Ўзбекистон | 18:48 / 28.07.2023
14166
3 дақиқада ўқилади

4 млрд сўмга 16 та Tracker – Сирдарё вилоят ҳокими ўринбосарлари ва маҳаллий ҳокимларга янги хизмат машинаси олиб берилади

Сирдарё вилоятида маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан вилоят ҳокими ўринбосарлари ҳамда туман ва шаҳар ҳокимлари учун16 та Tracker харид қилишга 4 млрд сўм ажратилди. Бу ҳақда маҳаллий кенгаш қарори қабул қилинган. Аммо вилоят ҳокими ўринбосарларида ҳам, айрим туман ва шаҳар ҳокимларида ҳам янги хизмат машинасига муҳтожлик йўқ.  

E-qaror платформасида халқ депутатлари Сирдарё вилояти кенгашининг VI-52-98-9-0-К/23 рақамли қарори эълон қилинди. Ҳужжат билан айрим “харажатларга” вилоят маҳаллий бюджетининг 2023 йилда шаклланган қўшимча манбалари ҳисобидан 7,6 млрд сўм маблағ ажратиш назар тутилган. 

Қарор иловасида ажратилган маблағ нимага йўналтирилиши келтириб ўтилган. Жумладан, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари ҳамда туман ва шаҳар ҳокимларига 16 та Tracker автомобилини харид қилиш учун 4 млрд сўм ажратилган.

Сирдарё вилояти ҳокимининг 8 нафар ўринбосари бор. Аммо айни пайтда уларнинг ихтиёрида ишлаб чиқарилганига 6 йилдан ошмаган хизмат машиналари мавжуд.

Жумладан, вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Рахимжон Бобоев 2019 йилда ишлаб чиқарилган Malibu машинасидан фойдаланади. Вилоят ҳокимининг ўринбосарлари – Дилмурод Абдураҳмоновда 2022 йилда ишлаб чиқарилган Hyundai Santa Fe, Эркин Мўминовда 2018 йилда ишлаб чиқарилган Lacetti, Воҳид Ибодуллаевда 2022 йилда ишлаб чиқарилган Hyundai Tucson, Баҳодир Ботировда 2019 йилда ишлаб чиқарилган Malibu, Шохруҳ Исоқуловда 2020 йилда ишлаб чиқарилган UAZ 3163485 хизмат машинаси бор. Вилоят ҳокимининг бугун ишдан олинган ўринбосари Шавкат Зайниддинов 2017 йилда ишлаб чиқарилган Captiva машинасидан фойдаланиб келган.  

Туман ва шаҳар ҳокимларининг ҳам барчасини янги Tracker’га муҳтож деб бўлмайди. Сабаби, Ширин ва Янгиер шаҳарлари ҳамда Оқолтин ва Мирзобод туманлари ҳокимлари 2019-2020 йилларда ишлаб чиқарилган Lacetti машиналаридан фойдаланишади. Сардоба ва Гулистон туманлари ҳокимларида эса 2019 йилда ишлаб чиқарилган Chevrolet Niva бор.

Очиқ манбаларга кўра, Сирдарё вилояти ҳокимлиги ҳамда барча туман ва шаҳар ҳокимликлари тасарруфида жами бўлиб 107 та машина бор. Уларнинг энг эскиси 1996 йилда ишлаб чиқарилган Mersedes-Bens машинаси ҳисобланади. 27 “ёшли” ушбу машинадан Ховос тумани ҳокими фойдаланади.

Мавзуга оид