Ўзбекистон | 13:45 / 26.04.2026
5746
1 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида тадбиркордан 63 минг доллар талаб қилган ФВБ бошлиғи ушланди

Тошкент вилоятидаги туманлардан бирида фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган шахс тадбиркордан жами 63 минг доллар талаб қилиб, ундан 25 мингини олаётганда ушлангани айтилмоқда. Мансабдор пулни 5,04 млрд сўмлик қурилиш шартномаларини олиб бергани учун сўраган.

Фото: ДХХ

Тошкент вилояти туманларидан бирининг ФВБ раҳбари тадбиркордан пора талаб қилгани аниқланди, дея хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати.

Мансабдор МЧЖ раҳбарига туман ҳудудидан оқиб ўтувчи учта сой қирғоқларини мустаҳкамлаш ва бетон плитали йўл ўтказгичлар қуриш бўйича 5,04 млрд сўмлик шартномани гўёки вазирликдаги ҳамкасблари орқали олиб берганини рўкач қилган.

Шу сабабли ундан 63 минг доллар миқдорида улуш талаб қилган ва март-апрел ойларида пулдан 24 минг долларини олган.

ФВБ раҳбари тадбиркордан қолган 39 минг долларини ҳам беришини сўраган. Ўтказилган тезкор тадбирда у пулдан 25 минг долларини Tracker хизмат автомашинасида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид