Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Экстерриториал тамойил, бекор қилинаётган “ИНН” ва тан олинаётган ДХА — Нўъмон Муҳаммадиев билан суҳбат
“Ҳозир олдингидай битта ҳужжатни олиш учун тўртта эшикка кириб чиқилмаяпти. Барчаси битта жойда ҳал бўляпти. Илгари фуқаролар битта хизматдан фойдаланиб, жавобини 20 кун кутишган бўлса,бугунга келиб бу муддат 3 кунгача қисқартирилди”, – дейди Давлат хизматлари агентлиги директори ўринбосари.
Давлат хизматлари агентлиги директори ўринбосари Нўъмон Муҳаммадиев аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш соҳасининг бугунги ҳолати ва истиқболлар мавзусида Kun.uz мухбири билан суҳбатда бўлди.
– Президент фармони билан 1 июндан бошлаб туғилиш, никоҳ тузилганлиги, никоҳдан ажралиш, ўлим, исм ва фамилияни ўзгартириш, оталикни белгилаш ҳамда фарзандликка олишни қайд этиш, никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш, хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш кабилар экстерриториал тамойил асосида амалга оширилиши белгиланганди. Келгусида яна қайси турдаги давлат хизматларига нисбатан экстерриториал тамойил татбиқ этилиши режалаштирилмоқда?
– ФҲДЁ соҳасида 60 млндан ортиқ қоғоз кўринишидаги архив ҳужжатларини электронлаштирдик, яъни ҳужжатлар рақамлаштирилди. Натижада, эндиликда экстерриториал хизматларни бажаришимиз имконияти пайдо бўлди. Бу хизматни электрон базага киритмасдан туриб амалга ошириш имконсиз эди. Энди бошқа идораларнинг архивдаги ҳужжатларини рақамлаштириш бўйича катта иш олиб борилмоқда.
Рақамлаштириш натижасида ФҲДЁ соҳасида экстерриториал тамойил амалга оширилди, яъни фуқаро қайси жойда рўйхатга ўтишидан қатъи назар, хизматлардан фойдаланиши мумкин бўлди. Дейлик, куёв Нукус шаҳридан, келин тошкентлик бўлса, иккаласи биргаликда ариза топшириши керак эди, яъни куёв Тошкентга келиши ёки келин Нукусга бориши шарт эди. Энди эса шундай имконият яратилдики, куёв ўз шаҳридан туриб аризасини онлайн юбориши мумкин ва улар рўйхатга олинади. Тиббий кўрик масаласи ҳам худди шундай, ўз ҳудудидан туриб тиббий кўрикдан ўтса бўлади.
2020 йилда ФҲДЁга 1 млн 400 минг ариза келиб тушган бўлса, шундан 400 минги турли ҳудудларда яшовчи инсонлар томонидан берилган. Экстерриториал тамойилнинг ишга тушиши фуқароларга енгиллик яратди. Ҳозиргача 500га яқин инсон экстерриториал хизматдан фойдаланган.
Агентлик ўзи кўрсата оладиган хизматларни тўлиқ экстерриториал тамойилга ўтказиб бўлди. Ўзбекистон фуқароси исталган ҳудудда бўлганида давлат хизматларидан эркин фойдалана олади.
– 1 июлдан солиқ органларида солиқ тўловчиларнинг ҳисобини юритиш жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР)дан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши белгиланган. Содда қилиб айтадиган бўлсак, ЖШШИР Ўзбекистонда барча давлат, банк, ижтимоий ва бошқа хизматларни кўрсатишда фуқаро шахсини тасдиқловчи ягона идентификаторга айланади. Ҳамма давлат органлари бу ўзгаришларга тайёрми?
– Кундалик ҳаётимизда қайси ташкилотга борсангиз, СТИР (ИНН) билан боғлиқ ҳолатга дуч келинади. Эндиликда фармон билан 1 июлдан бошлаб солиқ тўловчининг ИННни бериш хизмати бекор бўляпти ва ўрнига жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР) жорий қилиняпти. Шахс вояга етган кундан, яъни фуқаролик паспорти ёки ID-карта олган кундан бошлаб ЖШШИР берилади ва автоматик солиқ тўловчи сифатида рўйхатга қўйилади, шу билан бирга жамғариб бориладиган пенсия тизимига ҳисобга олинади.

Ўрганишларда маълум бўлдики, 2020 йилда 260 мингта ҳолатда ИНН берилган, жамғариб бориладиган пенсия тизимида эса 220 минг ҳолатда хизмат кўрсатилган. Иккаласи жами 500 мингга яқин ҳолатда фуқаролар давлат идораларига боришга мажбур бўлган.
Бу нарса 1 июлдан жорий этилишга тайёрми, деган саволга келсак, бу бўйича Марказий банк, Солиқ қўмитаси, Персоналлаштириш маркази, ИИВ ва бошқа тегишли ташкилотларнинг ахборот тизимлари ўзаро интеграция қилинди ва 1 июлдан ишга тушишга тайёр ҳолга келди.
– ДХА 2019 йилнинг охирида ўтказган матбуот анжуманида айрим давлат органлари ўзлари бериб келаётган ҳужжатларни давлат хизматлари марказлари орқали тақдим этилишига қаршилик қилаётгани айтилган эди. Жумладан, хорижга чиқиш паспорти, руҳий касалликлар ёки наркология бўйича диспансер ҳисобида туриш-турмаслиги, судланганлик ҳақидаги маълумотномалар, манзил-маълумот ахбороти кабилар санаб ўтилганди. Бугун уларнинг барчаси давлат хизматлари марказларига ўтган. Бугун ҳам шундай қаршиликлар учраб турибдими?
– Ўша пайтда турли давлат идоралари томонидан кўрсатилиб келаётган хизматларнинг марказларимизга ўтказилишига қаршилик қилган, тушуниб-тушунмасдан эътироз билдирган мансабдор шахслар кейинги йиллар давомида бизга ўтказилган давлат хизматларидан ўзлари ҳам фойдалана бошлашди. Олдингидай битта ҳужжатни олиш учун тўртта эшикка кириб чиқилмаяпти ҳозир. Барчаси битта жойда ҳал бўляпти.
Давлат хизматлари кўрсатиш муддатлари қисқартирилди. Илгари фуқаролар битта хизматдан фойдаланиб, жавобини 20 кун кутишган бўлса, бугунга келиб бу муддат 3 кунгача қисқартирилди. Табиийки, ўзининг тизимидаги хизматларни бизга ўтишига қарши бўлган мансабдор шахслар бу ўзгаришларнинг қулайлигига кейинчалик ўзлари ҳам амин бўлишди.
Тўғри, ҳеч қайси идора ёки ташкилот ўзининг ваколатини бировга бергиси келмайди. Бугун аксарият давлат органларининг раҳбарлари ўзлари бизга мурожаат қилиб: “Мана бу хизматимизни ҳам сизлар орқали кўрсатайлик!”, “Мана шу хизмат ҳам давлат хизматлари марказларига ўтса, фуқароларга яхши бўлади”, “Тизимимиздаги бюрократик ҳолатлар устида бирга ишлаб соддалаштирайлик”, деган ташаббус билан чиқишмоқда. Яъни марказларимиз томонидан кўрсатилаётган давлат хизматларининг афзаллигини тан олишяпти.
Жамшид Ниёзов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
21:11 / 04.05.2026
Ўзбекистонда 086-шаклдаги тиббий маълумотномани онлайн юклаб олиш имконияти пайдо бўлди
14:43 / 11.04.2026
Хориждаги ўзбекистонликлар элчихона қабулига онлайн ёзилиши мумкин бўлди
16:05 / 23.02.2026
МИБдан қарздорликни қандай текшириш мумкин?
15:24 / 19.02.2026