Ўзбекистон | 18:04 / 06.12.2022
14748
3 дақиқада ўқилади

Миллий университетдан йўқолган нодир қўлёзмалар иши: кутубхона раҳбари озод қилинди

Апелляция суди ЎзМУ Ахборот-ресурс маркази раҳбари Ирина Кислицина китобларни ўзлаштиргани тасдиқланмаган деб топди. Судланувчининг ҳаракатлари ЖК 167-моддаси (талон-торож)дан 207-моддаси (мансабга совуққонлик)га қайта квалификация қилинди.

6 декабрь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судлов ҳайъати апелляция инстанциясида Ўзбекистон Миллий университети Ахборот-ресурс маркази раҳбари Ирина Кислицинага оид иш юзасидан апелляция шикояти кўриб чиқилди.

Суд судланувчи ЎзМУда китобларни ўзлаштирганлиги тасдиқланмаган деб топди, шунингдек у ўз мансаб вазифаларини лозим даражада бажармаганлиги тасдиқлангани сабабли туман судининг ҳукми ўзгартирилди. Унга кўра, судланувчининг ҳаракатларида Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» бандидан 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш) 1-қисмига қайта квалификация қилинди.

Судланувчига Жиноят кодексининг 227-моддасида назарда тутилган айбловлар (ҳужжатларни нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш) билан, 45-моддага асосан тайинланган жазолар аслича қолдирилди.

Якунда АРМ раҳбарига ўташ учун узил-кесил 6 ой 23 кун озодликни чеклаш ва 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Университет фойдасига 2,6 миллиард сўмдан ортиқ моддий зарарни ундириш қисми бекор қилинди.

Шунингдек, судланувчининг қамоқда сақлаш эҳтиёт чораси бекор қилиниб, суд залида қамоқдан озод қилинди.

Шу йилнинг 10 октябрь куни бўлиб ўтган жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани судида Ирина Кислицинага узил-кесил 2 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик берувчи лавозимларда ишлашни тақиқлаш ҳамда 5 йил-у 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган эди. Ўшанда судланувчи, ЎзМУ Ахборот ресурс маркази директори И.К. терговда унга қўйилган айбловлар ўз исботини топмаганини ва китобларни у ўғирламаганини таъкидлаган ва апелляция шикояти берган.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилдаги таъмирлаш ишларидан сўнг Ўзбекистон Миллий университетининг нодир қўлёзмалар сақланадиган музейи фаолияти тикланмаган. 2021 йил 23 декабрь куни Kun.uz у ердаги қимматбаҳо ва ўта нодир ҳисобланган 100дан ортиқ китоблар сотиб юборилган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эди.

Хабардан бир кун ўтиб, ҳолатни Бош прокуратура ўргана бошлади. Дастлаб вазиятга изоҳ беришдан қочиб юрган ЎзМУ ректорати ОАВга бошқа китобларни кўрсатиб, улар йўқолмаганига ишонтирмоқчи бўлди.

2022 йил 21 февраль куни прокуратура органлари ўрганиш ишларини якунлади. Текшириш давомида ЎзМУ Ахборот-ресурс маркази фондида сақланган ХII-ХIХ асрларга оид қиймати 2,6 млрд сўмлик тарихий ва бадиий аҳамиятга эга 56 дона қўлёзма ва 6 дона тошбосма асарлар талон-торож қилингани ва бошқа жиддий қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди ва мансабдорларга нисбатан жиноий иш қўзғатилди.

Бош прокуратура матбуот хизмати жиноят иши бўйича ҳужжатли тафтиш ва бошқа тергов ҳаракатлари якунига кўра, бошқа марказ ходимларининг ҳаракатларига ҳам ҳуқуқий баҳо берилишини маълум қилган.

Мавзуга оид