Жаҳон | 16:00 / 12.11.2025
6313
8 дақиқада ўқилади

Покистондаги теракт, Туркиянинг қулаган ҳарбий самолёти ва Покровскка «Мад Мах» услубида кираётган Россия кучлари – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Покистонда теракт

11 ноябр куни Покистон пойтахтида содир этилган ўз жонига қасд ҳужуми оқибатида 12 киши ҳалок бўлди. Мудофаа вазири бу ҳодисани «уруш ҳолати» деб атаб, мамлакат террорчилик зўравонлигининг кескин кучайишига гувоҳ бўлаётганини айтди.

Ички ишлар вазири Нақвининг айтишича, Исломободдаги суд биноси яқинидаги ўзини портлатган худкуш ҳужуми натижасида камида 12 киши ҳалок бўлган, 27 киши яраланган. Портлаш тушлик пайтида, кириш эшиги яқинида содир бўлган.

Маҳаллий ОАВ кадрларида қон билан қопланган одамлар, ёнаётган машина ва шикастланган автомобиллар кўринади. Полиция ҳудудни ўраб олган. «Террорчи пиёда ҳолда суд биносига киришга уриниб кўрган, аммо кириш имконини тополмагач, полиция машинаси ёнида ўзини портлатган», — деди вазир.

Бош вазир Шаҳбоз Шариф портлашни қоралаб, Ҳиндистонни «минтақада ўз қўғирчоқлари орқали терроризмни ёяётганликда» айблади. «Дунё энди Ҳиндистоннинг бундай ёвуз фитналарини қоралайдиган пайт келди», — деди у. Шарифга кўра, бу ҳужумлар «Афғонистон ҳудудидан Ҳиндистон кўмаги билан амалга оширилган».

Бироқ Ҳиндистон бош вазирлиги бу айбловларни «асоссиз ва уйдирма» деб рад этди.

Покистон ҳозир толиблар ва Ҳиндистон билан кескин қарама-қаршиликда. Май ойида Ҳиндистон билан тўрт кунлик уруш олиб борди, ўтган ой эса Кобулни ҳам ўз ичига олган Афғонистонга авиация зарбалари уюштирди.

Кобулдаги «Толибон» маъмурияти эса баёнотида «ҳужумларни қаттиқ қоралашини ва чуқур ҳамдардлик билдиришини» маълум қилди. Покистон айбловларига изоҳ сўралганда, «Толибон» вакили жавоб бермаган. Кобул ўз ҳудуди бошқа давлатларга қарши ҳужумлар учун ишлатилаётганини рад этади.

Покистондаги бу ҳужумлардан бир кун аввал Ҳиндистон пойтахтида портлаш бўлиб, саккиз киши ҳалок бўлган эди.

Туркия ҳарбий самолёти ҳалокатга учради

11 ноябр куни Туркия ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли C-130 юк ташувчи самолёт Грузия–Озарбойжон чегараси яқинида ҳалокатга учради. Самолёт бортида 20 нафар ҳарбий хизматчи бўлган.

Туркия Мудофаа вазирлиги самолёт Озарбойжондан парвоз қилаётган пайтда ҳалокат содир бўлганини тасдиқлади ва 20 нафар ҳалок бўлган ҳарбийларнинг исм-шарифини эълон қилди.

Грузия қидирув-қутқарув гуруҳлари кун давомида самолёт қулаган жойни аниқлашга муваффақ бўлди. Вазирлик баёнотида айтилишича, самолёт қолдиқлари эндиликда қўриқлов остида ва Туркия тергов гуруҳи ҳалокат сабабларини расмий ўрганишни бошлаган.

ОАВга кўра, ҳарбий юк самолёти ҳалокати дастлабки тергов натижаларига кўра, икки асосий версия бўйича ўрганилмоқда:

Биринчи версияга кўра, самолёт узоқ вақт давомида эксплуатацияда бўлган ва унинг корпусида коррозия (занглаш) юзага келган бўлиши мумкин. Бу металл қопламанинг босим остида емирилишига олиб келиб, ҳалокатга сабаб бўлган бўлиши эҳтимоли бор.

Иккинчи версияга кўра, самолётдаги юк — қоидаларга зид тарзда маҳкамланган бўлиши мумкин. Парвоз чоғида юкнинг силжиши самолёт конструкциясига зарар етказиб, фалокатнинг бевосита сабабига айланган бўлиши тахмин қилинмоқда.

Воқеа минтақадаги иттифоқчи давлатлар томонидан чуқур ҳамдардлик билан кутиб олинди.

Рафаҳда қамалиб қолган Ҳамас аъзолари қўйиб юборилиши мумкин

Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу ва АҚШ президенти Доналд Трампнинг куёви, собиқ маслаҳатчи Жаред Кушнер Рафаҳ шаҳридаги тахминан 200 нафар ҲАМАС аскарларини Фаластин ҳудудларидан ташқарига чиқариш бўйича келишувга эришган. Бу ҳақда Исроил ОАВлари хабар бермоқда.

Yediot нашрининг Хавфсизлик кенгашидаги исми ошкор қилинмаган манбаси Рафаҳ туннелида қамалиб қолган гуруҳнинг аъзолари депортация қилинишини тасдиқлади.

Унинг сўзларига кўра, бу келишув доирасида Исроил уларга Фаластин ҳудудларидан хавфсиз чиқиб кетишига рухсат бериши лозим. Расмий манбага кўра, ҳозирча уларни қабул қилишга бирорта давлат рози бўлмаган.

Рафаҳ — 10 октябрда кучга кирган ўт очишни тўхтатиш битими бўйича Исроил армияси назоратидаги ҳудуд ҳисобланади. Фаластинликларга бу чизиқнинг ғарбий тарафида ҳаракатланишга рухсат этилган.

Якшанба куни эса ҲАМАС Рафаҳда қамалиб қолган ўз жангчилари билан тўқнашувлар учун Исроилни масъул деб ҳисоблашини эълон қилди.

Россия кучлари Покровскка кирмоқда

Россия армияси 11 ноябр куни ўз қўшинлари шарқий Украинадаги Покровск ва Купянск шаҳарлари ичкарисига чуқурроқ кирганини маълум қилди. Россия ОАВ Покровскни «Донецк дарвозаси» деб атаб, бу шаҳарни қўлга киритиш – Донецк вилоятидаги энг йирик шаҳарларга шимолдан юриш имконини беришини таъкидламоқда.

Россия Покровскни бир йилдан ортиқ вақт давомида қуршаб олишга уринган.

Украина президенти Володимир Зеленский Покровск атрофидаги вазиятни «қийин» деб атади. Бош қўмондон Александр Сирский эса Запорижжя жануби-шарқидаги айрим жойларда Украина позицияси «сезиларли даражада ёмонлашганини» тан олди.

Россиялик ҳарбий блогерлар сешанба куни Покровскка кираётган рус кучларини акс эттирган видеони эълон қилди. Видеода туман билан қопланган йўлда турли даражада шикастланган машиналар ҳаракатланмоқда — айримларининг эшиклари ва ойналари йўқ, баъзи аскарлар эса томда ўтирган. Йўл бўйида дрон кўринади.

Баъзи фойдаланувчилар бу манзарани 1979 йилги «Мад Мах» филмидаги пост-апокалипсис саҳналарга қиёслади. Reuters видеодаги йўл жойлашуви, белгилар, электр устунлари ва дарахтларни сунъий йўлдош тасвирлари билан таққослаб, манзилнинг ҳақиқатан Покровск эканини тасдиқлади, бироқ видео санасини мустақил аниқлай олмади.

Украина ҳарбийлари маълумотига кўра, ҳозирда Покровск ичида тахминан 300 рус аскари бор, Россия эса сўнгги кунларда бу ерга қўшимча кучлар киритишга уринмоқда. Сирский New York Post нашрига берган интервюсида Россия Покровск йўналишида 150 мингга яқин аскар тўплаганини маълум қилди.

Тўқаев Россияга борди

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев АҚШдан қайтгач, бир неча кун ўтиб — 11 ноябр куни давлат ташрифи билан Россияга келди. Кеча икки етакчи Кремлда норасмий суҳбатлашди.

Тўқаев Кремлда Путин билан ўтказилган норасмий музокараларда айтишича, Россия ва Қозоғистон ўртасида ҳеч қандай жиддий муаммолар мавжуд эмас, барча масалалар оператив ҳал этилади.

«Икки тарафлама ҳамкорликка келсак, у стратегик шериклик, иттифоқчилик муносабатлари характерига эга. Биз биргаликда ишламайдиган бирор бир соҳа йўқ. Давлатларимиз ўртасида ҳеч қандай жиддий муаммолар мавжуд эмас», — деди Тўқаев.

Унинг таъкидлашича, муаммолар пайдо бўлса — бу табиий ҳол — улар аввало давлат раҳбарлари ва ҳукуматлар саъй-ҳаракатлари билан бартараф этилади.

Бугун бошланадиган расмий дастурда икки лидер Россия ва Қозоғистоннинг 21-форуми ялпи мажлисида видеоконференция тарзида иштирок этади, ОАВ учун баёнот беради ва ҳужжатлар имзолайди.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид