Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Олмалиқдаги мактабда бахтсиз ҳодиса ва тадбиркорга норасмий бандликни бартараф этиш муҳлати – маҳаллий дайжест
Тошкент вилояти, Олмалиқ шаҳридаги мактабда 10-синф ўқувчиси бўлган қиз вафот этди. Таъкидланишича, ўқувчи кучли стресс оқибатида ҳосил бўлган тромб сабабли дунёдан кўз юмган. Меҳнат миграциясида вафот этган шахснинг жасадини қайтариш харажатлари давлат ҳисобидан қопланиши белгиланди. Тадбиркорга норасмий бандликни бартараф этиш бўйича 1 ой муҳлат берилади. Темирйўл ва метрода хавфсизлик қоидаларини бузганлик учун жарималар белгиланди. Икки ўзбек гроссмейстери мукофот пуллари бўйича дунё ўнталигига кирди. Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.
Олмалиқдаги мактабда 10-синф ўқувчиси вафот этди
Тошкент вилояти, Олмалиқ шаҳрида жойлашган мактабда 10-синф ўқувчиси бўлган қиз вафот этди. Sukut Saqlama (NeMolchi.uz) лойиҳасининг таъкидлашича, ўқувчи кучли стресс оқибатида ҳосил бўлган тромб сабабли дунёдан кўз юмган.
Стрессга ички ишлар ходимлари иштирокида ўтказилган йиғилиш сабаб бўлгани айтилмоқда. Ушбу йиғилишни мактаб ота-оналар қўмитаси вакили бошқа бир ўқувчи қизни ҳимоя қилиш мақсадида ташкил қилган. Хонада асосан эркаклар бўлган. Қиз суҳбатга чақирилганда жуда кучли стрессни бошидан ўтказгани таъкидланмоқда.
Айни пайтда ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ҳодиса юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Меҳнат миграциясида вафот этган шахснинг жасадини қайтариш харажатлари давлат ҳисобидан қопланиши белгиланди
Меҳнат миграциясида вафот этган шахснинг жасадини Ўзбекистонга олиб келиш харажатлари Миграция жамғармаси томонидан қопланади. Бу ҳақда «Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида»ги қонунга қўшимча норма 7 феврал куни киритилди.
Унга кўра, меҳнат миграциясида бўлган даврда вафот этган Ўзбекистон фуқароларининг жасадини олиб келишни ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар энди Миграция жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади. Маблағлар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги орқали қонунчиликда белгиланган тартибда ажратилади.
Тадбиркорга норасмий бандликни бартараф этиш бўйича 1 ой муҳлат берилади
Президент қарорига кўра, ҳоким ёрдамчиси хатлови асосида аниқланган норасмий бандлик ҳолатлари бўйича уларни бартараф этиш юзасидан «Ягона миллий меҳнат тизими»да иш берувчиларнинг шахсий кабинетига Давлат меҳнат инспекцияси томонидан огоҳлантириш хати юборилади.
Иш берувчи томонидан аниқланган қонунбузилиш ҳолати 3 иш куни ичида ихтиёрий равишда бартараф этилмаган тақдирда, ушбу ҳолат Давлат меҳнат инспекцияси томонидан текшириш ўтказиш учун асос ҳисобланади.
Норасмий бандлик ҳолати аниқланган кундан бошлаб 1 ой муддат ичида иш берувчи ходимлар билан меҳнат шартномасини расмийлаштириб, ҳисобланган ойлик иш ҳақини тўлиқ тўлаб берган тақдирда, маъмурий жавобгарликдан озод этилади.
Темирйўл ва метрода хавфсизлик қоидаларини бузганлик учун жарималар белгиланди
Янги қонунга кўра, темирйўл транспорти ва метрополитенда ҳаракат ҳамда ташиш хавфсизлиги талабларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди.
Қўшимчаларга мувофиқ:
- темирйўл транспорти ва метрополитенда ҳаракат ва ташиш хавфсизлиги талабларини бузганлик учун мансабдор шахслар ва хизматчиларга БҲМ 10 баравари миқдорида жарима солиш назарда тутилади;
- шунингдек, темирйўл ва метрополитенда хавфсизлик бузилиши билан боғлиқ ҳодиса ёки у ҳақдаги маълумотларни қасддан яшириш ҳам мансабдор шахсларга БҲМнинг 10 баравари миқдорида жаримага сабаб бўлиши белгиланди.
Икки ўзбек гроссмейстери мукофот пуллари бўйича дунё ўнталигига кирди
2025 йил давомида Нодирбек Абдусатторов 16 та нуфузли халқаро турнирда иштирок этиб, жами 361 811 доллар мукофот пули ишлаб топган. Унинг бир турнирдаги энг юқори индивидуал ютуғи 85 000 долларни ташкил этган.
Жавоҳир Синдоров эса 11 та халқаро мусобақада қатнашиб, умумий ҳисобда 349 955 доллар даромад қайд этган. Унинг энг йирик ютуғи FIDE World Cup мусобақасидаги ғалабаси бўлиб, мазкур турнир учун 120 000 доллар мукофот пули берилган.
Энг кўп мукофот пули олган шахматчилар рўйхатида норвегиялик Магнус Карлсен етакчилик қилмоқда – қарийб 1,5 млн доллар. Кейинги ўринларда Фабиано Каруана (≈$890 минг, АҚШ), Левон Аронян (≈$751 минг, АҚШ), Хикару Накамура (≈$588 минг, АҚШ).
Мавзуга оид
21:45 / 06.02.2026
«Амир Темур ойлиги» ва сенаторнинг империяпараст чиқишларга муносабати – маҳаллий дайжест
21:56 / 05.02.2026
Хусусий боғчаларга имтиёзлар, жарима ўрнига огоҳлантириш ва исломий банк қонуни - маҳаллий дайжест
21:48 / 04.02.2026
Мудофаага янги самолёт, амалдорларнинг “саёҳатчи” болалари ва текширилаётган савдо марказлари – маҳаллий дайжест
22:43 / 03.02.2026