Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Маскатда бўладиган АҚШ–Эрон музокаралари, яна Ғазога зарба берган Исроил ва Эрдўғаннинг Риёдга сафари – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
АҚШ ва Эрон музокаралари
АҚШ ва Эрон жума куни Ўмонда Теҳроннинг ядровий дастури бўйича музокаралар ўтказишга келишиб олди, дея маълум қилди ҳар икки томон вакиллари.
4 феврал куни Трамп Эрон олий раҳнамоси «жуда хавотирда бўлиши керак», деди. У шунингдек, «улар биз билан музокара олиб боряпти», деди, бироқ тафсилот бермади. Трампнинг баёнотидан сўнг АҚШ ва Эрон расмийлари дастлаб Истанбулда ўтказилиши режалаштирилган музокаралар жойи Маскатга кўчирилганини маълум қилди.
Бироқ кун тартиби бўйича томонлар умумий келишувга эришгани ҳақида ҳеч қандай ишора бўлмади. Эрон музокараларни Ғарб давлатлари билан узоқ йиллардан бери давом этиб келаётган ядровий низони муҳокама қилиш билан чеклашни талаб қилмоқда.
АҚШ давлат котиби Марко Рубио эса бошқа позицияни билдирди. «Агар эронликлар учрашмоқчи бўлса, биз тайёрмиз», деди у журналистларга. Бироқ у музокаралар ядровий масалалардан ташқари, Эроннинг баллистик ракеталари, Яқин Шарқ бўйлаб қуролли воситачи гуруҳларни қўллаб-қувватлаши ҳамда ўз фуқароларига муносабатини ҳам қамраб олиши шартлигини қўшимча қилди.
Расмийларнинг айтишича, музокараларда Трампнинг куёви Жаред Кушнер, АҚШнинг махсус вакили Стив Уиткофф ва Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи иштирок этиши режалаштирилган.
Исроил яна Ғазога зарба берди
Чоршанба куни Исроил зарбалари оқибатида Ғазода камида 24 нафар фаластинлик, жумладан, икки нафар чақалоқ ҳалок бўлди. Ўт очишни тўхтатиш бўйича нозик келишув тобора кучли босим остида қолмоқда.
10 октябрда кучга кирган сулҳга қарамай, Исроилнинг ҳалокатли зарбалари уни бир неча бор издан чиқарди. Ғазодаги кўплаб одамлар уруш деярли тўхтамаганини ҳис қилмоқда.
AP нашрига кўра, чоршанба куни ҳалок бўлганлар орасида камида беш нафар бола, етти нафар аёл ва хизматда бўлган фелдшер бор.
Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги чоршанба кунги зарбалар оқибатида жами камида 38 нафар фаластинлик яраланганини билдирди.
Исроил ушбу ҳужумда Ҳамаснинг уч нафар командири ва ўз кучларига таҳдид солган бошқа шахслар йўқ қилинганини айтди. Айрим зарбаларни эса Ҳамас ҳужуми оқибатида аскарларидан бири оғир яралангач берилган жавоб эканини билдирди.
Сулҳ кучга кирганидан буён Исроил томонидан 556 нафар фаластинлик ўлдирилган, уларнинг ярми аёллар ва болалар. Исроил ҳарбийлари эса сулҳ бошланганидан бери ўз аскарларидан тўрт нафари ҳалок бўлганини айтади.
Рафаҳ чегара пунктидан фаластинликларнинг ўтиши ҳам кечикишлар, сўроқлар ва кимларга рухсат берилиши борасидаги ноаниқликлар билан кечмоқда. Сешанба куни бутун кун давомида атиги 40 нафар фаластинлик Ғазога кира олди.
Чоршанба куни Ғазодан 15 нафар бемор ва уларнинг 31 нафар қариндоши Мисрга ўтиши режалаштирилган эди. Бироқ гуруҳнинг ярмидан кўпроғига рад жавоби берилди, деди Фаластин Қизил ярим ой жамияти вакили.
Трамп ва Си қўнғироқлашди
4 феврал куни АҚШ президенти Доналд Трамп Хитойга бўлажак расмий ташриф арафасида хитойлик ҳамкасби Си Жинпинг билан «аъло даражадаги» ҳамда «узоқ ва батафсил» телефон мулоқоти ўтказганини маълум қилди.
АҚШ президенти сўзларига кўра, суҳбат чоғида «савдо, ҳарбий масалалар интиқлик билан кутаётган» апрел ойида Хитойга сафари, Тайван, Украинадаги уруш, Эрон билан боғлиқ вазият, Хитойнинг АҚШдан нефт ва газ харид қилиши» ҳамда бошқа масалалар муҳокама қилинган.
Трампга кўра, Хитой АҚШдан қўшимча қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш, шунингдек, самолёт двигателларини етказиб бериш бўйича кутилаётган битимларни кўриб чиқмоқда.
«Президентлигимнинг кейинги уч йили давомида президент Си ва Хитой билан боғлиқ кўплаб ижобий натижаларга эришилишига ишонаман!» деди Трамп.
Хитой томони эса қўнғироқ бўлиб ўтганини тасдиқлаган, бироқ тафсилотларни келтирмаган.
Эрдўғаннинг Риёдга сафари
2026 йил 3 феврал куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ва Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ар-Риёдда музокаралар ўтказди. Маълум қилинишича, расмий ташриф ортидан томонлар иқтисодиёт, энергетика, мудофаа ва минтақавий хавфсизлик соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришини эълон қилди.
Икки ҳукумат Туркия–Саудия Мувофиқлаштириш кенгаши доирасида ҳамкорликни кучайтиришда давом этишини билдирган.
Фаластин масаласида томонлар Исроилнинг Ғазодаги давом этаётган ҳужумлари, ёрдам блокадаси ва оғирлашиб бораётган гуманитар инқирозни қоралади. Оташкесимни зудлик билан мустаҳкамлаш, ўтиш пунктларини чекловсиз ёрдам етказиш учун қайта очиш ҳамда 1967 йил чегаралари асосида икки давлатли ечим сари илгарилашга чақирилди.
Туркия Саудия Арабистонини 2030 йилда G20 саммитига мезбонлик қилиш аризасини қўллаб-қувватлашини эслатди.
Украинадаги уруш бўйича музокаралар
Москва ва Киев ўртасида қарийб тўрт йилдан бери давом этаётган уруш бўйича Россия, Украина ва АҚШ иштирокидаги уч томонлама музокараларнинг иккинчи раунди Абу-Дабида бошланди.
Бу ҳақда Украина бош музокарачиси Рустем Умеров маълум қилди. Умеровнинг айтишича, ушбу ишлар якунлангач, «позицияларни биргаликда кейинги босқичда мувофиқлаштириш» режалаштирилган. У шунингдек, жараёнлар «президент Володимир Зеленскийнинг аниқ кўрсатмалари доирасида» олиб борилаётганини таъкидлади.
Вашингтон делегацияси ҳам чоршанба куни эрталаб амирликлар пойтахтига етиб келган.
Россия ва Украина 23-24 январ кунлари ҳам Абу-Дабида АҚШ иштирокида икки кунлик маслаҳатлашувларни ўтказган эди.
Киев ва Вашингтон музокараларнинг биринчи раундини «конструктив» деб баҳолаган бўлса, Москва «олдинда катта ишлар борлигини» таъкидлаган.
Журналистлар билан брифинг чоғида Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков тинч йўл билан ҳал этиш учун эшиклар очиқ эканини айтди. Шу билан бирга, у «махсус ҳарбий амалиёт» — Киев «тегишли қарорлар» қабул қилмагунча давом этишини билдирди.
Трампга суиқасд қилган шахс умрбод қамалди
2024 йил сентябр ойида Флорида штатидаги голф майдонида президент Доналд Трампга суиқасд қилишга уринган Раян Раут умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Ҳукм чиқариш бўйича меморандумда судя Эйлин Кеннон Раутнинг жиноятлари «шубҳасиз умрбод қамоқ жазосини талаб қилади», деб ёзди.
«У ойлар давомида президентликка номзодга суиқасд қилиш учун қадамлар ташлаган, йўлида ким бўлса ҳам ўлдиришга тайёр эканини намоён этган ва шундан бери жабрланувчиларга нисбатан на афсус, на пушаймон билдирган», - деб ёзган судя.
Раут ўзини айбдор деб тан олмади ва 8 сентябрда бошланган суд жараёнида ўзини ўзи ҳимоя қилишни танлади. Шунингдек, унинг адвокати Мартин Росс иш бўйича апелляция берилишини маълум қилди.
Маълум қилинишича, ҳайъат уни айбдор деб топгач, Раут ручкани бўйнига санчиб ўзига зарар етказишга уринган, бироқ у зудлик билан суд залидан олиб чиқиб кетилган.
59 ёшли Раут Трамп ҳали президентликка номзод бўлган пайтда уни ўлдиришга уринган эди. Ҳудудда хизмат қилаётган АҚШ махфий хизмати ходими буталар орасидан чиқиб турган милтиқ стволини кўриб қолиб, Раут томонга ўқ узган. Шундан сўнг Раут воқеа жойидан қочган, бироқ яқин атрофда қўлга олинган.
Ушбу воқеа 2024 йилда Трамп ҳаётига қилинган иккинчи уриниш бўлди. Ўша йили июл ойида Пенсилваниядаги сайловолди митингида ҳам қуролланган шахс Трампга ўқ узган эди. Ўша ҳужумда Трамп яраланган. Кейинчалик 20 ёшли ҳужумчи махсус хизматлар томонидан отиб ўлдирилган.
Мавзуга оид
14:34
Эронда портлатилган кўприк, Ҳўрмузни очиш бўйича коалиция ва АҚШ бош прокурорини ишдан олган Трамп – кун дайжести
16:00 / 02.04.2026
Ой томон йўл олган фазогирлар, Луҳанскни тўлиқ «озод қилган» Россия ва Трампнинг мурожаати – кун дайжести
14:02 / 01.04.2026
АҚШга «йўқ» деган европаликлар, Қримда қулаган ҳарбий самолёт ва Бағдодда ўғирланган америкалик журналист – кун дайжести
16:20 / 31.03.2026