Жаҳон | 15:17 / 03.03.2026
4022
8 дақиқада ўқилади

Ар-Риёдда берилган дрон зарбаси, ядровий бомбаларини кўпайтираётган Франция ва Жанубий Суданда қуролли ҳужум – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Уруш давом этмоқда

Душанба куни АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳаво уруши янада кенгайди. Исроил «Ҳизбуллоҳ» зарбаларига жавобан Ливанга ҳужум қилди, Эрон эса АҚШ ҳарбий базалари жойлашган Форс кўрфази давлатларига ҳужумларини тўхтатмади. Можаро якуни ҳали кўринмаяпти.

Эронга қилинган ҳужум Форс кўрфазини уруш гирдобига тортди: Эрон, Исроил ва Ливанда ўнлаб тинч аҳоли ҳалок бўлди, глобал авиатранспорт хаосга юз тутди. Дунё нефт савдосининг бешдан бир қисми ўтадиган Ҳормуз бўғози орқали юк ташиш тўхтаб қолди, бу эса нефт нархи кескин кўтарилишига сабаб бўлди.

АҚШ Марказий қўмондонлиги Кувайт хатолик туфайли Американинг учта F-15 қирувчи самолётини уриб туширганини маълум қилди. Барча олти нафар экипаж аъзоси самолётдан сакрашга улгурган ва соғ-саломат қутқарилгани айтилмоқда.

АҚШ ҳарбийларининг билдиришича, Эрондаги 1250 дан ортиқ нишонга зарба берилган ва Эроннинг 11 та кемаси йўқ қилинган. Ҳозиргача АҚШнинг олти нафар ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлди — уларнинг барчаси дам олиш кунлари Эроннинг Кувайтга йўллаган жавоб зарбалари оқибатида қурбон бўлган. Эрондаги қурбонлар сони эса 550 дан ошгани айтилмоқда.

Душанба оқшомида Исроил Теҳрондаги Эрон давлат телерадиокомпанияси биносига ҳужум қилганини билдирди.

Тел-Авивнинг ўзида эса ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари Эрон ракеталарини тутиб олар экан, портлаш овозлари бутун шаҳарни ларзага келтирмоқда.

Трамп душанба куни ушбу можаро ҳақида гапирган энг очиқ баёнотида Теҳроннинг ядровий дастури ва жадал ривожланаётган баллистик ракета дастурига барҳам бериш учун ҳужумга буйруқ берганини айтди. Трамп операция тез орада якунланишидан дарак бермади, ҳарбий расмийлар эса минтақага қўшимча кучлар юборилаётганини билдирди.

Эрон ядро қуролига интилаётганини рад этмоқда ва АҚШ ҳужумини асоссиз деб атади. Чунки бу ҳужум Теҳрон Трамп вакиллари билан ядровий келишув бўйича музокаралар олиб бораётган бир вақтда содир бўлди.

Франция ядровий арсеналини кенгайтирмоқчи

Франция президенти Эммануэл Макрон душанба куни мамлакат арсеналидаги ядровий каллаклар сони оширилишини маълум қилди.

Франция Европа Иттифоқидаги ягона ядровий давлат ҳисобланади. Макрон аввал ҳам АҚШ билан ҳамкорлик тобора ишончсиз бўлиб бораётган бир пайтда Франция блок учун «ядровий тўхтатиб турувчи» вазифасини ўташи ҳақида гапирган эди.

«Арсеналимизни модернизация қилиш ўта муҳим. Биз ҳозирда хавф-хатарларга тўла геосиёсий ларзалар даврини бошдан кечирмоқдамиз. Шунинг учун мен арсеналимиздаги ядровий каллаклар сонини кўпайтиришга буйруқ бердим», деди Макрон мамлакатнинг ядровий сувости кемалари жойлашган базага борганида.

Тахминан 290 та ядровий каллакка эга бўлган Франция АҚШ, Россия ва Хитойдан кейин дунёдаги тўртинчи йирик ядровий давлатдир. Бироқ Макрон арсенал нечтага кўпайтирилишига аниқлик киритмади.

Франция ядровий доктринасидаги бу ўзгариш Германия, Полша, Нидерландия, Белгия ва Дания каби Европадаги иттифоқчилар билан яқин ҳамкорликни ўз ичига олади. Ҳозирда Франциянинг тўртта ядровий сувости кемаси бўлиб, улар дунё океанининг исталган нуқтасида яшириниши мумкин ва 10 000 километр масофагача зарба бериш қувватига эга. Шунингдек, мамлакат ихтиёрида 500 километр масофага ядровий ракеталарни учира оладиган «Rafale» қирувчи самолётлари ҳам мавжуд.

Германия ҳам бу жараёнга қўшилди: Канцлер Фридрих Мерц Германия ҳарбий самолётлари Франциянинг ядровий бомбаларини ташиш учун ишлатилиши мумкинлигини билдирди.

Саудия ҳам урушга тортилмоқда

Урушнинг тўртинчи кунига келиб Саудия Арабистони Мудофаа вазирлиги АҚШнинг Ар-Риёддаги элчихонасига дрон зарбаси берилганини маълум қилди. Иккита дрон ҳужуми натижасида кичик ёнғин келиб чиққан ва бинога моддий зарар етган.

Хорижий дипломатик ваколатхоналар жойлашган Ар-Риёднинг «Дипломатик даҳаси» узра қора тутун кўтарилаётгани кузатилган. Воқеадан хабардор икки манбанинг билдиришича, бинода эрта тонгда ҳеч ким бўлмагани сабабли тан жароҳати олганлар ҳақида хабар келиб тушмаган.

Элчихона сешанба куни эрта тонгда Ар-Риёд, Жидда ва Заҳрон шаҳарларидаги АҚШ фуқаролари учун «жойида қолиш» ҳақида огоҳлантириш эълон қилди. Шунингдек, кейинги билдиришномага қадар фуқароларга элчихонага яқинлашмаслик тавсия этилди.

Манбаларга кўра, 3 март тонгида Ар-Риёднинг дипломатик туманида яна иккита портлаш овозлари эшитилган.

Душанба тонгда эса Саудия Арабистони Энергетика вазирлиги мамлакатнинг шарқий провинциясида жойлашган Рас-Танура нефтни қайта ишлаш заводида ёнғин чиққанини маълум қилганди. Хабарга кўра, Эроннинг иккита дрони уриб туширилган ва уларнинг парчалари завод ҳудудига тушиши натижасида ёнғин келиб чиққан. Эҳтиёт чораси сифатида заводнинг айрим бўлинмалари фаолияти тўхтатиб қўйилган.

Шунингдек, ўша куни Ар-Риёддан жанубда жойлашган «Prince Sultan» авиабазаси яқинида ҳам бешта дрон тутиб қолинганди.

Президент Доналд Трамп АҚШ элчихонасига қилинган ҳужум ва Эрон урушда америкалик ҳарбий хизматчиларнинг ҳалок бўлишига нисбатан жавоб чораси қандай бўлишини «тез орада билиб олишларини» айтди.

Минобдаги мактабга зарба

Яқин Шарқдаги урушнинг илк кунида Эрондаги қизлар мактаби зарбага учради. Бу бино Ислом инқилоби қўриқчилари базаси яқинида жойлашганди.

28 феврал тонгида АҚШ ва Исроил Эрон жанубида, стратегик аҳамиятга эга бўлган Ҳормуз бўғозидан 30–40 километр масофада жойлашган Миноб шаҳрига ракета зарбаси йўллади. Ракета қизлар учун ихтисослашган «Шажара Тоййиба» мактабига келиб урилган, бу вақтда мактабда дарслар бошланганди.

Эрон давлат нашрларининг дастлабки хабарларида зарба вақтида мактаб ҳудудида бўлган 40 киши ҳалок бўлгани айтилди. Қурбонларнинг аксари ўқувчилар эди, шунингдек, мактаб ходимлари ҳамда ота-оналар ҳам ҳалок бўлган.

IRNA давлат ахборот агентлиги хабарида ҳодиса жойида тозалаш ишлари давом этаётгани, харобалар остидан янги жасадлар чиқиши мумкинлигини маълум қилган. Эрон таълим вазирлиги 2 март куни жами қурбонлар сони 175 кишини ташкил этаётганини хабар қилди.

Америка ва Исроил томони ҳозирча Миноб бўйлаб зарбани изоҳламади. АҚШ ҳарбийлари The Washington Post мухбирининг сўровига жавобан ушбу ҳужум ҳақидаги хабар «текширилаётгани»ни маълум қилган.

Жанубий Суданда қуролли ҳужум: 169 киши ҳалок бўлди

Жанубий Судан расмийларининг маълум қилишича, якшанба куни мамлакат шимолидаги ҳудудга номаълум шахслар томонидан уюштирилган ҳужум натижасида камида 169 киши, жумладан, бир неча юқори мартабали амалдор қурбон бўлди.

Рувенг маъмурий ҳудуди расмийси ушбу ҳужумни ўнлаб қуролланган ёшлар амалга оширганини таърифлади: улар қўшни штатдан келгани ва Жанубий Судан Озодлик Армияси мухолифати билан алоқадорлигини иддао қилди. «Ҳалок бўлганлар орасида 90 нафар бола, аёл ва кексалар, шунингдек, минтақавий кучларнинг 79 нафар аъзоси, жумладан, полициячилар бор», - деди расмий.

Расмийнинг қўшимча қилишича, яна 50 киши яраланган ва уларнинг аксарияти даволаниш учун қўшни Абей маъмурий ҳудудига етказилган.

Унинг сўзларига кўра, ҳукумат кучлари сон жиҳатдан камчиликни ташкил қилган. 3-4 соат давом этган тўқнашувлар давомида ҳужумчилар уй ва бозорларга ўт қўйган.

Мухолифат бу айбловларни рад этиб, Юнити штати расмийларини зўравонликни сиёсийлаштиришда айблади. БМТ мамлакат яна тўлиқ миқёсли фуқаролар урушига қайтиш хавфи борлиги ҳақида бир неча бор огоҳлантирган.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид