардошлими? Ва бекатларда ростдан яширин йўлаклар борми? Метро масъули бу саволларга жавоб берар экан, бекатлардаги эшикка ўхшаш қисмлар ортида ҳеч қандай сирли йўлаклар мавжуд эмаслигини маълум қилди.

Метро туннелларига турли кабел ва симлар ўрнатилган. Бекатлар дизайнини бузмаслик мақсадида улар деворлар ортидан ўтказилган. Ҳаракатланиш деворларидаги эшиклар ортида ҳеч қачон сирли йўл ёки яширин туннеллар мавжуд эмас, у ерда кабелларга техник хизматлар кўрсатилади. Тошкент метросининг иншоотлари, айниқса, ер ости бекатлари мустаҳкам конструкцияларга эга ва юқори даражада ҳимояланган – табиий офатлар, масалан, зилзила ёки ёнғиндан ҳимоя қилишга мўлжалланган, шу сабаб метро фавқулодда ҳолатларда бошпана сифатида ишлатилиши мумкин”, – дейди метрополитен матбуот котиби.

Инженер-қурувчи Собир Шермуҳаммаднинг айтишича, Тошкент метроси фуқаро мудофааси объекти сифатида барпо этилган уникал объект ҳисобланади.

Иншоот мустаҳкам конструктив элементларга эга бўлиб, 9 балли зилзилага бардош бера олади. Буни йиллар ўтса ҳам метро станцияларининг таъмир ҳолатига келмагани тасдиқлайди – табиий емирилиш ёки эскириш ҳолатлари йўқ. Бундан ташқари, метронинг мустаҳкам дарвозалари мавжуд, фавқулодда ҳолатларда эшиклар ёпилса, бекатлар герметик ҳолатга келади ва натижада метро зарб тўлқинлари ва радиация каби таҳдидлардан одамларни ҳимоя қила олади”, – дейди у.

Кўрсатувнинг тўлиқ қисмини Kun.uz YouTube каналида томоша қилишингиз мумкин.

Муаллифлар: Диёрахон Набижонова, Иброҳим Самадов
Операторлар: Зияддин Маматжонов, Абдуллоҳ Ҳасанов
Монтаж устаси: Абдуллоҳ Ҳасанов.

Мавзуга оид

Эълонлар

“Uzbekinvest"да глобал иқтисодий трендлар муҳокамасига бағишланган Илмий-амалий кенгашнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани

“Uzbekinvest"да глобал иқтисодий трендлар муҳокамасига бағишланган Илмий-амалий кенгашнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани

“Uzbekinvest"да глобал иқтисодий трендлар муҳокамасига бағишланган Илмий-амалий кенгашнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани