Спорт | 11:47 / 02.01.2025
5632
6 дақиқада ўқилади

«Арсенал» йилни ёрқин камбэк билан бошлаб, ўйин тақдирини уч дақиқада ҳал қилди

Артета шогирдлари «Ливерпул»ни таъқиб қилишда давом этади.

Фото: Shaun Brooks — CameraSport via Getty Images

«Брентфорд» — «Арсенал» 1:3
Голлар:
Мбеумо (13) — Жезус (29), Мерино (50), Мартинелли (53).
«Брентфорд» – Флеккен, ван ден Берг (Ким Жи Су, 75), Коллинз, Люис-Поттер, Роэрслев, Ярмолюк, Нергор (Йенсен, 75), Янелт, Дамсгор (Магома, 75), Висса (Шаде, 75), Мбеумо.
«Арсенал» – Райя, Калафиори (Люис-Скелли, 78), Габриэл, Салиба, Тимбер, Мерино (Райс, 78), Парти, Эдегор (Жоржинио, 88), Мартинелли, Нванери (Троссар, 78), Габриэл Жезус (Зинченко, 90+2).
Огоҳлантиришлар: Тимбер (17), Нёргор (26), Калафиори (57).

АПЛда 2025 йилнинг илк ўйинида «Арсенал» «Брентфорд» майдонида иродали ғалабага эришди. Микел Артета жамоаси турнир жадвалида «Ноттингҳем Форест»ни қувиб ўтиб, пешқадам «Ливерпул» билан орадаги фарқни олти очкога қисқартирди.

«Арсенал» Брентфордда ўзининг бу мавсумдаги асосий тўпурари Ҳаверц, энг яхши ассистенти Сака ва яримҳимоя чизиғи етакчиси Райссиз майдонга тушди. Улардан дастлабки иккиси соғлигидаги муаммо туфайли жамоага ёрдам бера олмаяпти, Деклан эса формасини тикламагани учун захира ўриндиғида қолдирилди. Марказий ҳужумчи Габриэл Жезусни қанотларда Нванери ва Мартинелли қўллаб-қувватлади.

Артета жамоаси кучли босим билан бошлади, «Брентфорд» ўйиннинг дастлабки ўн дақиқалигида жарима майдонига қамалиб қолди. «Канонир»лар учрашув дебютининг 80 фоиздан ортиқ вақти давомида тўпга эгалик қилди. Аммо ҳисоб 0:0 эканида меҳмонлар барибир яққол голли вазият ярата олмади, мезбонлар эса 13-дақиқадаги илк вазиятидан фойдаланди. Эдегор майдон марказида пас беришда хато қилди – Дамсгор тўпни эгаллаб олди ва қарши ҳужумни бошлаб берди. Жарима майдонида Мбеумо Калафиорини осонлик билан алдаб ўтиб, унинг оёқлари орасидан тўпни ерлатиб йўллади. «Брентфорд» ҳужумчиси учун бу АПЛнинг жорий мавсумидаги 11-гол бўлди.

Ўтказиб юборилган голдан кейин «Арсенал» футболчилари ўзини йўқотиб қўйгандек ҳаракат қилиб, ташаббусни топширди. Ўйиннинг ярим соати ортда қолаётганида «Брентфорд» иккинчи голни уришга яқин келди, аммо ҳисоб 2:0 бўлиши ўрнига 1:1 кўринишига ўзгарди. Люис-Поттернинг зарбасидан кейин «канонирлар» дарвозабони Райя ишончсиз ҳаракат қилди – тўп унинг қўлидан сирғалиб ўтиб дарвоза тўри томон йўналди. Испаниялик посбон мўъжизавий ҳаракати билан тўпга чизиқ устида улгурди ва хатосини тузатди.

«Арсенал» эса дарҳол жавоб ҳужумида ҳисобни тенглаштирди. Бу эпизодда Мбеумо ўз жамоаси учун антиқаҳрамонга айланди. У жарима майдони яқинида тўпни ўзи билан олиб юрмоқчи бўлди, аммо уни йўқотди. Парти жарима майдони ташқарисидан кучли зарба йўллади, мезбонлар дарвозабони Флеккен тўпни Габриэл Жезуснинг олдига ташлаб берди ва бразилиялик ҳужумчи тўпни дарвоза тўрига киритиб юборди.

Биринчи бўлимда «Арсенал» xG кўрсаткичи (0,16 га 0,69) ва зарбалар сони бўйича устунликка эришди (9:4), аммо жамоалар танаффусга дуранг ҳисобда йўл олишди. 

Иккинчи бўлимда эса «Арсенал» бу мавсумдаги асосий қуролини ишга солди. Стандарт вазиятлар вақтида «канонирлар» футболчилари гуруҳи одатдаги каби дарвозабон атрофига югуришди, мезбонлар мудофаасида эса ваҳима юзага келди. 50-дақиқада Артета шогирдлари бурчак зарбасидан кейин иккинчи голни уришди. Флеккен атрофидаги рақиб футболчилари туфайли тўпга ета олмади, ҳимоячилар тўпни узоқлаштира олмади, Мерино ҳимоячидан қайтган тўпни дарвоза тўрига йўллади.

Уч дақиқа ўтиб «Арсенал» ҳисобни ишончли кўринишга келтирди. «Брентфорд» мудофааси иккинчи бўлим бошидаги оралиқни жуда ёмон ўтказди. Нванери ва Мартинелли комбинацияси «канонирлар»нинг учинчи голини юзага келтирди. Шу куни АПЛда бошланғич таркибдаги дебютини ўтказган ёш вингер жарима майдони бурчагига борди ва тўпни марказга узатди, ҳимоячи Коллинза узоқлаштиришга уринган тўпни Мартинелли тўрга йўллади. «Брентфорд» ҳимоячиси бу вазиятда ўзини туртишганидан шикоят қилди, аммо ҳакамлар унга ишонишмади.

Томас Франк жамоаси қолган вақт давомида «Арсенал»га муаммо туғдира олмади, мезбонлар 32-дақиқадан кейин фақат бир бор зарба берди ва 63-дақиқадан кейин бирорта зарба бўлмади. «Канонирлар» эса ортиқча куч сарфламасдан, тартибли ўйини билан ғалабани сақлаб қолди. Гол муаллифларидан ташқари Партининг ўйинини алоҳида эътироф этиш мумкин, у бир бўлимнинг ўзида тўрт марта тўпни рақибдан олиб қўйди. Статистикага кўра ушбу таянч яримҳимоячиси деярли барча яккакурашларда устун келган (10 тадан 9 тасида).

«Арсенал» зарбалар бўйича «Брентфорд»ни уч баробар фарқ билан ортда қолдирди – 14:5 (дарвоза соҳасига тўғри борган зарбалар бўйича – 5:2, жарима майдони ичидан йўлланган зарбалар бўйича – 11:4). Бу ғалабадан кейин жамоа турнир жадвалида иккинчи ўринга қайтди.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид