Ўзбекистон | 19:01 / 29.09.2021
6559
6 дақиқада ўқилади

Навоийда яна бир «дом» можароси: 16 оила 3 йилдан буён ижарада сарсон бўлмоқда

Навоий шаҳрида катта можарога сабаб бўлган 60 квартирали турар жой ҳақида бир неча бор репортаж тайёрлагандик. Ушбу можаро сабаб ўз маблағига 60 та хонадон сотиб олган аҳоли уйидан ҳам, тўлаган маблағидан ҳам ажралиб қолишига бир бахя қолганди ўшанда. Энди эса Кармана туманида ҳокимликнинг қарори туфайли уйлари бузилган 16 та оила қарийб 3 йилдан буён ижарада яшашга мажбур бўлмоқда.

2019 йил баҳорда Навоий шаҳрига туташ бўлган Кармана тумани марказида бунёдкорлик ишлари бошланди. Хусусан, бир нечта ташкилотларнинг маъмурий биноси жойлашган Мир Сайид Баҳром маҳалласидаги марказий кўчани тўлиқ ободонлаштиришга киришилди. Шу жараёнда мазкур кўчада жойлашган икки қаватли, 16 хўжалик истиқомат қиладиган икки қаватли уй туман ҳокими Фахриддин Умаров қарори асосида ўрнида 5 қаватли уй қуриш учун бузиб ташланди.

Ҳокимнинг қарорга кўра, бузилган уйлар ўрни биринчи қаватида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари бўлган 5 қаватли уй қуриш учун «Osiyo Yugra» хусусий корхонасига ажратиб берилган. Шунингдек, бузилган уйларда истиқомат қилиб келган 16 оилага қурилиши кўзда тутилган кўп қаватли уйдан хонадон ажратиб бериш режалаштирилган. Қарорда уй-жой эгаларига 2019 йилнинг 25 апрел кунидан кечиктирмасдан бинони бўшатиб бериш тавсия қилинганини ҳамда кўп қаватли уйни қуриш 2020 йилнинг 1 сентябр кунига қадар амалга оширилиши белгиланганини ўқиш мумкин.

Фуқаролар ҳокимнинг қарори ва қурувчининг ваъдаларига ишониб, уй-жойларини бўшатиб берган. Бузиш ишлари-ку тезда амалга оширилган, бироқ қуриш аччиқ ичакдек чўзилиб кетган. Мана, қарийб 3 йилдирки, 16 оила ижарама-ижара сарсон.

«Osiyo Yugra» хусусий корхонаси 2019 йилнинг 3 май куни оилалар билан келишув шартномаси тузган. Унга кўра, кўп қаватли уй 2020 йилнинг 1 сентябр куни битказилиб, хонадонлар тайёр ҳолатда уйлари бузилган оилаларга тақдим этилиши керак эди. Ушбу муддат ўтиб кетгач, 2020 йил 22 ноябр куни фуқаролар билан иккинчи бор шартнома тузилади ва унда «ишнинг битиши» 2021 йилнинг 1 июн кунига қадар қилиб белгиланади. Лекин ушбу муддатда ҳам «дом» битмайди.

 

Айни пайтда объектда қурилиш ишлари умуман тўхтаб қолган. «Туя гўшти еган» уй ҳали-бери қуриб битказилиши даргумон. Олдинда эса қиш!

Фуқароларнинг таъкидлашича, келишувга кўра, «дом» қурилиши битгунга қадар улар вақтинча яшаётган уй учун ижара пулини «Osiyo Yugra» хусусий корхонаси қоплаб бериши керак бўлган, бироқ бундай бўлмаган, 2021 йилнинг 1 январ кунига қадар оилалар ўз ҳисобидан ижарада турган. Туман ва вилоят ҳокимлигига кетма-кет мурожаатлардан кейингина корхона 16 оилага 2021 йилнинг 1 январидан бошлаб ҳар ой 1 миллион сўм ижара пули бера бошлаган.

Фуқаролар корхонанинг ижара пулини тўлаб бериши ечим эмас, дея ҳисоблашмоқда. Улар ўз уйларига тезроқ кўчиб ўтишни исташяпти. Чунки ижарада яшаётган уйлари турли ҳудудларда бўлиб, бу фарзандларининг таълим масканларига, ўзларининг ишга бориб-келишларида муаммолар туғдиряпти.

«Ҳозир турган квартирамда табиий газ йўқ. Қишда нима қиламиз, ҳайронман. Уйимиз эса қарийб 3 йилдан бери битмаяпти. Қачон борсак, қуришга маблағ йўқ дейди. Маблағи бўлмаса, нега олган бу уйни қуришни? Бизларга берган ваъдалари бошқача эди-ку», дейди фуқаролардан бири Муҳаббат Тошева.

Яна бир фуқаро Ойсанам Каримова эса ижарада туриш ҳам баъзи муаммоларни келтириб чиқараётганини айтади.

«2019 йил апрел ойида уйимизни бузиб олиб, ўрнига уй берамиз, дейишди. Мана, ҳалигача уйдан дарак йўқ. Икки йил ижара пулимизни ўзимиз тўлаб турдик. 8 ойдан бери ижара пули беряпти. Яқинда Навоий вилояти ҳокимига мурожаат қилиб борганимизда, ҳоким октябр ойида уйни топширамиз деганди. Аммо бундай бўлмади. Ўғлимизни мактабга, набирамизни боғчага беришда қийинчилик бўляпти. Қурувчини ушлаб бўлмаса, ҳокимга борсангиз, ҳоким тайинли гапирмаса. Иш тўхтаб қолган. Биз кўчада юрамизми энди шунақа?» дейди фуқаро.

Kun.uz ҳолатга изоҳ олиш мақсадида Кармана тумани ҳокимлигининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича бош мутахассиси Адҳамбек Аҳмедов билан учрашди. Бош мутахассисга кўра, кўп қаватли уйнинг қурилиши тез кунларда давом эттирилади.

«Уй 2020 йил 1 сентябр кунига қадар қуриб, фойдаланишга топширилиши керак эди, лекин 2020 йил пандемия сабаб қурилиш корхонасининг ишлари тўхтаб қолди. Уларнинг кредитлари ва ўз молиявий харажатлари бор эди. Корхона молиявий инқироз ҳолатида эканлиги туфайли пандемия юмшагач ҳам қурилишни ўз вақтида топшира олмади. Ҳозирги кунда уйни тез кунларда қуриб, топшириш бўйича корхона билан келишувга эришилган», дейди Адҳамбек Аҳмедов.

Ҳокимликнинг изоҳи сабри синалаётган 16 оила учун бироз далдадир, аммо бу билан уларнинг муаммоси ечилиб қолмайди. Шу ўринда бир мулоҳаза пайдо бўлади. Ҳокимликлар бирор қурилишни қайсидир корхонага топширишдан аввал унинг бу ишга қурби етадими-йўқми, текшириб кўриши шарт. Айниқса, гап турар жой ҳақида бўлса. Қурилишга қурби етмайдиган корхоналар одамларни йиллар сарсон қилиб қўймоқда. Худди Навоийда бўлгани каби.

Руслан Сабуров, Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид