Жамият | 11:43 / 02.04.2019
11036
5 дақиқада ўқилади

ОАВ ОАК ҳақида ёзмоқда. Соҳада ислоҳотлар давом эттириладими?

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан бошлаб мамлакатда илмий даража ва унвонлар бериш тизими икки марта (2012 ва 2017 йилларда) кескин ўзгаришларга юз тутганидан кўпчиликнинг хабари бор. Олий аттестация комиссияси фаолиятининг асосий қисми мана шу тизим билан боғлиқ бўлгани учун унинг самарали фаолиятига кўп нарса боғлиқ.

2016 йилнинг сентябрига қадар оммавий ахборот воситалари маълум босимлар остида фаолият юритгани боис, кўп мавзулар қатори бу мавзуда ҳам танқидий чиқишлар бўлмади. 2012 йилда жорий этилган бир поғонали илмий даража тизимидан аксарият соҳа одамлари норози бўлгани сир эмас. Лекин ОАВда очиқ чиқишлар кузатилмади. Бу тизим ҳақидаги дастлабки очиқ чиқиш фалсафа фанлари доктори, профессор Мамашокиров Саидмурод томонидан бўлди. Бу мақолада профессор амалдаги тизим муаммоларини бирма-бир санаб ўтади. Хусусан, диссертация ишлари мавзусининг танлаш, таҳрир қилиш ва эълон қилишдан бошлаб, ОАК томонидан тасдиқланган илмий журналлар рўйхати иррационал эканлиги, илмий натижаларни жорий қилиш борасидаги расмиятчилик ҳақида тўхталиб, якуний таклиф сифатида ўша пайтдаги Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси (кейинчалик бу қўмита ҳозирги инновация вазирлиги таркибига киритилди) ва ОАКни қўшиб юбориш ҳақида таклиф берган.

Шу мақолага акс-садо сифатида эълон қилинган кейинги мақолада муаллиф ОАКнинг олдинги мақолада тилга олинган камчиликларига атрофлича тўхталиб, бу ишларда бевосита ОАК раисини айбдор қилиб кўрсатади. Муаллиф мақола сўнгида ОАК тугатилиб, унинг ваколатлари ОТМ ва ИТИларида ташкил этиладиган илмий кенгашларга берилишини таклиф қилади.

Бу орада ОАК икки табақали илмий даража бериш тизимига оид Президент фармони ва ВМ қарорини чиқартириб, қоғозбозликни, диссертантларга тўсиқни камайтиргандек таассурот қолдирувчи ишларни бошлади. Тизимдаги бундай ўзгаришларга қарамасдан диссертантлар йўлидаги ОАК томонидан қўйилган тўсиқларга энди илмий кенгашлар томонидан қўйиладиган қўшимча талаблар қўшилди. Охир-оқибат бир йил ўтар-ўтмас инновация вазирлиги ташаббуси билан ОАК фаолиятини тугатиб, унинг ўрнига вазирлик қошида бўлим очиш, ОАКнинг аксарият ваколатларини ОТМ ва ИТИларида очиладиган илмий кенгашларга бериш ҳақидаги лойиҳаси омма эътиборига ҳавола этилди. Афсуски, бу лойиҳа соҳа мутахассислари кенг жалб қилинмай тайёрлангани туфайли, турли давра учрашувларига қарамасдан, илмий доирада етарлича қўлловга эга бўлмади. ОАК эса тизим ўзгариши туфайли эришилган ютуқларни турли давраларда тарғиб этиб борди. Мазкур йилнинг февраль ойида ОАК фаолиятини самарали йўлга қўйишни кўзловчи, унинг маълум бир ваколатларини, масалан, илмий даража беришни синов тариқасида маълум ОТМ ва ИТИларга бериш каби ўзгартиришлар киритишни ўз ичига олган ВМ қарор лойиҳаси омма эътиборига ҳавола этилди. ШУндан кейин ОАК фаолиятига нисбатан танқидий чиқишлар яна пайдо бўла бошлади. Жумладан, Ўзбекистон Ахборот агентлигида чоп этилган «Олий аттестация комиссияси ўз вазифасини қандай уддалаяпти?» сарлавҳали суҳбат-мақола ва унга муносабат тарзида худди шу ОАВда илмий тадқиқотчи Бахтиёр Шералиевнинг муносабати нашр этилди. Шундан сўнг, ОАК матбуот котибининг бу танқидий чиқишларга жавоб ўлароқ ОАКнинг ўзига хос ҳисоботи шаклидаги жавоби эълон қилинди. Бу мақолада танқидий чиқишларда тилга олинган камчиликларга жавоб берилмайди. ОАК фаолияти борасидаги танқидий чиқишлар давоми ўлароқ кеча яна бир мақола берилди.

«Буюк Келажак» эксперти, Пусан чет тиллари университети профессори Азамат Акбаровнинг таълим соҳасидаги коррупцияни йўқотишга оид, Олий таълим вазирига йўллаган очиқ хати, олий таълимдаги янги трендларга оид чиқишларида ОАК фаолиятига оид ҳам фикрларни баён этган.

Энди навбат ОАКга. Умид қиламизки, бундай чиқишларни соҳани координация қилувчи юқори мартабали масъуллар кузатиб боришмоқда ва келгусидаги ислоҳотларда турли томонларнинг фикрларини инобатга олган ҳолда ислоҳотни давом эттиришади.

Мавзуга оид