Автомонополия яна ўз қудратини кўз-кўз қилди: электромобил импортига баҳайбат тўсиқ қўйилмоқда. Бешта ҳудудда фермерларга мустақиллик эълон қилинди: улар ўзлари хоҳлаган нарсани экиши мумкин бўлади. Уй-жой қурилишида янгиликлар: эскроу тизимининг тафсилотлари маълум. Ортда қолаётган муҳим хабарлари – Kun.uz дайжестида.

Электромобилларга утилизация йиғими 4 баробарга оширилди

Охирги йилларнинг энг салбий кутилмаларидан бири барибир амалга ошди. Жиззахда электромобил йиғиш бошланганидан бир йил ўтар-ўтмай, импортга навбатдаги улкан тўсиқ киритилмоқда.

Ўзбекистон бош вазири 31 январда имзолаган, 4 феврал куни эълон қилинган қарорга биноан, 1 майдан бошлаб ишлаб чиқарилганига 3 йилдан ошмаган электромобиллар учун утилизация йиғими БҲМнинг 30 бараваридан 120 бараваригача, яъни амалдаги 11 млн сўмдан 45 млн сўмгача оширилади. Бу эса BYD'нинг дилерлик тармоғидан ташқаридаги импорт электрокарлар нархи камида 2600 долларга қимматлашишини англатади.

Яқиндагина қонуности ҳужжатлар кенг жамоатчилик билан муҳокама қилинмаётганига энг юқори даражада эътироз билдирилганига қарамай, қарор жамоатчилик муҳокамасига қўйилмасдан қабул қилинди. Қарор номида “аккумулятор” сўзи хато ёзилгани эса ҳужжатнинг ҳатто зарурий экспертизалардан ҳам ўтганига саволлар туғдирмоқда. Утилизация йиғими каррасига оширилгани юзасидан ҳукумат раҳбари ҳам, ташаббус муаллифлари деб кўрсатилган вазирлар ҳам изоҳ бермади. Янги сайланган депутатлар шов-шувли қарор бўйича ҳеч кимни парламентга чақирмади.

Аҳолининг электромобиллардан фойдаланишини рағбатлантириш ҳақида бот-бот янграётган баёнотлар фонида пайдо бўлган бу қарор, келиб-келиб яшил иқтисодиёт йилида қабул қилингани, таклиф муаллифлари қаторида Экология вазирлиги ҳам кўрсатилгани, йиғимни оширишдан мақсад “яшил технологиялардан фойдаланишни кенгайтириш” деб эълон қилингани, қарор ижросини таъминлаш Жаҳон савдо ташкилотига кириш жараёнларига масъул Жамшид Хўжаевга топширилгани – тармоқларда турли киноя ва кесатиқларга сабаб бўлмоқда.