Ўзбекистон | 17:39 / 04.06.2021
83090
4 дақиқада ўқилади

Автомобил йўллари қўмитаси имом-хатибнинг маърузасидан норози бўлиб, Мусулмонлар идорасига шикоят қилди

Автомобил йўллари қўмитаси йўл қурилиши соҳасидаги коррупция ҳақида гапирган имом Саййид Раҳматуллоҳ Термизийнинг маърузаси сабаб Мусулмонлар идорасига шикоят киритди.

Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобил йўллари қўмитаси Тошкентдаги «Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфиддиновнинг маърузасидан норози бўлиб, Ўзбекистон Мусулмонлари идорасига хат киритган. Бу ҳақда Kun.uz'га Mehrob.uz сайти вакили хабар қилди.

Қўмита йўл қурилишига ажратиладиган маблағлар талон-торож қилиниши ҳақида гапирган имом-хатибнинг ижтимоий тармоқларда тарқалган маърузасига раддия берилишини сўраган.

 

Юнусобод туманидаги «Мирза Юсуф» (Бодомзор) жоме масжиди имом хатиби Саййид Раҳматуллоҳ Термизийнинг (Р.Сайфиддинов) Mehrob.uz сайтининг Telegram'даги канали ва бошқа саҳифаларда тарқалган маърузасида йўл қурилиши соҳасидаги коррупция сабабли янги қурилган йўллар ҳам узоқ турмаслиги, кўп вақт ўтмай ёмон аҳволга келиб қолиши ҳақида сўз боради.

«Каттасидан тортиб оддий ишчисигача «Аллоҳ мени кўриб турибди», деб йўл қурса нима бўлади, биродарлар? Йўллар ёмғир ёққач чўкиб кетмайди, янги йўл қурилгач йил бўйи ремонт бўлиб ётмайди.

Агар Аллоҳ кўриб турибди деса, ўғирлик бўлмайди. 1 км йўл қураман деб, 10 та участка битмайди. Бир қурилган йўл йиллаб саломат туради. Нима бу ахир, қандай шармандалик? Янги йўл тушади-ю, фақат уни ўраб, ремонт қилиб ётади: буёғини энди ремонт қилса, буёғи чўкиб кетаверади.

Ҳаммаси – ана шу эътиқоднинг йўқлиги сабаб. Аллоҳ таоло кўриб турибди, деган нарса йўқ. Фақат ўғирлик, порахўрлик ва коррупция бўлгани учун. Эътиқоди бор одам кўприк қурса, кўприги қулаб тушмайди, биродарлар. Эътиқоди бор одам уй қурса, уйига одам кўчиб кирмасдан ремонт талаб бўлиб қолмайди, биродарлар!» – деган Саййид Раҳматуллоҳ Термизий Автомобил йўллари қўмитасининг норозилигига сабаб бўлган маърузасида.

 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 

A post shared by mehrob.uz (@mehrob.uz)

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ўз навбатида қўмитанинг мазкур хатини мазмунан кўриб чиқиш учун идоранинг Тошкент шаҳар вакиллигига юборган.

Тошкент шаҳар вакиллиги хат ижроси юзасидан қандай чоралар кўргани ҳақида ҳозирча аниқ маълумот йўқ.

tTX77yLcxTKMBzg_MIIitnSy3s1hn1PH.jpg (905×1280)

Шу ўринда, айрим идора ва ташкилотлар фикр билдириш ҳуқуқидан фойдаланган кишиларга нисбатан тоқатсизлик кўрсатишга уринаётганини таъкидлаш лозим. «Обнал иши» доирасида солиқ органи тутаётган йўлни танқид қилган парламент депутати Расул Кушербаевнинг судга берилиши ҳам ана шундай ҳолатлардан бири бўлганди.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев шу йил феврал ойида Фарғона вилоятига сафари доирасида Фарғона шаҳридаги «Шодиёна» маҳалласига режалаштирилмаган ташриф билан борган, унда йўллардаги носозликлар сабабли Автомобил йўллари қўмитаси раҳбари Абдураҳмон Абдувалиевга қаттиқ танбеҳ берган эди.

Мавзуга оид