Жаҳон | 18:24 / 21.07.2020
154336
6 дақиқада ўқилади

Россия Мудофаа вазирлиги коронавирусга қарши вакцина тайёрлигини маълум қилди. Нега бу ёлғон бўлиб чиқиши мумкин?

Россиянинг COVID-19’га қарши вакцинаси тайёр, дея маълум қилди мамлакат мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари Руслан Цаликов. Бу ноўрин баёнот бўлиб, гап фақат клиник синовларнинг биринчи босқичи тугагани ҳақида кетмоқда, деди Forbes’га изоҳ берган экспертлар, буни Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам тасдиқлади.

Фото: DMITRY ROGULIN/TASS

Нима рўй берди. Россиянинг COVID-19’га қарши биринчи вакцинаси тайёр, дея хабар берди мамлакат мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари Руслан Цаликов. «Кўнгиллиларга жавоб бериш пайтида, коронавирусдан иммунитет олган уларнинг барчаси ўзини яхши ҳис қилди. Шу тариқа, янги коронавирус инфекциясига қарши биринчи маҳаллий вакцина тайёр», - деди у «Аргументи и факти» газетасига берган интервьюсида. Синовларда иккита кўнгилли гуруҳ қатнашди, биринчи гуруҳга 15 июль куни, иккинчи гуруҳга 20 июль куни жавоб берилди. Цаликовнинг сўзларига кўра, синовлар натижалари мутахассислар ва Миллий тадқиқот маркази (академик Гамалея) олимлари томонидан якуний тарзда баҳоланди.

Нима учун бу муҳим. ЖССТ маълумотларига кўра, дунёда коронавирусга қарши 141та вакцина ишлаб чиқилмоқда, 16таси клиник синов босқичида. Тахминларга қараганда, вакцина - янги коронавирус пандемиясини тўхтатишнинг энг ишончли усули. Дунё компаниялари вақти-вақти билан ўз вакциналарининг клиник синовлари бўйича натижаларни эълон қиляпти, ушбу хабарлар туфайли уларнинг акциялари, сўнгра бутун бозор, хабарнинг мазмунига қараб кўтарилмоқда ёки тушиб кетмоқда.

Нимаси шубҳали. «Ҳозирда Н. Ф. Гамалея номидаги Микробиология ва эпидемиология илмий-тадқиқот маркази томонидан ишлаб чиқилган вакцина клиник синовларининг II босқичи давом этмоқда ва якуний босқичда турибди, - деди Forbes’га мамлакат соғлиқни сақлаш вазирининг ёрдамчиси Алексей Кузнецов. - Якунда уни давлат рўйхатидан ўтказиш ва тегишли гувоҳнома бериш масаласи ҳал қилинади». Шундан сўнг вакцина муомалага киритилади, дея хабар берди Кузнецов Forbes’га.

«Ҳозирча Гамалея марказининг вакцина ҳақидаги хабарлари вакцинанинг хавфсизлиги ва иммуногенлиги синовдан ўтказиладиган клиник синовларнинг биринчи босқичига тааллуқлидир, - дейди ATEM Capital бош ҳамкори ва асосчиси Антон Гопка. - Ҳеч қандай маълумотлар эълон қилинмади. Дастлабки ахборотга кўра, 38 нафар кўнгиллида оғир асоратлар бўлмаган, аммо эмланганлар орасида юқори иситма ва низоли вазиятлар қайд этилган. Ҳозирча матбуот учун хабарномаларда барча кўнгиллилар тўлиқ иммунитетга эга бўлгани тўғрисида иддаолар мавжуд, холос».

Ҳарбий хизматчиларнинг клиник синовларда иштирок этаётганлиги вакцина ва у бўйича маълумотларнинг ишончлилигига салбий таъсир қилади, дея огоҳлантирди эксперт. Асоратларнинг сони ва синфи ҳақида батафсил маълумотлар, шунингдек, вакцинага ҳужайрали ва гуморал иммунитет реакцияси тўғрисидаги ахборот ошкор этилиши керак ва иккинчи босқичда вакцинанинг клиник самарадорлиги бўйича тадқиқотлар ўтказилиши лозим, дея қўшимча қилди Гопка.

«Вакцина организмни антитаначалар ишлаб чиқаришга мажбурлай олиши жуда яхши, - дейди «Атлас» биотиббиёт холдинги ижрочи директори Александр Карасев. - Аммо, улар коронавирус билан касалланишнинг олдини олиши мумкинми ёки йўқлиги ҳозирча номаълум. Бундан ташқари, антитаначалар мавжуд бўлса ҳам инфекцияни қайта юқтириш ҳақида далиллар мавжуд, шунинг учун худди гриппга ўхшаб ҳар йили янги эмлаш комбинацияларини танлаб олиш керак бўлади». Иммунитет қанчалик барқарор экани ҳам номаълум: бунинг учун клиник синовларнинг кейинги босқичлари талаб қилинади, дейди BestDoctor тиббиётни ривожлантириш департаменти бошлиғи, терапевт Юлия Ткаченко.

Кузда вакцинани, шу жумладан чет элда ҳам тарқатишимиз мумкин, дейишга ҳали эрта, деб огоҳлантирди Карасев: «Бизнинг клиник синовлар ўтказиш қоидалари бошқа мамлакатлардагига қараганда анча содда. Шунинг учун уни фақат Россия бозорида қўллаш мумкин бўлади, бу Европа ёки АҚШда амалга ошмаслиги эҳтимолга яқин».

Контекст. Яқинда Россия Тўғридан-тўғри инвестициялар фонди раҳбари Кирилл Дмитриев 2020 йил охирига келиб Гамалея номидаги илмий-тадқиқот маркази томонидан ишлаб чиқилган коронавирусга қарши вакцинани 200 миллион доза ҳажмида ишлаб чиқариш мумкинлигини эълон қилди. Россияда коронавирусга қарши жами 47та вакцина ишлаб чиқилмоқда, деганди мамлакат бош вазири ўринбосари Татьяна Голикова 20 май куни. Мудофаа вазири Сергей Шойгу эса улардан биттасининг клиник синовлари июнь ойида якунланишини таъкидлади.

Бундан ташқари, Россия Оксфорд олимлари AstraZeneca билан ҳамкорликда ишлаб чиқаётган вакцинани ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда. Бу билан «Р-Фарм» компанияси шуғулланади, деди Дмитриев. Шу тарзда, у Буюк Британиянинг рус хакерлари вакцинани ишлаб чиқиш тўғрисидаги маълумотларни ўғирлашга урингани ҳақидаги айбловларига жавоб берди.

AstraZeneca июнь ойида ишлаб чиқариш бошланганини эълон қилди, аммо клиник синовлар фақатгина кузда якунланиши режалаштирилган. Синов тезлиги жиҳатидан AstraZeneca клиник синовларнинг учинчи босқичига тайёргарлик кўраётган Modena’дан олдинда. Дмитриевнинг таъкидлашича, рус вакцинаси бозорга биринчи чиқиши ва энг самарали бўлиши мумкин. Куни кеча Bloomberg Россия элитасининг баъзи вакиллари клиник синовлар тугашини кутмасданоқ вирусга қарши эмланганлиги тўғрисида ёзди. Улар орасида аввалроқ июнь ойининг ўрталарида, кўнгиллилар қаторида эмланганлигини айтган Кирилл Дмитриев ҳам бор.

Мавзуга оид