«Амирсой» курорт зонасида 700 туп дарахт кесиб ташланди
2021 йил 15 июн куни Бўстонлиқ туманидаги "Амирсой" қўшма корхонасига тегишли курорт зонаси ҳудудини ва унга олиб борувни йўлни кенгайтириш мақсадида 700 туп дарахт нобуд қилинган.
Kun.uz’га келиб тушган ҳужжатлардан маълум бўлишича, ноқонуний дарахт кесилиши ҳолати бўйича Тошкент вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан барча керакли ҳужжатлар тўпланиб, ҳуқуқий баҳо бериш ва етказилган зарарни ундириш чораларини кўришни сўраб 2021 йил 30 июн куни вилоят прокурорига тақдим этилган.
Маълум бўлишича, кесиб ташланган 125 туп дарахт учун табиатга 141 млн сўм зарар етказилгани аниқланган, шунингдек, ҳукумат қарори билан белгиланган тартибда зарар 5 бараварга ҳисобланиб, жами 705 млн сўм ундирилиши белгиланган. Илдизи билан қўпорилиб, бекитиш мақсад қилинган 575 туп дарахт бўйича етказилган зарар 253 млн экани аниқланган ва ушбу сумма ҳам бешга кўпайтирилиб, жами 1 млрд 265 млн сўм ундирилиши белгиланган. 700 туп дарахт учун жами етказилган зарар 394 млн сўм бўлса, қонунга мувофиқ ундирилиши лозим бўлган сумма жами зарар 1 млрд 970 млн сўм қилиб белгиланган.
Таҳририят ҳолат бўйича Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси матбуот котиби Озод Ражабов билан боғланганида, у ҳақиқатан ҳам шундай ҳолат аниқланганини, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, вилоят прокуратурасига жўнатилганини тасдиқлади. Материаллар прокуратурада бўлгани боис қўмита ишнинг кейинги тафсилотлари бўйича маълумотга эга эмаслигини билдирди.
Тошкент вилоят прокуратураси ахборот хизмати вакили Арслон Тошпўлатов Kun.uz’га ҳолат бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганини, тез орада батафсил маълумот берилишини билдирди.
Аввалроқ, Денов шаҳрида 109 туп ноёб дарахт кесиб ташланганида ҳуқуқбузар томонидан етказилган зарар (65 млн сўм) кўп миқдорни ташкил этмаганлиги, 329 млн сўм ҳисобланган зарар Ҳукумат қарорига асосан бешга кўпайтириб чиқарилган сумма экани, жиноят иши қўзғатишда бирламчи сумма (65 млн сўм) инобатга олиниши боис, жиноят ишини қўзғатиш рад қилингани билдирилганди.
Бундан ташқари, Иштихон ва Термизда ҳам халқаро савдо маркази қуриш учун ажратилган ҳудудда кўплаб дарахтлар кесилганди.
Маълумот учун, жорий йил 9 сентябр куни президент ЎзЛиДеП қурултойида сўзлаган нутқида дарахтларни кесишга муддатсиз мораторий жорий қилинишини эълон қилганди.
Мавзуга оид
21:14 / 26.11.2024
Тошкентда ҳаракатланиб кетаётган машиналар устига дарахт шохи қулади
16:47 / 22.11.2024
Дарахтларга кимёвий воситалар билан шикаст етказганлик учун жавобгарлик белгиланди
16:18 / 15.11.2024
Янгийўлда 5 туп дарахтни кесиб ташлаган шахс табиатга 533 млн сўм зарар етказди
17:40 / 08.11.2024