Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жефф Безоснинг Ойга учадиган ракетаси синов парвози олдидан портлаб кетди
Blue Origin компанияси қўниш модулини Ойга етказиш учун SpaceX билан рақобатлашаётганди. Ушбу муваффақиятсизлик – NASAнинг Ой дастури режаларига ҳам таъсир қилади.
Фото: REUTERS
Миллиардер Жефф Безосга тегишли бўлган Blue Origin компанияси томонидан қурилган New Glenn ракетаси пайшанба куни тунда АҚШнинг Флорида штатидаги учириш майдончасида портлаб кетди. Портлаш тахминан соат 21:00 да – бўлажак учириш олдидан ўтказилаётган синов пайтида юз берган.
«Бугунги ўт очиш синови пайтида носозликка дуч келдик. Барча ходимларнинг хавфсизлиги тасдиқланди», дейилади компаниянинг расмий баёнотида.
New York Times'нинг ёзишича, синовдан мақсад ракетани учириш майдончасида мустаҳкам ушлаб турган ҳолда, унинг тезлаштирувчи босқичидаги еттита двигателни ўт олдириш эди. Аммо, синов вақтида аланга ракетанинг ён томонлари бўйлаб кўтарила бошлади ва кучли портлаш учириш майдончасини қоплаб олди.
Here's our video of the explosion at Launch Complex 36. It happened about 9 pm ET (0100 UTC) as Blue Origin was beginning a static fire test of its New Glenn rocket.
— Spaceflight Now (@SpaceflightNow) May 29, 2026
Watch live views: https://t.co/tm2wZQmAVD pic.twitter.com/PmbgQC6Qmq
Оловли шар Коинот кучлари станциясидаги учириш майдончаси ва унинг атрофидаги жиҳозларга жиддий зарар етказди. Бу Blue Origin компаниясининг тахминан 98 метрли «New Glenn» ракетаси учун ягона учириш майдончаси ҳисобланади. Таъмирлаш ишлари, катта эҳтимол билан, камида бир неча ой давом этади.
Ракета Amazon компаниясининг «паст Ер орбитаси» маъносини англатувчи LEO интернет сунъий йўлдошлари тизими учун 48 та сунъий йўлдошни олиб чиқиши керак эди. LEO — SpaceX'нинг Starlink тармоғига рақобатчи ҳисобланади. Amazon сунъий йўлдошлари ракета бортида бўлмаган.
«Асосий сабабни билишга ҳали эрта, бироқ биз уни аниқлаш устида иш бошладик. Жуда оғир кун бўлди, лекин биз қайта тикланиши керак бўлган ҳамма нарсани тиклаймиз ва парвозларга қайтамиз. Бу бунга арзийди», деб ёзди Безоснинг ўзи.
Безоснинг миллиардер рақобатчиси Илон Маск ҳам унга ҳамдардлик билдирди: «Буни кўришдан афсусдаман, тез фурсатда тикланиб олишингизни тилайман», деди у.
Blue Origin компанияси ракетанинг аниқ ички таннархини тижорат сири сифатида расман очиқламаган ва зарар борасида ҳам аниқ маълумот бермади. Таҳлилчиларга кўра, Жефф Безос ушбу оғир ракетани лойиҳалаштириш ва инфратузилмасини қуриш учун камида 2,5 миллиард доллар сармоя киритган.
New Glenn ракетасининг ҳар бир тижорий учирилиши бозор нархларида 100 миллион долларгача баҳоланади. Бундан ташқари, вайрон бўлган учириш майдончасини таъмирлаш ҳам бир неча миллион доллардан ошиб кетади.
NASA дастурларига таъсир қилиши мумкин
NYT'нинг ёзишича, ушбу муваффақиятсизлик NASAнинг хатоларга деярли ўрин қолдирмаган ой дастури режаларига таъсир қилади.
Blue Origin NASA томонидан астронавтларни ой орбитасидан Ой сиртига тушириш учун ёлланган икки компаниянинг биридир. Иккинчиси — SpaceX. Ушбу режанинг амалга ошиши – ўша қўниш модулини Ойга етказиш учун New Glenn ракетасининг бир нечта муваффақиятли учирилишига боғлиқ.

Учириш майдончасининг вайрон бўлиши сабабли, Blue Origin келгуси йили амалга оширилиши режалаштирилган Artemis III миссиясида иштирок эта олмаслиги мумкин. Artemis III миссиясида – астронавтлар Ер орбитасида бўлган ҳолда ўзларининг Orion капсуласини SpaceX ва Blue Origin қўниш модуллари билан туташтиришни машқ қилиши керак эди.
«Коинотга парвоз қилиш хатоларни кечирмайди ва янги ўта оғир юк ташувчи учириш имкониятларини яратиш фавқулодда қийин», деб ёзди NASA администратори Жаред Айзекман.
«Биз ушбу носозликни синчиклаб текширишни қўллаб-қувватлаш, яқин истиқболдаги миссияларга таъсирини баҳолаш ва ракеталарни қайта учиришга қайтиш учун ҳамкорларимиз билан бирга ишлаймиз», деди у.
Шунингдек, NASA расмийси Артемис ва Ой базаси (Moon Base) дастурларига кўрсатилган ҳар қандай таъсир ҳақида маълумотлар пайдо бўлиши билан улар тақдим этилишини билдирди.
Мавзуга оид
08:05 / 05.05.2026
12 мингта сурат: NASA Artemis-II миссиясининг тўлиқ фотоархивини эълон қилди
16:13 / 18.04.2026
“Қўрқув бўлиши табиий, аммо бу сизни тўхтатмасин”, — 17 ёшида NASA ва SpaceX билан космик лойиҳани амалга оширган Акбар ҳикояси
20:59 / 16.04.2026
Оқ уй «олимларнинг сирли ўлими ва ғойиб бўлиши» ҳақидаги маълумотларни текширади
17:28 / 08.04.2026