Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
iPhone ва автосуғуртада янги нархлар, Навоийда қалин смог — ҳафта дайжести
Ўқитувчиларнинг ўртача маоши ниҳоят 4 миллионга етди: нархи оширилган iPhone олиш учун улар нечта ойлигини йиғиши керак? Иқтисодий ўсиш тезлашгани сезилмаяпти: аҳоли реал даромадлари ўсиши секинлашган. Ишдаги ишқ тилларда достон: амалдор шакаргуфторлик учун хизмат хонасини ва селектор вақтини танлади. Ортда қолаётган ҳафта воқеалари – Kun.uz дайжестида.
Ўқитувчилар ойлиги қанчага етди?
Ўзбекистонда таълим соҳасидаги ўртача ойлик ниҳоят 4 млн сўмга етди. Статистика қўмитасига кўра, 2025 йилнинг биринчи ярмида педагогларнинг ўртача маоши 4 млн 142 минг сўмни ташкил этган. Даромад солиғини чегириб ташлаб, долларга ўгирганда, ўқитувчиларнинг қўлига тегаётган ўртача сумма 285 долларга тенг. Бу рақам тиббиёт соҳасида бундан-да кам: соғлиқни сақлаш соҳасидагилар ўртача 255 долларга ишлашмоқда.
Соҳалар кесимида 16,3 млн сўм ўртача маош билан банк-молия ходимлари биринчи ўринда бормоқда. Ахборот ва алоқа соҳасидаги маошлар эса 14,8 млн сўмга етган. Бошқа ҳеч қайси соҳада ўртача ойликлар 10 млн сўмга бормайди. Ҳудудлар кесимида Тошкент шаҳрида ўртача ойликлар илк марта 10 млн сўмдан ошган, қолган аксарият ҳудудларда расмий маошлар пойтахтдагидан 2 баробар кам ва орадаги фарқ борган сари ошишда давом этяпти.
Бошқа бир статистикага кўра, биринчи ярим йилликда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти прогнозлардан юқорироқ – 7,2 фоизга ўсган. Аҳолининг реал даромадлари эса 9,5 фоизга ошган ва бу – ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,4 фоиз бандга паст. Яъни, иқтисодий ўсиш тезлашган бўлса-да, одамлар буни ўз чўнтагида сезмаяпти, чунки аҳолининг реал даромадлари ўсиши секинлашган. Бунда, хориждан пул ўтказмалари сезиларли тарзда, 27 фоизга кўпайгани ҳам одамларнинг топиш-тутиши яхшиланиш суръатини тезлаштира олмаган.
Эслатиб ўтамиз, бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ва стипендиялар 1 августдан бошлаб 10 фоизга ошади. Аввалроқ, 1 июлдан эътиборан пенсия ва нафақалар ҳам 10 фоизга кўтарилганди.
Ўзбекистонда премиум классдаги телефонлар нархи ошди
Ижтимоий тармоқларда iPhone нархлари ошгани ҳақидаги хабарлар Kun.uz ўтказган ўрганишларда ўз тасдиғини топди. Маълум бўлишича, охирги бир ойда iPhone 16 Pro Max телефони нархи 11 фоизга, яъни хотирасининг ҳажмига қараб 120 доллардан 190 долларгача ошган. Масалан, шу телефоннинг 256 GB хотиралиси 1240 доллардан 1400 долларгача қимматлашган. Бу – ўртача ўқитувчининг 5 ойлик маошига тенг.
iPhone нархларининг кўтарилиши, катта эҳтимол билан, “кулранг” импорт схемалари орқали кириб келаётган телефонларни UzIMEI тизимида рўйхатдан ўтказиш харажатлари ошгани билан боғлиқ: эндиликда ноқонуний олиб кирилган смартфонни регистрация қилиш учун хорижга чиқиб келган ватандошнинг паспорт маълумотлари бўлса кифоя эмас, уларнинг номидан тўлдирилган ва қабул қилинган декларация ҳам бўлиши керак. Шу тариқа, янги тартиб асосида давлат бир томондан ноқонуний импортчиларга зарба бериб, бюджетга тушумларни оширди, лекин иккинчи томондан, баланд божларни барибир якуний харидорлар, яъни истеъмолчилар тўлаяпти.
Телефонлар кўплаб инсонлар учун шунчаки алоқа воситаси эмас, бевосита иш қуроли эканидан келиб чиқсак, бу нарх ошиши улар кўрсатадиган хизматларнинг таннархини ҳам оширгани маълум бўлади. Бу эса занжир реакцияси орқали бутун иқтисодиёт миқёсида инфляцион босимларни кучайтиради. Оддийроқ айтганда: “Менга нима, мен iPhone ишлатмайман” деганлар адашади: исталган битта товарнинг қимматлашиши, унга умуман алоқаси йўқдек кўринадиган бошқа ҳар қандай товарнинг нархига салбий таъсир кўрсатади.
Бунинг исботини шу ҳафта Марказий банк тақдим этган инфографикада ҳам кўриш мумкин. Унга кўра, Ўзбекистонда нархи кузатиб бориладиган ноозиқ-овқат маҳсулотлари орасида охирги бир йилда деярли ҳеч қайси товарнинг нархи арзонлашмаган. Ягона истисно – мактаб дафтари ва А4 қоғоз. 12 ой давомида бошқа бирортаям ноозиқ-овқат маҳсулот баҳосини пасайтиришнинг иложи бўлмаган. Бунга сабаблар қаторида, антирейтингни бошқариб турган метаннинг 36 фоизга қимматлашгани алоҳида ўрин тутиши шубҳасиз.
“ОСАГО”да янги тарифлар
Марказий банкнинг нархлар ҳақидаги янгича инфографикасида фақат товарлар статистикаси келтирилган, пулли хизматлар эса қамраб олинмаган. Лекин келгусида бу борада етакчиликни қайси хизмат қўлга олиши маълум: бу – мажбурий автосуғурта.
Чоршанба куни имзоланган ҳукумат қарорига асосан, транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталаш тўловлари 2019 йилдан бери биринчи марта ошадиган бўлди. Ҳайдовчилар сони чекланган суғурта полисининг нархи енгил автомобиллар учун Тошкент шаҳрида 56 минг сўмдан 192 минг сўмга (3,4 баробар), вилоятларда 40 минг сўмдан 160 минг сўмга (4 баробар) кўтарилади. Суғурта ҳодисаси рўй берган тақдирда қоплаб бериладиган зарарнинг максимал суммаси эса 40 млн сўмдан 80 млн сўмгача ошади. Янги тарифлар 2026 йил 1 январдан кучга киради.
Бу ўзгаришга қатор сабаблар айтиляпти. Аввало, тарифларнинг 5 йилдан бери ўзгармай келиши натижасида, суғурта компаниялари учун бу полисларни сотиш фойдасиз бўлиб қолган. Қолаверса, ҳозирда 40 ёки 56 минг сўмга сотиб олинадиган полиснинг суғурта суммаси ҳаммани ҳам қониқтирмаяпти: 40 млн сўмлик суммадан 14 миллиони автомобилга, 26 миллиони эса ЙТҲ жабрланувчисига етган зарарни қоплаб беришни кўзда тутади. Лекин агар оддийроқ оиладан бўлган ҳайдовчи қиммат эмас, ўртача классдаги бирор машинани уриб олса ҳам, етказилган зарар қиймати 14 миллиондан ошиши мумкин. Агар жабрланувчилар сони бир нечта бўлса, суғурта берадиган 14 млн сўм пул улар ўртасида бўлинади. Зарарни қоплаш учун етмай қолган сумма эса, табиийки, айбдор ҳайдовчининг зиммасига тушади.
Ҳукумат қарорида бошқа бир янгилик ҳам бор. Унга кўра, 1 январдан бошлаб, агар ҳайдовчи охирги 12 ой ичида бирор-бир ЙТҲда айбдор деб эътироф этилган бўлса, у навбатдаги мажбурий автосуғурта полисини оширилган тарифда сотиб олишга мажбур бўлади. Шунингдек, қарор билан, мажбурий автосуғурта қилмасдан автомобил бошқарганлик учун маъмурий жавобгарликни кучайтириш кўзда тутилган.
Навоийда қалин смог: ифлосланиш манбасини аниқлашга 1 ҳафта ҳам етмади
Навоий шаҳрини заҳарли тутун қоплаганига бир ҳафта бўлди ҳамки, расмийлар бунинг сабабини аниқ айта олмаяпти. 13, 19, 21 ва 22 июл кунлари шаҳарни ўткир ҳидли қалин тутун қоплаб, одамларда йўтал ва бошқа асоратларни келтириб чиқарган. “Болаларимиз соғлигидан хавотирланиб қолдик, қачонгача бундай заҳарли тутун ичида яшаймиз, билмаймиз”, деди Kun.uz суҳбатлашган навоийликлардан бири.
“Навоийазот” бир неча бор баёнотлар бериб, бу тутунга заводнинг алоқаси йўқлигини маълум қилди. Заводда ўрнатилган камера тасвирларидан, чангсимон тутун собиқ электрокимё заводи ўрнида қурилган корхоналардан чиқаётганини кўриш мумкин. Вилоят экология бошқармаси аввалига ҳолат бўйича “Навоийазот”ни айблаётган эди, лекин компаниянинг қатъий раддияларидан кейин, экология органи асл сабабчиларни қидиришга тушиб кетди ва асосий эътиборини Электроаппаратдаги корхоналарга қаратди.
“Хулосалар чиқиб, мутахассислар тасдиқламагунча, ҳозир айтиб қўйсам нотўғри бўлади. Лекин биз манбасини топиб, уни албатта жазолаймиз. Аниқланган корхонанинг фаолиятини тўхтатиш бўйича судга мурожаат қиламиз”, – деди экология вазири Азиз Абдуҳакимов Тошкентда ўтган матбуот анжуманида.
Смог кунлари “Навоий” телеканалининг тонгги дастури бошловчиси Рухсора Бобоқулова жонли эфирда ҳақиқатни гапиргани билан навоийликлар олқишига сазовор бўлди. У Навоий шаҳри аҳолиси тонгни кофе билан эмас, заҳарли тутун билан қарши олаётганини айтганидан кейин, кутилмаганда у олиб борадиган тонгги дастурнинг жонли эфирда узатилиши тўхтаб қолди. Kun.uz манбаларига кўра, бу тўхташ журналистнинг эфирдаги гаплари билан боғлиқ бўлган: Бобоқулованинг чиқиши интернетда овоза бўлгач, телеканал раҳбари Акром Муқимов телефонларсиз йиғилиш ўтказиб, дастур энди ёзиб олинган ҳолда эфирга берилишини айтган. Эртасига шундай бўлган ҳам.
Цензура ҳақидаги хабар интернетда тарқалгач, орадан бир кун ўтиб жонли эфир тикланди. Муқимов Kun.uz билан суҳбатда бир кунлик тўхташни “студиядаги таъмирлаш ишлари” билан изоҳлади. Йиғилишдан олдин нега журналистларнинг телефони йиғиб олинди, деган саволга эса телеканал раҳбари “гапларим ташқарига чиқиб кетяпти” деган мазмунда жавоб берди.
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
Энергетика тизими ҳали-ҳануз ёз фаслига тайёр эмаслиги ойдинлашди. Пойтахт Тошкентнинг аксарият қисмларида ҳар кунлик режали ўчиришлар одатий ҳолга айланиб қолди. “Ҳудудий электр тармоқлари” трансформаторларни ёниб кетишдан сақлаш учун шундай қилинаётганини айтиб баёнот берди, лекин кейин баёнотини ўчириб юборди. Эътиборлиси, ҳар доим муаммо тақсимлаш тармоқларида деб айтиб келинган бўлса, бу гал энди ҳатто юқори кучланишли магистрал тармоқлар ҳам кучланишни кўтара олмаётгани тан олинди. Бош прокуратура текширув ўтказиб, пойтахт энерготизимидаги қатор камчиликларни аниқлади; 28 нафар мансабдор, хусусан шаҳар ЭТК бошлиғи интизомий жавобгарликка тортилди.
Ёз жазирамаси ўрмон ёнғинлари хавфини оширяпти. Ҳафта ўрталарида “Сурхон” давлат қўриқхонасидаги бир неча гектар майдон олов ичида қолди. Қийинчилик билан ўчирилган олов эртасига яна қайта аланга олиши кузатилмоқда. Худди шундай, Чорвоқ сув омбори яқинида чиққан ўрмон ёнғини ҳам ўчирилганидан кейин эртаси куни яна такрорланди. Сурхондарёда ҳам, Бўстонлиқда ҳам ёнғинларни ўчиришга Ҳарбий ҳаво кучларининг вертолётлари жалб қилинди.
Тошкент яна бир яшил маконидан айрилгани маълум бўлди. Миробод бозори қаршисида жойлашган собиқ ҳарбий госпитал ҳудудидаги дарахтзор бир йил олдин йўқотилган экан. Сунъий йўлдош тасвирларига қараганда, 2024 йилнинг апрелида ҳудуд ям-яшил бўлган, 2024 йил августида олинган суратларда эса дарахтзорнинг ўрни тақир қурилиш майдонига айланганини кўриш мумкин. Экопартия бу борада бош прокурор ва экология вазирига сўров юборди.
Ишдаги ишқ селектор вақтида ошкор бўлди. Ижтимоий тармоқларда давлат хизматчиси хизмат хонасида аёл кишини қучоқлаб ўтиргани акс этган сурат тарқалди. Унинг бу ҳаракати онлайн видеоселектор йиғилишида камерага тушиб қолган. Kun.uz суриштирувидан маълум бўлишича, бу амалдор Каттақўрғон шаҳар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими бошлиғи бўлган ва у воқеадан кейин ишдан олинган. Бошлиқнинг қучоғида ўтирган аёл ҳам ишдан бўшатилган (унинг қандай лавозимда ишлагани маълум эмас). Бу воқеадан кейин тармоқларда айримлар яқинда АҚШда Astronomer компаниясининг раҳбари билан концертда рўй берган ҳодисани ёдга олди.
Ҳиндистон расмийлари талабаларга Тошкент давлат тиббиёт университетининг Чирчиқ филиалида ўқимасликни тавсия қилди. Мамлакат миллий тиббиёт коммиссияси бу олийгоҳни “Ҳиндистоннинг тиббий таълим стандартларига мос эмас” деб топган. Тавсия этилмайдиган таълим масканлари рўйхатига тиббиёт йўналиши бўйича Белиз давлатидаги яна учта олийгоҳ ҳам киритилган. Бунга ТДТУ расмий муносабат билдириб, ҳиндистонликларнинг хавотирларини “асоссиз” деб атади. Эслатиб ўтамиз, апрел ойида ҳиндистонлик бир талаба Тошкент тиббиёт академиясидаги таълимни расво деб атаган, Олий таълим вазирлиги буни рад этганди.
Click тўлов ташкилотининг 49 фоиз улушини Қозоғистон Халқ банки (Halyk Bank) сотиб олмоқда. Сотилаётган улуш қиймати 176,4 млн долларга баҳоланди. Келишув доирасида, Halyk Bank'нинг Ўзбекистондаги шўбаси – Тенге банкнинг 49 фоизи қарийб 61 млн доллар эвазига Click ихтиёрига ўтади. Шу тариқа, онлайн тўлов тизимлари бозорида устун мавқега эга Click'нинг жами баҳоланган қиймати 360 млн долларни ташкил этмоқда. Маълумот учун, худди шу бозорда устун мавқега эга иккинчи компания – Payme'нинг 100 фоизини сотиб олиш бир неча йил олдин Грузиянинг TBC банкига иккита битим асосида қарийб 61 млн долларга тушганди. Эслатиб ўтамиз, Click икки йил олдин Uzum экотизими билан бирлашишини эълон қилган, лекин концентрация амалга ошмаганди.
Муаллиф – Комрон Чегабоев
Доимий бошловчи – Бобур Акмалов
Сурдотаржимон – Эъзоза Аҳмедова
Тасвирчи – Шоҳруз Абдурайимов
Мавзуга оид
09:00 / 21.12.2025
Энергетикада катта истеъфо ва билимли ёшларга мукофот — ҳафта дайжести
10:00 / 14.12.2025
Нақдсиз савдо талаби, метанга чеклов ва коррупцияга қарши кластер — ҳафта дайжести
11:31 / 11.12.2025
Пискентда дарахтларни кесиб ташлаган фермер хўжалиги раҳбари жаримага тортилди
12:59 / 10.12.2025