Ўзбекистон | 20:30 / 19.12.2024
3746
5 дақиқада ўқилади

19 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Жиззах вилоятига тайинланган янги ҳоким, Қашқадарёда ис гази қурбонига айланган оила, Навоийдаги мактабда вафот этган ўқувчилар ва Ал-Азҳар университети билан имзоланган меморандум — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Жиззах вилоятига янги ҳоким тайинланди

Ўзбекистон президентининг фармони билан Улуғбек Мустафоев Жиззах вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. У 2019 йилдан ҳозиргача «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бошқаруви раиси лавозимида ишлаб келаётган эди.

У 1968 йил 14 августда Жиззах вилоятида туғилган ва 1991 йилда Тошкент халқ хўжалиги институтини «Молия ва кредит» мутахассислиги бўйича тамомлаган.

Мустафоев ўз меҳнат фаолиятини банк соҳасида бошлаб, бир қатор масъулиятли лавозимларда ишлаган. 2010–2016 йилларда Ўзбекистон Марказий банки раисининг биринчи ўринбосари, 2016–2017 йилларда Жиззах вилояти ҳокими биринчи ўринбосари лавозимларида фаолият юритган.

2017 йилдан 2019 йилгача «Ўзбекэнерго» АЖ бошқаруви раиси бўлиб ишлаган, 2019 йилдан ҳозиргача «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бошқаруви раиси лавозимида ишлаган.

Жиззах вилоятига 2017 йилдан буён раҳбарлик қилиб келган Эргаш Солиев бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимдан озод этилди.

Навоийда вафот этаётган мактаб ўқувчилари

Кармана туманидаги 30-умумтаълим мактабида шу йилнинг ўзида уч нафар ўқувчи вафот этди.

18 декабр куни 9-синф ўқувчиси (ўғил бола) ўзини осиб, жонига қасд қилди. Бир ой аввал — 18 ноябр куни шу мактабнинг 11-синф ўқувчиси (қиз бола) ҳам ўз жонига қасд қилган эди. Қизнинг ота-онаси шу мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайди.

Шунингдек, 24 май куни 6-синф ўқувчилари дарс пайтида чўмилишга борганида, улардан бири сувга чўкиб ҳалок бўлганди.

Ушбу қайғули ҳодисалар бўйича ҳозиргача расмий муносабат билдирилмаган. Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳолатлар юзасидан суриштирув ишлари давом этаётганини маълум қилган. Аммо натижалар ҳақида қўшимча маълумот тақдим этилмади.

Ал-Азҳар талабалар қабули тартибга солинади

Ўзбекистонлик ёшларнинг Ал-Азҳар мажмуаси ва унинг таълим муассасаларига қабул қилиниши тартибга солинади. Бу Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмитаси ва Мисрнинг Ал-Азҳар мажмуаси ўртасида имзоланган англашув меморандумида кўзда тутилган.

Меморандум Ўзбекистон элчихонаси кўмагида қабул қилинган бўлиб, у икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш: диний таълим соҳасида ахборот ва тажриба алмашиш, биргаликда халқаро анжуманлар ташкил қилиш ва экстремизмга қарши тарғибот ишларини амалга ошириш режалаштирилган.

Келишув доирасида ислом меросини ўрганишга оид илмий тадқиқотлар ўтказиш ва кадрларни тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бу ташаббус икки давлат ўртасидаги таълим ва диний соҳадаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Қашқадарёда 4 киши ис гази қурбони бўлдин

17 декабр куни Қарши шаҳридаги Кунчиқар маҳалласида 46 ёшли эркак ва унинг 18 ёшли ўғли ҳамда 16 ва 10 ёшлардаги қизлари ис газидан заҳарланиб вафот этди.

Бош прокуратура маълумотига кўра, фожиа уй ертўласида ўрнатилган замонавий икки контурли иситиш қозонининг умумий ҳаво тортиш мўрисига уланган қисмидан ис гази сизиб чиқиши туфайли юз берган.

Қарши шаҳар прокуратураси ҳодиса юзасидан терговга қадар текширув ишларини олиб бормоқда.

Мазкур фожиа иситиш тизимларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш зарурлигини яна бир бор ёдга солмоқда.

Покистон билан қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик

Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев ва Покистон миллий озиқ-овқат хавфсизлиги ва тадқиқотлар вазири Рана Танвир Ҳусайн билан ўтказган учрашувда қишлоқ хўжалиги йўналишидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Вазир Рана Танвир Ҳусайн қишлоқ хўжалиги соҳаси икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларнинг асосий йўналиши эканини таъкидлади. Ҳозирги кунда товар айирбошлашнинг 70 фоизи мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотларига тўғри келади.

Учрашувда уруғчилик, селекция, ўсимликлар ҳимояси ва карантини, юқори маҳсулдор чорва зотларини яратиш ва қишлоқ хўжалиги техникасини биргаликда ишлаб чиқариш каби истиқболли йўналишларда ҳамкорлик қилиш режалари белгиланди.

Шунингдек, маҳсулот етказиб бериш жараёнини соддалаштириш, фитосанитария рухсатномалари ва божхона жараёнларини оптималлаштириш муҳимлиги таъкидланди.

Келгусида қишлоқ хўжалиги ҳамкорлигини тизимлаштириш учун «йўл харитаси» ишлаб чиқиш, соҳавий ишчи гуруҳ ташкил этиш ва аграр техникалар бўйича саноат кооперациясини йўлга қўйишга келишиб олинди.

Мавзуга оид