Ўзбекистон | 11:35 / 11.11.2025
4180
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон АҚШ билан виза режимини соддалаштиришни муҳокама қилади

Транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориевнинг маълум қилишича, Ўзбекистон АҚШ билан ўз фуқаролари ва бизнес учун виза тартибини соддалаштиришни муҳокама қилади. Шунингдек, истиқболда Америка шаҳарларига парвозлар географиясини кенгайтириш режалаштириляпти.

Фото: АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси

Ўзбекистон ва АҚШ фуқаролар ҳамда бизнес учун виза режимини соддалаштириш масаласини кўриб чиқмоқчи. Бу ҳақда транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев Ўзбекистон 24 телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

«Президентимиз ҳар доим энг катта дарвозани очади. Икки давлат раҳбарлари асосий йўналишлар, хусусан, транспорт бўйича келишиб олса, биз учун ҳам ишлаш осонроқ бўлади. Вазифалар кўп ва улардан ўрганадиган жиҳатларимиз бор», деди транспорт вазири ўринбосари.

Жасурбек Чориевнинг қўшимча қилишича, Uzbekistan Airways вa Boeing ўртасида 22 та 787−9 Dreamliner самолётларини етказиб бериш бўйича шартнома тузилиши узоқ йўналишларга, шу жумладан АҚШ шаҳарларига парвозлар географиясини кенгайтириш имконини беради.

«Яқинда қабул қилинган америкаликлар учун визаларни бекор қилиш тўғрисидаги қарорни ҳисобга олган ҳолда, туризм ҳам ривожланади. Фуқароларимиз ва бизнес учун виза тартибини соддалаштириш масаласи кўриб чиқилади», — деди вазир ўринбосари.

Аввалроқ, Ўзбекистон президентининг 2025 йил 3 ноябрдаги фармони билан 2026 йил 1 январдан бошлаб АҚШ фуқаролари учун визасиз тартиб белгиланганди. Унга мувофиқ, АҚШ фуқаролари Ўзбекистон ҳудудига кирган кундан бошлаб 30 кунгача визасиз бўлиб туриш ҳуқуқига эга бўлади.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид