Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия уч кунлик сулҳдан кейин Украинага ҳужумларни яна бошлади
12 майга ўтар тунда Украинанинг қатор ҳудудлари яна Россия ҳужумларига учради. Оқибатда камида 6 киши яраланиб, бир киши ҳалок бўлган. Киев ўт очишни тўхтатиш режимини узайтиришни таклиф қилганини айтмоқда. “Вақтинчалик оташкесимни якунлашни Россиянинг ўзи танлади, биз ҳам худди шундай жавоб берамиз”, деди Зеленский. Келишилган асирлар алмашинуви ҳали рўй бермади.
Харкив областидаги ҳужум оқибатлари
12 май кириб келиши билан, Россия ва Украина ўртасида АҚШ воситачилигида ўрнатилган уч кунлик отешкесим якунига етди.
Уч сутка давомида томонлар бир-бирини ўт очишни тўхтатиш режимини бузганликда айблади, лекин ёппасига ҳужумлар бўлмаганини Москва ҳам, Киев ҳам тасдиқлади.
Украина томони хабарига кўра, 12 майга ўтар тунда Киев шаҳри, Киев вилояти ҳамда Днепр ва Житомир шаҳарлари ҳаводан ҳужумга учраган.
Асирлар алмашинуви рўй бермади
Оташкесим вақтида келишилган “1000 га 1000” шаклидаги асирлар алмашинуви рўй бермади. Украина томонига кўра, бу борада “музокара жараёни” давом этяпти.
Кремл воизи Дмитрий Песков 11 май куни ҳарбий асирлар рўйхатини келишишни “мураккаб ва узоқ жараён” деб атади. “Бу борадаги ишлар тез орада якунига етади, деб умид қиламиз”, деди у.

Киев оташкесимни узайтиришни таклиф қилган
Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибиганинг маълум қилишича, Киев ўт очишни тўхтатиш режимини 11 майдан кейин ҳам сақлаб қолишни таклиф қилган.
“Москвага қисман оташкесимни 11 майдан кейин ҳам давом эттиришни таклиф қилдик. Бунинг ўрнига, Россия бу кеча Украинага 200 дан ортиқ дрон учирди – тинч аҳоли инфратузилмасига, жумладан болалар боғчасига зарба берди, камида 6 кишини яралади, камида бир кишини ўлдирди”, – деб ёзди Сибига X платформасида.
“Укрэнерго” хабарига кўра, Россия ҳужумлари сабаб Донецк, Харкив, Сумск, Черниҳив ва Николаевск вилоятларида истеъмолчилар электр энергиясидан узилиб қолган. “Хавфсизлик шарт-шароитлари имкон берган ҳамма жойда авария-тиклаш ишлари аллақачон бошланган”, дейилади баёнотда.

Зеленский: “Қисман оташкесимга якун ясашни Россиянинг ўзи танлади, биз ҳам худди шундай жавоб берамиз”
Украина президенти Володимир Зеленскийнинг сўзларига кўра, тунги ҳужумлар орқали “вақтинчалик сукунат” режимини бузишни Россиянинг ўзи танлаган, Украина томони эса шунга мос жавоб қайтаради.
“Бир неча кун давом этган қисман сукунатга барҳам беришни Россиянинг ўзи танлади. Бугун тунда Украина бўйлаб 200 дан ортиқ ҳужумкор дронларни учиришди. Фронтга яна авиабомбалар тушди – уларнинг сони 80 дан ортиқ. 30 дан ортиқ авиация ҳужумлари қайд этилди. [...] Бу ҳужумлар натижасида жароҳатланганлар бор. Афсуски, қурбонлар ҳам”, – деб ёзди Зеленский Telegram-каналида.