Ўзбекистон | 14:40 / 25.08.2023
14375
2 дақиқада ўқилади

Туркманистон Ўзбекистонга йилига 2 млрд куб метргача газ етказиб беради

Расмий Тошкент ва Ашхобод йилига 2 млрд куб метргача туркман газини Ўзбекистонга етказиб бериш бўйича янги шартнома имзолади. Бу ҳақда Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов маълум қилди. 

Фото: РИА Новости

«UzGazTrade» ва «Тurkmengas» компаниялари ўртасида йилига 2 млрд куб метргача туркман газини Ўзбекистонга етказиб бериш бўйича қисқа муддатли шартнома имзоланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Туркманистон оммавий ахборот воситаларига берган интервюсида маълум қилди.

Бундай келишувга Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва Туркманистон бош вазирининг ёқилғи-энергетика комплекси бўйича ўринбосари Ботир Аманов ўртасидаги музокаралар чоғида эришилган. Учрашув Ашхободда бўлиб ўтган.

«Бу бошланиши. Биз ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришнинг кенг истиқболларини муҳокама қилдик. Бу узоқ муддатли шартнома ишлаб чиқишни ҳам ўз ичига олади. Газ Ўзбекистоннинг ички эҳтиёжлари учун йўналтирилади», деган Мирзамаҳмудов.

Бундан ташқари, учрашувда электр энергиясини учинчи давлатларга транзит қилиш, нефт ва нефт маҳсулотларини етказиб бериш соҳасида ҳам ўзаро ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинган.

Аввалроқ, 2023 йил 4 август куни Ашхободда бўлиб ўтган уч томонлама саммит доирасида Туркманистон делегацияси Ўзбекистон ва Тожикистон билан газ соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш ташаббусини илгари сурганди. Ушрашувда туркман томони Ўзбекистон ва Тожикистонга газ соҳасида стратегик ҳамкорлик таклиф қилганди.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил декабр ойида Ўзбекистон ва Туркманистон биринчи марта учинчи томоннинг иштирокисиз, фақат икки томонлама музокаралар орқали қисқа муддатли газ таъминоти бўйича келишувга эришганди. Ўшанда расмий манбалар аноним ҳолатда кунига 20 млн куб метр (3 ойда жами 1,5 млрд куб метр) газ импортига келишилганини айтганди.

Мавзуга оид