Вазир Азиз Абдуҳакимовнинг айтишича, ҳавога қўйиб юборилган заҳарли модда “Навоийазот”дан чиқмаган. Асосий манба “Электроаппарат” ҳудудидаги корхоналар экани айтилмоқда. Абдуҳакимов экоинспекторларнинг ўрганиши тугагач, ўша корхонанинг фаолиятини тўхтатиш бўйича судга ариза киритилишини маълум қилди. Қолаверса, расмий вакил заводларнинг ҳаво ифлосланишининг олдини олишдаги режаларини очиқлади.

19 июл куни Навоий шаҳрини қалин тутун қоплаб, шаҳарда ўткир ҳид пайдо бўлганди. Шаҳар аҳолиси бу йўтал қўзғаганидан шикоят қилишганди. Тармоқларда вазиятга оид сурат ва видеолар тарқалгач, Навоий вилояти Экология бошқармаси бунда “Навоийазот”ни айблади. Завод вакиллари эса тутун шаҳарга ғарбий ҳудуддан кириб келганини айтишганди.

23 июл санасида ўтган матбуот анжуманида Экология, атроф-муҳитни ҳимоя қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов бу борадаги ўрганишлар ҳақида маълумот берди. Унинг айтишича, ҳаво ифлосланишидаги асосий манба “Навоийазот” АЖ бўлмаган.

У ерда “Электроаппарат” деган корхона ҳудудида, эски ҳудудда бир нечта корхоналар мавжудлиги аниқланди. Ҳозир энди хулосалар чиқиб, мутахассислар уни тасдиқламагунча мен айтиб қўйсам, нотўғри бўлади. Лекин биз шу манбасини топиб, албатта, уни жазолаймиз.

Шу, кўпроқ кечаси ҳавога [заҳарли моддани] қўйиб юборган. Бизнинг инспекторларимиз тезкор равишда ҳам шу жойга чиққан ҳолда ўша вазиятни ўрганишди ва олдини олиш нуқтайи назаридан, ҳозир ўша аниқланган корхонанинг фаолиятини тўхтатиш бўйича мен топшириқ бердим. [Бу бўйича] судларга ўзимизнинг [аризамизни] киритамиз”, – деди у.

Шунингдек, вазир Kun.uz мухбирининг умуман республикада ҳаво сифатини бузишда асосий ҳиссадор бўлган заводлар сони қанчалиги ва буни камайтиришда қандай ишлар қилинаётганига оид саволига жавоб берди.

Таъкидланишича, бунинг учун корхоналарга автоматик ўлчаш мониторлари ўрнатиш талаби қўйилган. Эндиликда бу талабни бажармаганлар учун жарима ва компенсация тўловлари оширилиши кутиляпти. Бунинг учун Вазирлар Маҳкамасининг қарор лойиҳаси ишлаб чиқилгани ва Олий Мажлисга тақдим қилингани айтилди.