Ўзбекистон | 14:00 / 12.01.2023
54480
2 дақиқада ўқилади

Рафиқ Нишонов вафот этди

Ўзбекистон ССРнинг Ислом Каримовдан аввалги раҳбари Рафиқ Нишонов 97 ёшида вафот этди.

Фото: ЎзА

Собиқ Ўзбекистон ССР Коммунистик партияси марказий қўмитасининг биринчи котиби Рафиқ Нишонов 97 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда Nuz.uz нашри хабар тарқатди.

Рафиқ Нишонов – Ўзбекистон ССР арбоби, дипломат. 1926 йил 15 январда Бўстонлиқ тумани Ғазалкент шаҳарчасида туғилган.

Нишонов 1970 йилда СССРнинг Шри-Ланка ва Малдивдаги, 1978 йилда эса Иорданиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган. 1985-1986 йилларда Ўзбекистон ССР ташқи ишлар вазири сифатида фаолият юритган. 1986-1988 йилларда Ўзбекистон ССР Олий совети президиуми раиси бўлган, 1988-1989 йилларда коммунистик партияга раҳбарлик қилган.

Сиёсий арбоб 1989 йилдан буён Москвада яшаб келаётганди. У 1989-1991 йилларда СССР халқ депутати ва СССР Олий советининг Миллатлар кенгаши раиси бўлган. 1991 йил сентябрда СССР президенти Михаил Горбачёвга маслаҳатчи лавозимини эгаллаган; орадан икки ой ўтиб, суверенитетлар паради фонида, пенсияга чиққан.

2021 йил 15 январда Россия президенти Владимир Путин Рафиқ Нишоновни Александр Невский ордени билан тақдирлаган эди.

Нишонов 2020 йилда берган интервюсида Ўзбекистоннинг иккинчи президенти Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотларини қўллаб-қувватлаган, Мирзиёев “сокин инқилоб” қилганини айтганди.

Мавзуга оид