Ўзбекистон | 15:26 / 22.06.2024
13579
2 дақиқада ўқилади

Жиззахдаги боғчада болаларни оёқ кийим билан урган тарбиячига жиноят иши қўзғатилди

Унга нисбатан Жиноят кодексининг 110-моддаси (қийнаш) 2-қисми “а” ва “в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Бу бандларда максимал 5 йилга озодлик маҳрум қилиш жазоси берилиши назарда тутилган.

Фото: Видеодан кадр

Аввалроқ, Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида жойлашган 16-боғчада тарбиячи болаларни оёқ кийими билан ургани ва у билан меҳнат шартномаси бекор қилингани ҳақида хабар бергандик.

Болалар омбудсманининг маълум қилишича, тарбиячи К.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 110- моддаси (қийнаш) 2-қисми “а” ва “в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Маълумот учун, 2024 йил 20 июн куни ижтимоий тармоқларда боғча тарбиячиси болаларни шиппак билан ургани тасвирланган видеолавҳа тарқалган.

Ишчи гуруҳ томонидан ҳолат ўрганилганда болаларни оёқ кийим билан урган аёл Ғаллаорол туманидаги 16-боғча тарбиячиси экани аниқланган. 2024 йил 19 июн куни тарбиячи билан меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Ўзбекистондаги боғчаларда тарбиячиларнинг болаларга куч ишлатиши ва қийнаши тез-тез учраб туради. Аввалроқ, Чирчиқда боғча тарбиячиси болани уриб, ҳожатхонага қамаб қўйганди.

Тошкентда тарбиячи бола билан қўпол муносабатда бўлиб, қўлини кўкартирган, бошқа бир тарбиячи болани уриб, ҳақоратлаган, Хоразмда болаларнинг юзига урган ва уларнинг қўлларига игна санчганди.

Мавзуга оид