Ўзбекистон | 16:03 / 07.10.2022
16351
2 дақиқада ўқилади

Сенатор амалдаги Конституцияда бор нормани янги Конституция лойиҳасига киритишни таклиф қилди

«Конституцияга «Хотин-қизлар ва эркаклар қонун олдида тенг ҳуқуқлидирлар» деган норма киритилишини таклиф қиламан», деди сенатор Абира Ҳусайнова. Бунақа қоида Ўзбекистон Конституциясида 30 йилдан бери бор.

А. Ҳусайнова Сенатнинг бугунги ялпи мажлисида / Фото: Сенат матбуот хизмати

Олий Мажлис Сенати аъзоси амалдаги Конституцияда мавжуд гендер тенглигига доир нормани янги Конституция лойиҳасига таклиф сифатида берди. Сенаторнинг ушбу таклифи “Миллий тикланиш” сиёсий партияси газетасининг 2022 йил 4 июндаги сонида чоп қилинган.

“Ўзбекистонда гендер тенглигини баҳолашда тарихий-миллий қадриятлар эътиборга олиниши баробарида, бу аҳолининг эркинлигига ҳам путур етказмаслиги керак. Маълумки, тарихий-миллий қадриятларимиз ҳам эркаклар, ҳам аёллар зиммасига бирдек вазифалар қўяди. Айрим ҳолларда бундан бир томонлама хулоса чиқарилаётгани ҳам бор гап. Шунинг учун Конституцияда “Хотин-қизлар ва эркаклар қонун олдида тенг ҳуқуқлидирлар”, деган норма киритилишини таклиф қиламан”, – дея ёзган сенатор бўлиш бирга, Омбудсманнинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили ҳисобланувчи Абира Ҳусайнова.

У таклиф қилган норма Ўзбекистоннинг амалдаги Конституциясида бор. Бош қомуснинг 46-моддасида: “Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар», деб ёзилган.

Сўнгги йилларда жамиятда кўп мурожаат қилинаётган бу норма Конституция қабул қилинган 1992 йилдан бери ўзгармаган ва амалда бўлиб келмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили ХДП ва “Адолат” партиялари раҳбарлари партиялар сайтида эълон қилган мақолалари учун плагиатда айбланган эди. Ўшанда Kun.uz'нинг бир нечта манбалари айтгандики, парламент аъзоларининг ўзлари амалда ҳеч нарса ёзишмайди, бунинг учун кимлардир тер тўкиши одатий ҳолга айланиб улгурган.

Мавзуга оид