Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Оқ уйга келган Аш-Шаръа, Деҳлидаги портлаш ва қамоқдан чиқарилган Саркози – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Аш-Шаръа Оқ уйда
10 ноябр куни АҚШ президенти Доналд Трамп Вашингтонда Сурия президенти Аҳмад аш-Шаръа билан тарихий музокаралар ўтказди. Трамп учрашувдан сўнг Сурияни муваффақиятли давлатга айлантириш учун «қўлидан келган барча ишни қилишга» ваъда берди.
Шаръа диктатор Башар Асадни ағдариб, ҳокимиятни эгаллагани кейин яқинда Кремлга борган эди, олдинроқ Европа давлатларига ҳам ташриф буюрди ва БМТда чиқиш қилди. АҚШга эса Бразилиядаги саммит кейин етиб келди. Илгари ўзининг боши учун 10 миллион доллар мукофот эълон қилган давлатга президент ўлароқ расмий ташриф эса, бу йилда Сурия дипломатиясининг энг чўққиси бўлди.
Reutersʼга кўра, Шаръанинг ташрифи давлати мустақилликка эришганидан буён, яъни деярли 80 йилдан бери илк марта Сурия раҳбарининг Оқ уйга ташрифи бўлди.
Шаръа кутилган дабдаба билан эмас, оддий тарзда кутиб олинди — Оқ уйнинг асосий киришидан эмас, ён эшикдан кирди. Журналистлар уни фақат қисқа дақиқа кўра олдилар. Учрашув тафсилотлари ҳам расман очиқланмади.
«У жуда «оғир жой»дан келган ва ўзи ҳам қатъий инсон. У менга ёқди. Биз Суриянинг янги президенти билан яхши тил топишдик. Унинг ўтмиши «оғир» бўлган. Аммо очиғини айтганда, агар инсоннинг қийин ўтмиши бўлмаса, у ҳеч нарсага эриша олмайди. У Эрдўған билан жуда яхши чиқишади. У эса Сурияда рўй бераётган жараёнларни қўллаб-қувватлайди. Биз Сурияни ишлайдиган тизимга айлантиришимиз керак», — деди Трамп.
Шаръа Вашингтонга келишининг асосий мақсади энг оғир АҚШ санкцияларини тўлиқ бекор қилдириш эди. Трамп билан ёпиқ эшиклар ортида учрашган пайтда, АҚШ Молия вазирлиги «Цезар қонуни» бўйича санкциялар ижросини тўхтатиш муддати яна 180 кунга узайтирилганини эълон қилди. Аммо санкцияларни бутунлай бекор қилиш ваколати фақат Конгрессга тегишли.
Сурия ахборот вазирлигига кўра, Дамашқ яқинда АҚШ бошчилигидаги «ИШИДга қарши глобал коалиция» билан сиёсий ҳамкорлик декларациясини имзолаган.
Тарихий учрашувдан бир неча соат олдин Яқин Шарқдаги манбалар «ИШИД »нинг Шаръани ўлдиришга қаратилган икки фитнаси сўнгги ойлар ичида фош этилганини билдирди.
Деҳлида автомобил портлади: 8 киши ҳалок бўлди
10 ноябр куни кечқурун Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳридаги тарихий Қизил қалъа яқинида портлаш содир бўлди. Унда камида саккиз киши ҳалок бўлди, яна 20 киши жароҳатланди.
Полициянинг маълум қилишича, секин ҳаракатланаётган автомобил йўл чорраҳасида тўхтаганида, соат 19:00 атрофида портлаб кетган. Яқин атрофдаги бир нечта автомобиллар ҳам жиддий зарар кўрган.
Портлаш натижасида метро станцияси яқинидаги гавжум кўчада бир нечта автомобиллар вайронага айланган, жасадлар парчаланган ҳолатда қолган.
Бу — аҳолиси 30 миллиондан ошган, кучли қўриқланадиган шаҳарда жуда кам учрайдиган портлаш бўлиб, мамлакатнинг бир неча штатлари ва муҳим объектларида юқори даражадаги огоҳлантириш эълон қилинишига сабаб бўлди.
Ҳиндистон ички ишлар вазири Амит Шаҳ душанба куни «барча йўналишларда тергов олиб борилмоқда, хавфсизлик идоралари тез орада хулосага келади», деб баёнот берди. Маҳаллий ОАВларга кўра, Ҳиндистон полицияси пойтахт мегаполисида содир бўлган ҳалокатли автомобил портлашини «террорчиликка қарши» қонун доирасида тергов қилмоқда.
Қизил қалъа — 17-асрда қурилган Бобурийлар даври иншооти бўлиб, форс ва ҳинд меъморчилиги услубларини уйғунлаштирган, жуда кўп сайёҳлар келадиган тарихий ёдгорликдир. Ҳиндистон бош вазири ҳар йили, мустақиллик куни шу қалъа деворларидан туриб халққа мурожаат қилади.
Саркози қамоқдан чиқарилди
Франция суди душанба куни собиқ президент Николя Саркозини қамоқдан озод қилишга қарор қилди. Суд адвокатларининг апелляция жараёни якунланмагунча уни озодликка чиқариш ҳақидаги сўровини маъқуллаган. У 21 октябр куни Париждаги Ла Санте қамоқхонасига жойлаштирилган эди. Французларнинг илк марта қамоққа олинган президенти у ерда 20 кун ўтирди.
Озодликка чиқарилганидан сўнг, суди Саркозига адлия вазири Жерар Дарманен билан алоқага чиқишни ҳамда Франция ҳудудини тарк этишни ман этди. Суд «айбланувчилар ўртасидаги босим ёки тил бириктириш хавфи ҳали ҳам тўлиқ истисно этиб бўлмайди» деб ҳисобламоқда.
Прокурорлар ҳам Саркозининг судларга доимий қатнашгани ва полиция билан ҳамкорлик қилганини инобатга олиб, уни суд назорати остида озод қилишни қўллаб-қувватлашган.
Эслатиб ўтамиз, сентябр ойида Франция собиқ президенти Николя Саркози 2007 йилги сайлов кампаниясини Ливия маблағлари билан ноқонуний молиялаш иши бўйича беш йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Саркози 2007 йилдан 2012 йилгача Франция президенти лавозимида ишлаган.
Трамп америкаликларга 2 минг доллардан тўламоқчи
АҚШ президенти Доналд Трамп мамлакат божларидан тушадиган даромадлардан фуқароларнинг ҳар бирига камида 2000 доллар миқдорида “дивиденд” тўлашни хоҳлашини маълум қилди. Тегишли ёзувни Оқ уй раҳбари 9 ноябр куни Truth Social ижтимоий тармоғида жойлаштирди.
“Божларга қарши бўлган одамлар — аҳмоқлар! Ҳозир биз дунёдаги энг бой ва ҳурматли мамлакатмиз, деярли нол инфляция ва фонд бозорида рекорд кўрсаткичлар билан”, - деб таъкидлайди Трамп.
“Биз триллионлаб доллар оляпмиз ва тез орада 37 трлн долларлик улкан қарзимизни тўлашни бошлаймиз. АҚШда рекорд даражадаги инвестициялар амалга оширилмоқда. Ҳар бир фуқарога камида 2000 доллар миқдорида дивиденд тўланади”, — дейилади хабарда.
Dpa агентлиги қайд этишича, Америка раҳбари бир неча ой аввал ҳам АҚШ фуқароларига тўловлар ғоясини оммавий равишда айтган, аммо ҳозиргача бу чорани амалга ошириш бўйича аниқ қадамларни белгиламаган.
Трамп ўз постида “деярли нол инфляция” ҳақида гапирган бўлса-да, бу кўрсаткич 3 фоиз даражасида сақланиб турибди. Шунингдек, Ню Йорк ва бошқа йирик шаҳарларда уй-жой ижараси юқори бўлиб қолмоқда.
Эквадордаги қамоқхонада жанглар
9 ноябр тонгида Эквадорнинг Мачала шаҳридаги Эл Оро қамоқхонасида жиноий гуруҳлари ўртасида келиб чиққан тўқнашувларда 4 маҳбус ҳалок бўлган, яна 30 дан ортиғи жароҳат олган.
Бироз вақт ўтиб, хавфсизлик ходимлари бинонинг учинчи қаватида осилган ҳолда қолган яна 27 маҳбус жасадини топганликларини маълум қилди. Жами ҳалок бўлганлар сони 31 кишига етди.
BBCʼнинг ёзишича, мамлакатдаги ортиқча тўлдирилган қамоқхоналар сўнгги йилларда бир неча марта оммавий исёнлар ва тўқнашувларга саҳна бўлиб келган, натижада юзлаб маҳбуслар ҳалок бўлган.
Бу сафарги тўқнашувлар баъзи маҳбусларни янги қурилган қамоқхонага кўчириш режалари сабаб бошланган.
Айни қамоқхонада шу йилнинг сентябр ойида ҳам ўхшаш фожиа юз берган — ўшанда 13 маҳбус ва битта қўриқчи рақиб гуруҳлар ўртасидаги жангда ҳалок бўлган эди.
Маҳбуслар яқинлари қамоқхоналарда хавфсизликни кучайтиришни, рақиб гуруҳларни бир-биридан ажратишни сўрамоқда. Мачала аҳолиси эса кўп йиллардан буён шаҳар марказида жойлашган бу қамоқхонани кўчиришни талаб қилиб келади.
Президент Даниэл Нобоа ҳукумати бу йил бошида бошқа ҳудудда янги, максимал хавфсизликдаги қамоқхона қурилаётганини эълон қилган эди. Ички ишлар вазирлигига кўра, бу муассаса ноябр ойи охирида очилади ва энг замонавий хавфсизлик тизимларига эга бўлади.
Мавзуга оид
16:20 / 31.03.2026
Исроилда фаластинликларни камситувчи қонун, Ҳўрмузда ёқиб юборилган Кувайт танкери ва Германияга келган Аш-Шаръа – кун дайжести
15:30 / 30.03.2026
Яқин Шарққа келган АҚШ десантчилари, Кубага келаётган Россия танкери ва Трампга қарши намойишлар – кун дайжести
15:21 / 28.03.2026
Саудияда яраланган АҚШ ҳарбийлари, Путиннинг олигархлар билан ёпиқ учрашуви ва ФҚБ директорига ҳакерлар ҳужуми – кун дайжести
14:48 / 27.03.2026