Иқтисодиёт | 16:44 / 07.07.2021
23381
7 дақиқада ўқилади

«Реклама тўғрисида»ги янги қонун лойиҳаси: тадбиркорларнинг бўйнига арқон, оёғига кишанми?

Ҳар қандай бизнес ривожи самарали рекламага боғлиқ экани барчага маълум. Қонунчилик палатасида биринчи ўқишдан ўтган «Реклама тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳозирданоқ тадбиркорларда катта хавотир уйғотмоқда. Тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга масъул бўлган идоралар сукутда экани бу қўрқувни икки карра оширмоқда.

Фото: Depositphotos

Янги қонун оммавий ахборот воситалари, айниқса телеканаллар бугунги кунда олиб турган даромаднинг кескин камайишига, тадбиркорлар ўз маҳсулотлари ва хизматларини реализация қилишда жиддий муаммолар дуч келишига олиб келиши мумкинлиги, реклама соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун молиявий санкциялар жорий этилаётгани эса ҳуқуқ тизимимиз учун нонсенс экани ҳақида ёзгандик.

Мақолада ушбу қонуннинг қабул қилинишидан хавотирда бўлган бошқа соҳа тадбиркорларида кутиладиган муаммолар ҳақида гапирамиз.

Реклама тўғрисидаги қонуннинг янги лойиҳасида нафақат дори-дармон ва алкоголсиз ичимликлар, балки таркибида шакар, туз ва ёғ миқдори юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини реклама қилишда ҳам чекловлар кучайтирилмоқда. Бир томондан, бу орқали истеъмолчиларни ушбу турдаги маҳсулотлардан, қайсидир маънода, ҳимоя қилиш нияти кўзланган бўлса, бошқа томондан ўз товарларини реклама қилиш ниятида бўлган соҳа вакиллари фаолиятига берилган зарба ҳам бўлади.

Болалар ва реклама

Янги лойиҳага (16-модда) кўра, вояга етмаганлар томонидан истеъмол қилиниши тақиқланган маҳсулотларни истеъмол қилаётган ёки ишлатаётган вояга етмаганларнинг тасвирларидан фойдаланиш тақиқланиши айтилган. Аммо бу талаб ҳам умумий бўлиб қолган ва ноаниқликлар билан тўла.

Масалан, вояга етмаганлар (18 ёшга тўлмаган) фойдаланмаслиги керак бўлган маҳсулотларнинг тасдиқланган рўйхати йўқ. Бундай рўйхат бўлмай туриб, қайси маҳсулот бу каби тоифага тушишини олдиндан билиш имконсиз.

Айнан мана шу банд исталганча талқин қилиниб фойдаланиш мумкин бўлган «лазейка»лардан бири бўлиб қолмоқда. Сабаби бу ерда айнан қандай озиқ-овқат ёки ичимликлар «тақиқланган» деган таснифга мос келиши аниқ айтилмаган.

Ширинликлар савдоси ҳам хавф остида

Таркибида қанд, туз ва ёғ миқдори юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини реклама қилишга оид белгиланаётган чеклов ҳам шу соҳа вакилларини ташвишга солиб қўйган. Лойиҳада бу каби маҳсулотлар рекламасига ҳам қатор чекловлар киритилиши назарда тутилган.

Эътиборлиси, амалдаги норматив ҳужжатлар орасида таркибида қанд, туз ва ёғ миқдори юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам топилмади. Kun.uz диетолог мутахассислар ёрдамида бу каби маҳсулотлар нималардан иборат эканига ойдинлик киритишга ҳаракат қилди.

Маълум бўлишича, ширин ичимликлар, қадоқланган мева шарбатлари, тайёр нонушталар, қовурилган таомлар, кондитер маҳсулотлари, хусусан, печенье ва тортлар, глютенсиз маҳсулотлар, музқаймоқ, шоколадлар, ишлов берилган гўшт (колбаса маҳсулотлари), пишлоқ, юқори калорияли кофе ичимликлари, шакар қўшилган бошқа ҳар қандай, кундалик истеъмол қилинадиган маҳсулотлар реклама қилинишида қатъий чекловлар киритилаётган маҳсулотлар турига киради. 

Қонун лойиҳасида берилган тақиқлар талқинидан мавҳумлик ва ноаниқликлар уфуриб туради.

Биз бунга қанчалик тайёрмиз?

Реклама соҳасини тартибга солувчи қонунчиликнинг бу тарзда кескин нормалар билан «бойитилиши» мамлакатдаги тадбиркорлик ва ишлаб чиқаришнинг аҳволи, қолаверса, ваколатли органларининг моддий-техник базаси тайёрми, деган саволни ўртага ташлайди.

Масалан, соғлиқни сақлаш тизими бу каби зарарли ва зарарсиз моддаларни таснифлашга қанчалик тайёр? Оддий мисол, таркибида шакар, ёғ ёки туз миқдори қанчалик кўплигини аниқловчи лабораториялар мавжудми? Қандай асос билан бу маҳсулотда шакар, ёғ ёки туз кам ёхуд кўп дейиш мумкин? Камлик ва кўпликнинг чегараси қанча бўлади?

Кўриб турганингиздек, маълум бир қонунчилик нормаларига янги талабларни қўшишдан олдин, ўша талабларни белгилаб берадиган тизимнинг ўзини яратиш ҳақида ўйлаб кўрилиши, айнан худди шундай талабларни белгиловчи тизим яратилганидан кейин соҳада ўзгаришлар қилишга, тартибга келтиришга уринса тўғрироқ бўлади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, сўнгги вақтлардаги қонун ижодкорлигида сабаблар ва оқибатлари чуқур таҳлил қилинмаяпти. Тор доирадаги муайян шахслар ёки гуруҳлар манфаатларига қаратилган қатъий нормалар жорий этилаётгани ортидан давлат ва жамиятнинг умумий манфаатларига кўпроқ зиён етмоқда.

Давлат назорати мурватларининг бу қадар қаттиқ буралиши ортидан занжир реакцияси ишга тушади – реклама берувчи ёки реклама тарқатувчи жазога тортилгудек бўлса, беихтиёр «қўл тормози»ни кўтаради. Бу савдо-сотиқ ҳажмини туширади. Савдо бўлмаган жойда тушум ҳам бўлмайди, тушум йўқ жойда давлат хазинаси солиқ тўловларидан мосуво бўлади. Ходимлар иш ўрни ва даромадидан айрилади. Якунда давлат ҳам тадбиркор ҳам даромаддан қуруқ қолади. Даромад бўлмаган жойда камбағаллик авж олади. Камбағаллик эса давлатнинг умумий ўсиш суръатларини ортга тортаверади.

Ҳали ҳам кеч эмас, қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасида иккинчи ўқишга тайёргарлик босқичида. Демак, ниманидир ўзгартиришга, тадбиркорларни муқаррар тутқунлик (аста-секинлик билан юз берадиган таназзул)дан халос этишга ҳали имконият бор.

Бу борада ташаббус ҳуқуқига эга, мамлакатда бизнес муҳити ва тадбиркорлик ривожи учун бевосита масъул идора ва ташкилотлар бор. Масалан, бу ўринда асосий майдонга, асли касби шифокор бўлган шахс раҳбарлик қилувчи, сўнгги вақтларда борлиги жамоатчиликнинг ёдидан кўтарилиш арафасида турган Савдо-саноат палатаси ёки бўлмаса тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда нисбатан фаолроқ бўлиб турган Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил чиқиши лозим.

Айнан улар тадбиркорларнинг бўйнига арқон, оёғига эса кишан бўладиган реклама тўғрисидаги янги қонун вақт борида қайта кўриб чиқилишида ташаббус кўрсатишларига умид қилиш мантиқли бўлади.  

Аввалроқ Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси парламентда муҳокама қилинаётган шаклда қабул қилинса, мамлакатнинг бутун медиа бозори молиявий барқарорлигига тузатиб бўлмас даражада зарар етиши тўғрисида баёнот берган эди.

Мазкур фонднинг жамоатчилик кенгаши раиси Комил Алламжонов ҳам қонун лойиҳаси бўйича ўз муносабатини билдириб, қонунга киритилаётган ўзгаришлар ОАВни молиявий жиҳатдан «ўлдириши» ҳақида гапирганди.

Кейинроқ «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси, депутат Бобур Бекмуродов қонунлар кўриб чиқилиши жараёни ҳақида тушунтириш бериб, биринчи ўқишда қонун лойиҳаси концептуал жиҳатдан кўриб чиқилиши, иккинчи ўқишда муҳокама ва овоз бериш моддама-модда ўтказилиши, қонуннинг айни бир қисми соҳа ривожига зарар етказиши мумкин бўлса, ушбу моддани ўзгартириш ёки бутунлай чиқариб ташлаш имконияти борлигини айтди.

Шунингдек, «Миллий тикланиш» демократик партияси етакчиси Алишер Қодиров бу борада изоҳ бериб, қонун лойиҳасига «Миллий тикланиш» ДП фракцияси ҳам қатор таклифлар тайёрлаётгани, амалдаги таҳрирга эътирозлари борлигини айтганди.

Мавзуга оид