Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Чақиришса, Британия дарҳол ёрдамга келади” – Стармер ва Ляйен Европани курашга тайёр туришга чақирди
Буюк Британия бош вазири ва Европа комиссияси президенти Мюнхендаги хавфсизлик конференциясидан туриб Европани доим курашга тайёр туришга чақирди. Стармерга кўра, Европа мудофааси давлатларнинг умумий мажбурияти. Евроиттифоқдан чиққан бўлишига қарамай, Лондон Европа билан бирга. Агар чақиришса, дарҳол ёрдамга келамиз, деди бош вазир. Ляйен эса 2028 йилга бориб мудофаа харажатлари бўйича Европа АҚШни ортда қолдиришини маълум қилди.
Бош вазир Кир Стармерга кўра, 2020 йилги Брехит, яъни Британиянинг иттифоқдан чиқишига қарамай, Лондон Европа билан бирга. Буни фон дер Ляйеннинг ўзи ҳам рамзий ҳодиса дея нутқини бошлади. Еврокомиссия раисининг таъкидлашича, “бугунги Европага шок терапияси керак бўлмоқда”. Айниқса, мустақиллик, суверенитет ва мудофаа бўйича. Европа ўз ҳимоясига 2028 йилга бориб АҚШдан ҳам кўпроқ пул сарфлайди. Бундан ташқари, Украинани қўллашда иттифоқ бардам ва маҳкам. Россия уруш бошлагани учун бадал тўласагина қайтариш шарти билан берилаётган 90 млрд евро бунга яққол мисол.
“Ушбу ўткир нотинч даврда Европа ва хусусан, Буюк Британия хавфсизлик, иқтисодиёт ёки демократиямизни ҳимоя қилиш борасида яқинлашиши керак. Брехитдан ўн йил ўтгач, келажагимиз ҳар қачонгидан ҳам боғлиқ. Бу умумий манфаатларимизга ҳам мос келмоқда. Чунки биз бутун Европамиз, биргамиз. Энди эса энг катта эҳтиёжимиз – Европа хавфсизлик стратегияси, биз бу сиёсатимизни зудлик билан қайта кўриб чиқишимиз керак. Мустақиллигимизнинг асл маъноси – ҳудудимизни, иқтисодиёт, демократиямизни, турмуш тарзимизни ҳимоя қила олишдир”, дейди Урсула фон дер Ляйен.
Еврокомиссия президентининг қўшимча қилишича, минтақа оғир саноат, автомобилсозлик ва аэрокосмик саноатда етакчи. Буни эса энди мудофаа билан интеграция қилиш керак.
“Украина бизга яққол мисол. Бизда жуда кўп турли хил қурол тизимлари, танклар, самолётлар ва кемалар мавжудлигини биламиз. Аммо янги технологиялар, масалан, сунъий интеллект ва дастурий таъминот – аъзо давлатлар, НАТО ва Европа Иттифоқи ўртасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга ёрдам беради. Биз ҳаммамиз кўпроқ маблағ сарфлашга келишиб олдик, пулни ташқарига чиқариб, буни ҳақиқий мудофаа имкониятларига айлантиришимиз керак. Баъзилар биз бунга қодирмизми, деб сўрашади? Лекин мен жавоб берсам, ҳозир бунга қодир эмасмиз. Агар биз буни тўғри амалга оширсак, нафақат бизни хавфсиз сақлайдиган, балки ўсиш двигатели бўлиб, келгуси ўн йилликлар давомида европаликлар учун фаровонликни таъминлайдиган янги саноатга эришамиз”, - деди еврокомиссия раиси.
Буюк Британия бош вазирининг чиқиши эса Еврокомиссия президентиникини тўлдирди. Кир Стармерга кўра, Европа доим курашга тайёр бўлиши, АҚШга бўлган қарамликдан эса қутулиши керак. Бу қарамликни диверсификация қилиш вақти етди. Бош вазир ўз партияси бир вақтлар НАТО тузилиши учун курашганидан фахрланишини ҳам қўшимча қилди.
“Гренландия хусусида айтганимиз каби бир-биримизнинг суверенитетимизни тасдиқладик. Биз Афғонистонда бирга курашдик, бу эса катта йўқотишларга сабаб бўлди. Шунинг учун мен айтмоқчиман, НАТО низомининг 5-моддаси, бир-биримизнинг суверенитетимизга содиқ қолишимиз – ҳар қачонгидан-да чуқур бўлиши керак. Ҳеч шубҳа қилманг, агар ёрдамга чақирилса, Буюк Британия сўзсиз ёрдамга келади. Чунки Европа ҳозир ухлаётган девдир. Чунки бизнинг иқтисодиётимиз Россияникидан 10 баравар катта, улкан мудофаа имкониятларимиз бор. Европада 20 дан ортиқ турдаги ҳарбий сувости кемалар ва 10 дан ортиқ турдаги қирувчи самолётлар тўплами бор. Бизнинг 10 дан ортиқ турдаги жанговар танкларимиз бор, АҚШда эса биттагина”, - деди Стармер.
Британия бош вазири шунингдек, Украинага яна 500 млн фунтстерлинг миқдорида ёрдам маблағи беришини эълон қилди. Унинг қўшимча қилишича, Европа умумий ЯИМнинг 5 фоизини мудофаага сарфлашга келишиб олган.
“Инқироз вақтида фуқароларимиз биздан тайёр туришимизни кутишади. Мудофаа харажатларимиз бу рақобатлашиш эмас, жамоавий бирдамлик дегани. Ҳамкорликда энди кескин ўзгаришларни амалга оширамиз. Украинага дронлар етказиб бериш, янги авлод узоқ масофага учувчи ракеталарни ишлаб чиқариш бўйича Германия, Франция, Италия билан бирга қилаётган ишларимиздан фахрланаман”, - дея таъкидлади Британия бош вазири.
Шундай қилиб, ушбу сессияда асосий гап Европа бундан кейинги таҳдидларга тайёр туриши учун ҳозирдан биргаликда катта харажатлардан бўйин товламаслиги, бу эса келажакдаги мустақиллик асосий бўлиши ҳақида бўлди. Британия эса тарихдан сабоқ олгани, доим Европа билан бирга бўлишини бош вазир Стармер ўз нутқида билдириб ўтди.
Мавзуга оид
16:00 / 18.03.2026
Брюссел: D визасига эга россияликларнинг ҳисоби блокланмаслиги керак
13:30 / 16.03.2026
Январда 1,1 мингдан зиёд ўзбекистонлик Буюк Британия томон йўл олди
13:27 / 14.03.2026
Трамп Путиннинг Эрондан уранни Россияга олиб чиқиш ҳақидаги ғоясини рад этди
18:02 / 10.03.2026