Иқтисодиёт | 15:11 / 08.10.2025
7376
2 дақиқада ўқилади

Мутлақ рекорд: Ўзбекистоннинг халқаро захиралари 55 млрд долларга етди

2025 йил 1 октябр ҳолатига, Ўзбекистоннинг расмий захира активлари 54,99 млрд долларни ташкил этди. Бу – тарихий рекорд кўрсаткичдир. Жаҳон бозорида олтин нархлари йил бошидан бери қарийб 50 фоизга ошди.

Фото: Getty Images

2025 йил 1 октябр ҳолатига, Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 54,99 млрд долларни ташкил қилди. Захиралар қиймати ўтган ойга нисбатан 4,9 млрд долларга кўп. Бу ҳақда Марказий банк тақдим қилган ҳисоботда келтирилган.

Сентябр ойи давомида захираларнинг валюта қисми 735 млн долларга ошган бўлса, олтин қисмининг қиймати 4,17 млрд долларга ошиб 44,2 млрд долларгача кўпайган.

Захиралар таркибида олтиннинг физик ҳажми 11,8 млн троя унциядан 11,6 млн троя унцияга камайган.

Жаҳон бозорида олтин нархларининг ошиб бориши фонида йил бошидан бери Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари сезиларли даражада кўпайди. 1 октябр ҳолатига қайд этилган қарийб 55 млрд долларлик захиралар – мамлакат учун тарихий рекорд кўрсаткичдир.

Бундан ташқари, Марказий банк томонидан харид қилинган қимматли қоғозларнинг қиймати ўтган ойда бироз ошиб, 1 млрд 19 млн долларга етган.

Олтин нархининг йил бошидан бери кескин кўтарилиши глобал бозорлар билан бевосита боғлиқ. Феврал–май ойларида жаҳон миқёсида геосиёсий тангликлар ва АҚШ федерал резерв сиёсати туфайли олтин кескин қимматлашди.

Июлда эса қисқа муддатли пасайиш кузатилди. Август–сентябрда нарх яна тикланиб, бу даврда 3,4 фоиз ўсиш қайд этилди. Таҳлилчилар фикрича, бундай тенденция мавсумий талаб ва глобал иқтисодий ноаниқликлар билан изоҳланади. 7 октябр куни олтин нархи тарихда биринчи марта 1 унция учун 4000 доллардан ошди.

Тайёрлаган:  Достон Аҳроров

Мавзуга оид