Ўзбекистон | 09:51
728
2 дақиқада ўқилади

Навоий вилоятини ривожлантириш бўйича президент қарори қабул қилинди

“2026 йилда Навоий вилоятини барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилиниб, вилоятнинг 2026 йилги асосий мақсадли кўрсаткичлари ҳамда Кармана туманида туризм инфратузилмасини ривожлантириш режалари белгиланди.

2026 йил 11 феврал куни “2026 йилда Навоий вилоятини барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, Навоий вилоятини 2026 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб қатор йўналишларда ўсиш суръатларини таъминлаш белгиланди. Жумладан, ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмининг йиллик ўртача 7,9 фоизга, саноатнинг 7,8 фоизга, бозор хизматларининг 15,6 фоизга, қишлоқ хўжалигининг 5,7 фоизга ўсишига эришиш кўзда тутилган.

Шунингдек, вилоятни камбағаллик ва ишсизликдан ҳоли ҳудудга айлантириш, аҳоли даромадлари барқарор ўсишини таъминлаш ҳамда 4,5 минг нафар аҳолини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш вазифалари белгиланган.

Қарорда Кармана кўчасини реновация асосида миллий услубдаги маданий, туризм ва хизмат кўрсатиш марказига айлантириш бўйича ҳам аниқ чоралар назарда тутилган. Хусусан, Қосим шайх хонақоҳи ва Мирсаид Баҳром тарихий зиёратгоҳлари реставрация қилиниб, ўзаро боғланади. Бундан ташқари, “Янги авлод” истироҳат боғи ва “Кармана деҳқон бозори” билан уйғунлаштирган ҳолда “Қадимий Кармана” туристик марказини ташкил қилиш режалаштирилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид