Жаҳон | 18:06 / 08.10.2025
18274
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда педофиллар озодликка чиқишдан олдин бичилади

Вояга етмаганларнинг жинсий дахлсизлигига қарши жиноят содир этганлик учун ҳукм қилинган шахсларга нисбатан кимёвий кастрация (бичиш) озодликка чиқишдан 6 ой олдин қўлланилади.

Фото: Zakon.kz

Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги буйруққа ўзгартиришлар киритди.

Ҳужжатга кўра, вояга етмаганларнинг жинсий дахлсизлигига қарши жиноят содир этганлик учун ҳукм қилинган шахсларга нисбатан кимёвий кастрация (бичиш) озодликка чиқишдан 6 ой олдин қўлланилади. Бунда кастрация мажбурлов чораси суднинг қонуний кучга кирган қарори асосида амалга оширилади.

Шу муносабат билан муассаса маъмурияти жазони ўташ муддати тугашидан камида 12 ой олдин маҳбусда руҳий нуқсонлар ва жинсий зўравонликка мойиллик мавжудлиги (мавжуд эмаслиги) тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун суд-психиатрия экспертизасини тайинлаш учун материалларни судга юборади.

Таъкидланишича, бу нормалар руҳий ҳолатнинг ақли расоликни истисно этмайдиган тарзда бузилганлиги аниқлангани муносабати билан суднинг қарорига кўра тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилаётган маҳкумларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Қозоғистонда болаларни зўрлаганларга нисбатан кимёвий кастрация қўллаш 2018 йилдан бошлаб жорий этилган. Муолажа фақат суд-психиатрия экспертизаси хулосасига кўра вояга етмаганларнинг жинсий дахлсизлигига қарши жиноят содир этишга мойил деб топилган шахсларга нисбатан суд ҳукми билан амалга оширилади.

Ўтган йилнинг феврал ойида қозоғистонлик депутатлар болаларни зўрлаганларни жарроҳлик йўли билан кастрация қилишни таклиф қилган эди. Аммо ташаббус ҳозирча амалга оширилмади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид