Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ишга тушадиган “эскроу”, тиббиёт ходимларига имтиёз ва бошланадиган “эко-стикер”лар даври – 1 январдан нималар ўзгаради?
Kun.uz сайти ўз анъанасига мувофиқ, 2026 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон қонунчилигида рўй берадиган айрим ўзгаришларни эслатиб ўтади.
Ишга тушадиган “эскроу”
Ўзбекистонда уй-жой хариди билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари кўп учрайди. Бунга 1 766 киши жабрланган “Credit House” ишини, “System Metall Stroy”нинг “Prestige” лойиҳаси ортидан 4 йилдан буён сарсон юрган 147 та оилани ва бошқа кўплаб ҳолатларни мисол сифатида келтириш мумкин.
Президентнинг тегишли фармони билан қурилишда молиявий интизомни кучайтириши ва мижозлар учун хавфсиз муҳит яратиши мақсадида эскроу тизими жорий этилган. Унга кўра, 2026 йил 1 январдан эътиборан барча қурувчилар улуш киритиш асосидаги лойиҳаларини эскроу тизими орқали амалга ошириши мажбурий бўлади.
Эскроу тизими қандай ишлайди? Мижозлар ҳали битмаган уй учун пулни қурувчига тўламасдан, банкдаги эскроу ҳисобрақамига қўяди ва бу пуллар токи уй битмагунча қурувчининг қўлига берилмайди. Бунда банклар эскроу ҳисобварағида улушдорларнинг пуллари тургани сабабли қурувчига арзонроқ ставкада кредит беради.
Бу дунё амалиётида синовдан ўтган яхши тажриба. Масалан, 2019 йил ёзидан бошлаб Россия қурилиш соҳасида ҳам ушбу тизимга ўтилди. Қурилиш корхоналари улуш киритиш асосидаги шартномалардан эскроу ҳисобрақами асосидаги молиялаштиришга ўтди. Чунки Россияда ҳам қурувчи билан тўғридан-тўғри шартнома имзолаб, кейинчалик, компаниянинг ўз мажбуриятини бажармаслиги оқибатида минглаб одамлар пулига куйиб қолаётган ҳолатлар фалокатли даражада кўпайиб бораётганди. Эскроу тизими жорий этилгач, бу ҳолатларга деярли барҳам берилган.
«Экологик транспорт» тизими жорий этилади
2026 йил 1 январдан бошлаб Тошкент шаҳрида «Экологик транспорт» тизими биринчи босқичда жорий этилади. Бу ҳақда ҳукуматнинг тегишли қарорида келтириб ўтилган.
Ҳужжатга кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб республикада ишлаб чиқарилаётган автотранспорт воситаларининг техник ҳужжатларида уларнинг экологик синфи кўрсатилади. Бунда сотувга чиқарилаётган автотранспорт воситалари электрон ҳисоб-маълумотномаларида уларнинг экологик синфлари тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилади.
«Экологик транспорт» тизимга оид қоидалар бузилганда жарималар қўллаш 2 йилдан сўнг бошланади.
“Эко-стикер”лар уч хил — яшил, сариқ ва қизил рангда бўлади. Дастлаб машинаси сариқ ёки қизил стикер олган ҳайдовчи стикерлар рангини ўзгартириш ҳуқуқига эга. Барча ҳудудларда диагностик марказлар фаолияти йўлга қўйилган. Сариқ ёки қизил стикер олган фуқаролар транспорт воситаларини шу диагностик кўрикдан ўтказиб, стикерлари рангини ўзгартириши мумкин бўлади.
Масалан, қизил стикерли автомашиналар тоза ҳудудга кирмоқчи бўлганида бевосита хабар берилади. Чунки транспорт воситалари тўғрисидаги маълумотлар ва ҳисоботлар Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимида электрон тарзда юритиб борилади. Бу борада ягона электрон тизим мавжуд.
Ҳукумат қарори билан автотранспорт воситаларидан чиқариладиган ифлослантирувчи моддалар ташламаларининг атмосфера ҳавосига зарарли таъсири бўйича йўл қўйиладиган нормативларга мослиги даражасини аниқлаш, уларни экологик тоифаларга ажратиш ҳамда экологик стикерларни бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган.
Унга кўра, транспорт воситалари учун биринчи марта, шунингдек, бир йил ичида бир маротаба қайта экологик тоифани белгилаш, шу жумладан, диагностик текширувдан ўтказиш ва экологик стикер бериш алоҳида тўлов ундирилмасдан амалга оширилади. Шундан кейин ҳар бир қайта диагностика текширувидан ўтказиш ва натижалари бўйича янги экологик стикер олиш хизматлари тўлов асосида кўрсатилади. Бунда қайта диагностика текширувини ўтказиш билан боғлиқ кўрсатилган ҳар бир хизмат учун тўлов миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида белгиланади.
Ишлаб чиқарувчи томонидан экологик синфи («Евро» ва унга муқобил бошқа турдаги стандартлар) тасдиқланган транспорт воситаларини рўйхатга олиш ва қайта рўйхатга олишда уларни диагностика текширувидан ўтказиш талаб этилмайди.
Экологик стикерлар муддатсиз даврга берилади. Айрим ҳолларда, масалан, экологик стикернинг шикастланиши ёки рангининг ўчиши натижасида ундаги транспорт воситасининг давлат рақамини ўқиш имкони бўлмаганда, транспорт воситасининг олд ойнаси яроқсиз ҳолга келганда экологик стикерлар тўлов асосида қайта расмийлаштирилиши мумкин.
Тиббиёт ходимларига имтиёз
2025 йил 9 ноябрда давлат раҳбарининг “Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида”ги қарори қабул қилинганди. Ҳужжат билан тиббиёт ва фармацевтика ходимларига қатор имтиёзлар берилмоқда.
Қарорга кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб давлат тиббиёт муассасаларида Жамғарма маблағлари ҳисобидан:
- туман (шаҳар) даражасида янги даволаш усулларини жорий қилган ва унинг ижобий самарасига эришган туман (шаҳар) тиббиёт муассасалари шифокорларига базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти берилади;
- давлат тиббиёт муассасаларида камида 15 йил иш стажига эга бўлган тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг фарзандларига республика ҳудудидаги олий таълим ташкилотларида бакалавриат таълим йўналиши бўйича йиллик контракт суммасининг 30 фоизи миқдоридаги, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 бараваридан ошмайдиган қисми қоплаб берилади;
- тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг халқаро илмий-техник маълумотлар базасида индексланувчи ва юқори импакт-факторли журналларда мақолаларни чоп этиш билан боғлиқ харажатлари тўлиқ қоплаб берилади;
- ҳар йили давлат тиббиёт муассасаларида камида 15 йил иш стажига эга бўлган 500 нафар тиббиёт ва фармацевтика ходимларини уй-жой билан таъминлаш учун ипотека кредити асосида сотиб олинадиган уй-жойнинг дастлабки бадал тўловининг 25 фоизи қоплаб берилади.
Йил бошидан миллий аккредитациядан ўтган давлат тиббиёт муассасалари ходимларига лавозим маошининг 10 фоизи миқдорида ойлик устама ҳам тўланади.
Шунингдек, 2026 йил 1 январдан бошлаб давлат тиббиёт муассасаларида камида 3 йил иш стажига эга бўлган ходимларга давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бир йилда бир маротаба бепул юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш, 15 йил иш стажига эга бўлган ходимларга Касаба уюшмалари федерацияси ҳамда тиббиёт муассасасининг маблағлари ҳисобидан бир йилда бир маротаба республика ҳудудидаги санаторийларга бепул йўлланма бериш, барча турдаги давлат хизматлари учун тўловлар миқдорини икки баробар камайтириш каби қўшимча имтиёзлар тақдим қилинади.
Мопед ва скутер ҳайдовчиларидан “права” сўралади
2026 йил 1 январдан Ўзбекистонда мопед ва скутерларни давлат рўйхатидан ўтказиш шарт бўлади ва уларни бошқариш учун ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб этилади. Бу ҳақда ҳукуматнинг 2025 йил 25 октябрдаги қарорида келтирилган.
Ҳужжатга кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб мопед ва скутерларни, шунингдек, энг юқори конструктив тезлиги соатига 25 километрдан ошмайдиган, иш ҳажми 25 см3.гача бўлган ички ёнув двигателига эга ёки номинал қуввати 0,25 киловаттгача бўлган кичик ҳажмдаги мототранспорт воситаларини бошқариш учун «А1» ҳайдовчилик гувоҳномаси жорий этилади. Индивидуал ҳаракатланиш воситалари бундан мустасно.
Шунингдек, 2026 йил 1 январдан бошлаб:
- «А1» кичик тоифадаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берадиган миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун талабгорларга ҳайдовчиларни тайёрлаш мажбурий ўқув дастурини ўтамасдан туриб, тўғридан-тўғри назарий ва амалий имтиҳонларни топшириш ҳуқуқи берилади. Бунда талабгорлар ўзларининг ихтиёрига кўра ўқув курсларида (онлайн ёки офлайн шаклда) ўқиши ёхуд мустақил тайёрланиши мумкин бўлади. Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун талабгорлардан ҳайдовчиларни тайёрлаш ўқув дастури бўйича ўқишни тугатгани ҳақида гувоҳнома талаб этилмайди;
- «А», «B», «C», «D» тоифадаги автомототранспорт воситаларидан бирини бошқариш ҳуқуқини берувчи миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган шахслар «А1» кичик тоифадаги транспорт воситаларини тўғридан-тўғри бошқариш ҳуқуқига эга бўлади;
- «А1» кичик тоифадаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берадиган миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий имтиҳонда 20 та электрон (анимацион) тест саволларидан камида 16 тасига тўғри жавоб берган ҳайдовчиликка номзодлар «назарий имтиҳонни топширган» деб ҳисобланади ва амалий имтиҳонга қўйилади;
- имтиҳонларни муваффақиятли топширган шахсларга «А1» кичик тоифага кирадиган транспорт воситаларини бошқаришга рухсат берилганлиги тўғрисида маълумот акс этган миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси берилади.
Бошқа ўзгаришлар
2026 йил 1 январдан бошлаб:
- ҳар 5 йилда камида бир маротаба Ҳисоб палатаси фаолиятини ташқи баҳолашдан ўтказиш амалиёти жорий этилади;
- давлат ижтимоий суғуртаси доирасида барча иш берувчилар, шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари томонидан ходимларга бериладиган барча турдаги таътилларни, шунингдек, фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномаларни «ЯММТ» ИДАКда рўйхатга олиш тизими йўлга қўйилади;
- давлат ижтимоий суғуртасининг янги тизими жорий этилади;
- Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги таълим муассасаларида беш кунлик таълим жараёни йўлга қўйилади. Шанба куни барча фан ўқитувчилари учун «Касбий ривожланиш куни» этиб белгиланади;
- 2026 йил 1 январдан 1 июлга қадар эксперимент тариқасида Тошкент шаҳрининг Учтепа ва Миробод туманларида қабристон ҳудудидаги пломбаланган турғун металл қутиларда хайр-эҳсонларни йиғишни нақд пул кўринишида амалга ошириш тартиби бекор қилинади. Турғун металл қутиларга ўрнатилган QR-код тасвири воситасида банк пластик карталари орқали нақд пулсиз онлайн шаклда ихтиёрий хайр-эҳсонларни амалга ошириш жорий этилади;
- чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектларига озуқабоп экинларни етиштириш учун электрон онлайн аукцион савдолари орқали ер участкаларини ижарага олиш ҳуқуқини сотиб олиш учун ҳисобланган тўловларни 5 йил муддатда тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади;
- «HAMROH» тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш дастури доирасида хотин-қизларнинг тадбиркорлик лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча инструментлар жорий этилади;
- қўриқловга олинган банклар, йирик ишлаб чиқариш корхоналари, маҳаллий ҳокимликлар ва бошқа объектларнинг фуқаролар кириш ва чиқиш жойларига уларнинг ўз маблағлари ҳисобидан Ички ишлар вазирлигининг «Хавфсиз шаҳар» тизимларини ривожлантириш маркази» давлат муассасаси томонидан босқичма-босқич шахснинг юзини таниб олиш имкониятига эга техник воситалар ўрнатилиб, тегишли ахборот базалари билан интеграция қилинади;
- «Бизнесни 15 дақиқада бошлаш» тамойили асосида тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишда бир вақтнинг қўшимча хизматлар кўрсатиш тартиби жорий этилади;
- жисмоний шахслар томонидан кўчмас мулкларни ижарага беришдан олинган даромад бўйича тўланган солиқ тўлиқ миқдорда мулк жойлашган туман (шаҳар) маҳаллий бюджетларига йўналтирилади;
- давлат бошқарувини рақамли трансформация қилиш ва самарадорлигини оширишга қаратилган «Бюрократияни бартараф этиш — 2030» дастури ишга туширилади;
- тўлов воситаси сифатида барқарор токенлар айланмасини тартибга солишнинг махсус ҳуқуқий режими («тартибга солиш қумдони») жорий этилади. Шунингдек, 2026 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган юридик шахслар томонидан токенлаштирилган акция ва облигацияларни эмиссия қилишга рухсат берилади;
- паралимпия спорт турлари бўйича республика терма жамоаларини шакллантиришнинг янги тартиби жорий этилади;
- Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида муддати 6 ойгача бўлган қайта тайёрлаш дастурлари жорий этилади;
- вилоят, туман (шаҳар) шахсий таркиб ҳужжатлари давлат архивлари тугатилади ҳамда мазкур архивларнинг вазифа ва функциялари Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар марказий давлат архивлари, вилоят, туман (шаҳар) давлат архивларига ўтказилади. Барча вазифа ва функциялари ҳамда ходимларнинг амалдаги меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари сақланган ҳолда ҳудудий давлат архивларининг алоҳида юридик шахс мақоми тугатилади;
- «Pharma.gov.uz» порталида давлат харидлари соҳасида фойдаланиладиган товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) миллий классификаторидан фойдаланиб ҳамда харидлар ҳажмларини кўрсатган ҳолда, барча фармацевтика маҳсулотларининг реестри жамоатчилик учун эълон қилиб борилади;
- меҳмонхонани қўшимча бино ва иншоотлар қуриш орқали кенгайтириш ёки мавжуд бино ва иншоотларнинг ихтисослашишини меҳмонхона фаолиятига ўзгартириш учун кетган харажатларининг бир қисмини давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш тизими жорий қилинади;
- «Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман (шаҳар)» мақомидаги 33 та туман (шаҳар)да фаолият юритувчи давлат органларида кадрлар ротацияси тизими жорий этилади;
- кам учрайдиган (орфан) ва бошқа ирсий-генетик касалликларга чалинган 18 ёшдан 21 ёшгача бўлган (21 ёш ҳам киради) беморлар давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бепул тиббий кузатувда бўлади ва даволаниш ишлари давом эттирилади;
- Америка Қўшма Штатлари фуқаролари учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирган кундан бошлаб 30 кунгача муддатга визасиз режим белгиланади;
- ёшларнинг сунъий интеллект технологияларига қизиқишини янада ошириш ва рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг соврини учун «Сунъий интеллект йўналишида энг яхши стартап» (President AI Award) танлови ўтказилади;
- республика даражасидаги давлат органлари ва хўжалик бирлашмаларининг марказий аппаратларида ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимликларида бошқарув ходимларининг белгиланган умумий чекланган сони доирасида раҳбарнинг маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилади;
- иссиқхона фаолиятидан олган даромадлари жорий ҳисобот даври якунлари бўйича жами даромадининг камида 60 фоизини ташкил этган тадбиркорлик субъектлари учун 2028 йил якунига қадар ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз этиб белгиланади;
- барча давлат идоралари ва ижтимоий соҳа муассасалари бинолари фақат энергия самарадорлик тамойиллари асосида қурилади ва модернизация қилинади;
- Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги томонидан ер қаъридан ўзбошимчалик билан фойдаланиш, шу жумладан, рухсатномада кўрсатилган ҳудуддан ташқарига чиқиш, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳамда уларда бино ва иншоотлар қуриш, мавжуд чиқиндиларни сақлаш жойларида белгиланган ҳудуддан ташқарига чиқиш ҳолатларни аниқлаш мақсадида йилига камида уч марта давлат космик мониторинги ўтказилади;
- бошлаб фуқароларнинг ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўйича мурожаати, маҳаллалардаги оилалар ва аҳоли маълумотларини юритиш ҳамда маҳаллаларда аҳоли билан ишлаш жараёнлари «Рақамли маҳалла» платформаси орқали амалга оширилади;
- ҳар йили умумтаълим мактаблари ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун «Илғор муҳандислик мактаби» миллий танлови ўтказилади;
- «Vakolat.uz» платформасини ишга туширилади. Унда давлат хизматларидан фойдаланиш ва давлат хизмати натижаларини олиш бўйича бошқа шахсларга ишончномаларни расмийлаштириш, юридик шахслар томонидан расмийлаштирилган ишончномаларни ихтиёрий рўйхатдан ўтказиш, барча турдаги ишончномаларнинг ҳақиқийлигини онлайн режимда текшириш мумкин бўлади;
- истеъмол ва уруғлик картошка етиштириш харажатларини молиялаштириш ва қўллаб-қувватлашнинг янги тартиби жорий этилади;
- қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари (бундан пахта ва ғалла мустасно) реализацияси учун қўшилган қиймат солиғининг «нол» ставкаси жорий қилинади;
- мулкчилик шаклидан қатъи назар уруғликларни етиштириш ва реализация қилиш билан шуғулланувчи барча тадбиркорлик субъектлари томонидан рақамли QR кодли ёрлиқланмаган ҳамда ижобий экинбоплик хулосаси олинмаган қишлоқ хўжалиги экинларининг уруғликларини реализация қилиш тақиқланади;
- тиббий жиҳозларни чакана реализация қилиш фаолияти учун лицензия талаби бекор қилиниб, ушбу фаолият ваколатли органни хабардор қилиш орқали амалга оширилади;
- сайёр солиқ текширувини ўтказишда мобил видеокамерадан фойдаланиш мажбурий бўлади. Мобил видеокамерадан фойдаланмасдан ўтказилган текширувлар ноқонуний ҳисобланади;
- жисмоний тарбия-спорт ташкилотларининг тренер-ўқитувчилари ва йўриқчи-услубчилари ҳамда спорт ҳакамларига малака тоифаларини бериш бўйича давлат хизматлари «ERP sport» ягона электрон бошқарув тизими орқали проактив шаклда кўрсатилади;
- ЯММТ орқали қайд этилган меҳнат қонунчилиги бузилишини иш берувчи иштирокисиз кўриб чиқиш ва қонунбузилиши ҳолатлари бўйича электрон маъмурий қарор қабул қилиш тизими жорий этилади;
- хизмат муддатини ўтаб бўлган ортиқча босим остида ишлайдиган ускуналарни республика ҳудудига олиб кириш тақиқланади;
- қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ишлаб чиқарилган заргарлик буюмлари ва ярим тайёр маҳсулотларни реализация қилиш бўйича айланмани қўшилган қиймат солиғидан озод қилишга оид имтиёз ҳамда олтиндан ясалган заргарлик буюмларини чакана савдода сотганлик учун йиғим бекор қилинади;
- вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий кенгашлар сессия ҳамда мажлислари давомида сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда электрон стенограмма юритиш ва автоматик баённомаларни шакллантириш имконияти яратилади;
- давлат хизматига биринчи марта қабул қилинган давлат хизматчилари билан меҳнат шартномаси дастлаб бир йил муддатга тузилади ва кейинчалик фаолиятининг ижобий натижаларига кўра меҳнат шартномаси номуайян муддатга узайтирилади. Шунингдек, давлат хизматига биринчи марта қабул қилинган давлат хизматчилари мажбурий «Давлат хизматига кириш» махсус курсларини ва кейинчалик ҳар уч йилда камида бир маротаба малака ошириш курсларини ўтайди ҳамда мазкур курсларнинг якунлари бўйича уларнинг назарий билим ва кўникмалари диагностикадан ўтказилади;
- давлат харидларини амалга оширишда экологик мезонлар энг яхши таклифларни танлаш ва тендерлардаги харид қилиш ҳужжатларига мажбурий тартибда киритилади;
- мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузиш ҳолатларини солиқ органларининг ахборот тизими орқали аниқлаш бўйича масофавий солиқ текширувини ўтказиш тартиби жорий этилади;
- камбағал оилаларнинг «аъло» баҳоларга ўқийдиган фарзандларининг Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси тизимидаги оромгоҳларда дам олиши ва соғломлаштирилиши харажатлари Болаларни соғломлаштириш ва аҳоли саломатлигини тиклашга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўлиқ қоплаб берилади;
- умумий ўрта таълим ташкилотларининг директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан директор ва унинг ўринбосарларига фаолият самарадорлиги кўрсаткичлари (KPI) натижасига кўра базавий тариф ставкаларига нисбатан тегишлича 20 ва 10 фоиз миқдорида ҳар ойлик устамалар белгиланади;
- статистика органларида сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда ҳисоботларни топширишда корхона ва ташкилотларга маслаҳат берувчи «Маслаҳатчи» сунъий интеллектга асосланган интерактив хизмати, фойдаланувчиларга статистик маълумотларни тез излаб топишга кўмаклашувчи «Таҳлилчи» сунъий интеллектга асосланган консультатив хизмати ҳамда статистик кузатувларни телефон ёрдамида ўтказиш имконини берувчи «Call-марказ» фаолияти жорий этилади;
- пишган ва хом ғишт ишлаб чиқаришда ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 2025 йил учун белгиланган ставкага нисбатан 2 бараварга оширилган ҳолда қўлланади ҳамда 2027 йилдан босқичма-босқич қўшимча равишда оширилади;
- чиқарувчилар томонидан ўзлари ишлаб чиқарган товарларни таклиф этишнинг очиқ ва шаффоф Ишлаб чиқарувчилар экотизими жорий қилинади;
- пулли хизматларни кўрсатиш учун етарли имкониятларга эга сузиш ҳавзалари ўзини ўзи молиялаштириш тартибига ўтказилади. Спорт мактаби ва ихтисослаштирилган спорт мактабига сув ҳавзаларида жорий этиладиган пуллик хизматлар учун тўловлар миқдорини мустақил белгилаш ҳуқуқи берилади;
- аҳолининг кенг қатламлари ва жамоатчиликни атмосфера ҳавосининг сифати бўйича ишончли маълумотлар билан таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳри ҳудудида ўрнатилган махсус монитор ва таблоларда мажбурий равишда атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражаси ҳамда гидрометеорологик маълумотлар эълон қилиб борилади;
- сунъий интеллект ёрдамида сейсмик хавф юқори бўлган ҳудудларда кучли зилзилаларни ўрта ва узоқ муддатларда прогноз қилиш амалиёти йўлга қўйилади.
Мавзуга оид
08:33 / 27.03.2026
“5 кунлик”ка ўтаётган тиббиётчилар ва нақдсиз савдодаги янги талаблар: 1 апрелдан нималар ўзгаради?
14:22 / 26.02.2026
Сунъий ёмғир ёғдириш режаси, нотариусларга янги ваколат ва “меҳрли оила” хизмати: 1 мартдан нималар ўзгаради?
19:57 / 30.01.2026
Ҳажга навбат энди онлайн бўлади, 50 “ёшдан” ошган машиналар тарихга киради — 1 февралдан нималар ўзгаради?
19:24 / 28.11.2025