Ўзбекистон | 12:14 / 21.07.2023
16024
4 дақиқада ўқилади

Қабул тугади, абитуриентлар 1 млндан кўп. Олдинги йилларда қанча абитуриент ОТМга ҳужжат топширган?

Бакалавриатга қабул тугади. 2023 йилги қабулда 1 млн 18 минг 7 нафар абитуриент ўқишга кириш учун онлайн рўйхатдан ўтди.

Фото: Kun.uz

Қабул учун аризалар топшириш бутунлай тўхтатилган, бироқ тўлов қилиш учун яна бир кун қўшиб берилган. 21 июл соат 23:59 га қадар тўлов амалга ошириш мумкин. Бу йил рўйхатдан ўтган абитуриентлар сони прогноз қилинганидек 1,2 млн эмас, ундан салгина камроқ, бироқ миллиондан кўп бўлди.

Олдинги йилларда қанча абитуриент рўйхатдан ўтганди?

  • 2022 йилда – 1 214 232 нафар;
  • 2021 йилда – 948 минг нафар;
  • 2020 йилда – 1 484 085 нафар;
  • 2019 йилда – 1 066 925 нафар;
  • 2018 йилда – 675 049 нафар;
  • 2017 йилда – 729 950 нафар;
  • 2016 йилда – 663 304 нафар абитуриент ОТМнинг бакалавриатига ҳужжат топширган.

Статистикага кўра, охирги 8 йилликда абитуриентлар контингенти 2020 йилда энг катта бўлган. Бунга карантин сабаб талабаларнинг хориж ОТМга ўқишга ҳужжат топшира олмагани ҳам сабаб бўлиши мумкин, эҳтимол.

Талаб юқори бўлган ОТМ

Бу йилги абитуриентлар энг кўп Ўзбекистон миллий университетини танлаган. Абитуриентларнинг таълим шакллари бўйича тақсимоти (биринчи таълим йўналишига нисбатан):

  • Ўзбекистон миллий университети — 36 782 нафар;
  • Тошкент давлат транспорт университети — 30 421 нафар;
  • Фарғона давлат университети — 29 941 нафар;
  • Тошкент давлат педагогика университети — 28 827 нафар;
  • Қарши давлат университети — 28 417 нафар.

Таълим шакллари ичида эса сиртқи таълимга ҳам талаб катта бўлган:

  • Кундузги таълим шакли — 577 096 нафар;
  • Кечки таълим шакли — 24 802 нафар;
  • Сиртқи таълим шакли — 407 945 нафар;
  • Масофавий таълим шакли — 8 164 нафар.

Имтиҳонлар қачон бўлади?

Айни пайтда чет тилидан ижодий имтиҳон топширадиган 8 та ОТМ абитуриентлари учун ижодий имтиҳонлар бўлиб ўтяпти. Улар учун имтиҳон 2 сменада: 1-смена соат 08:00 да, 2-сменада соат 15:00 да бошланади.

Абитуриентлар имтиҳонга шахсини тасдиқловчи ҳужжат (паспорт ёки ID карта) билан камида бир соат олдин боришлари керак.

Асосий имтиҳон-чи?

Ҳозирча абитуриентлар учун тест синовлари қайси санадан бошланиши аниқ эмас. Лекин Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги масъули имтиҳонларнинг август ойи бошидан бошланиши эҳтимоли юқори эканини айтиб ўтганди. Июл ойи охирида эса деярли барча абитуриентнинг рухсатномаси шакллантирилади. Рухсатномасини юклаб олмаган абитуриентларга огоҳлантириш хабарномалари юборилади.

Шароитлар қандай бўлади?

Бу йил имтиҳон ёпиқ биноларда бўлиб ўтади. Жами 92 та катта сиғимли бино имтиҳон ўтказиш учун танлаб олинган. Бир сменада 44 минг абитуриент имтиҳонда қатнашиши мўлжалланган.

Тест синовлари 1-смена соат 08:00 дан, 2-смена эса 15:00 дан бошланиши режалаштирилган.

Имтиҳонда қатнашиш учун абитуриентда шахсни тасдиқловчи ҳужжат ва абитуриент рухсатномаси бўлиши шарт.

Тест саволлари ҳақида

Фанлар бўйича мезонларга кўра, барча тест топширувчилар учун мажбурий 3 та фан:

  • Она тили (ўзбек, рус, қорақалпоқ ва бошқа тиллар) - 10 та савол;
  • Математика - 10 та савол;
  • Ўзбекистон тарихи - 10 та савол;

30 та савол учун 1,1 баллдан жами 33 балл.

Бакалавриат таълим йўналишига мос бўлган 2 та фан:

  • 1-фан: 30 та савол х 3,1 балл = 93,0 балл
  • 2-фан: 30 та савол х 2,1 балл = 63,0 балл

60 та саволдан жами 156,0 балл.

2023/2024 ўқув йили қабулида абитуриентларга 5 та фан бўйича жами 90 та тест саволи берилади. Бунда тўплаш мумкин бўлган максимал балл – 189.

Қийинлик даражаси ҳақида

Мутахассислик фанларидан тест варианти 3 та қийинлик даражасидаги (осон, ўрта, қийин) тест топшириқларидан шакллантирилади:

  • осон даражадаги тест топшириқлари – 15-25 фоиз оралиғида;
  • ўрта даражадаги тест топшириқлари – 50-70 фоиз оралиғида;
  • қийин даражадаги тест топшириқлари – 15-25 фоиз оралиғида.

Мажбурий фанларда эса тест топшириқларининг барчаси осон даражадаги тест топшириқлари ҳисобланади.

Мавзуга оид