Ўзбекистон | 15:21 / 17.08.2022
11989
2 дақиқада ўқилади

ШҲТ саммити муносабати билан Самарқанддаги ОТМларда ўқиш кечроқ бошланади

Фото: KUN.UZ

Самарқанд вилоятидаги олий таълим муассасаларида ўқиш сентябр ойи охиридан бошланади. Вилоятдаги бир қатор туман ҳокимликлари бу борада хабар тарқатди. Хабарни Kun.uz манбалари ҳам тасдиқлади.

15-16 сентябр кунлари Самарқанд тумани ва Тойлоқ тумани ўртасида жойлашган сайёҳлик марказида Шанҳай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммити ўтказилади. Шу муносабат билан вилоятдаги ОТМларда анъанавий таълим сентябр ойи охиридан бошланади. Унгача талабалар таълимни масофавий кўринишда бошлаши кутилмоқда.

Самарқанддаги мактаблар ҳам кечроқ бошланиши ҳақида хабарлар тарқалганди, аммо бу маълумот тасдиқланмади.

Маълумот учун, ШҲТга 2001 йилда асос солинган. Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Покистон, Россия, Хитой ва Ҳиндистон биринчи аъзолар бўлган. Афғонистон, Беларус, Эрон ва Мўғулистон кузатувчи мамлакатлар, Озарбойжон, Арманистон, Камбожа, Непал, Туркия ва Шри-Ланка ҳамкор мамлакатлар ҳисобланади.

2021 йил сентябрда Душанбеда бўлиб ўтган ШҲТ саммитида Эронни ташкилотга қабул қилиш, Миср, Қатар ва Саудия Арабистонига мулоқот бўйича ҳамкор мақомини бериш жараёни бошланган. Жорий йилда Беларус ШҲТга тўлақонли аъзо бўлиш учун ариза берган.

Россия президенти Путин Самарқандда ўтадиган саммитга Туркия президенти Ражаб Эрдўғанни ҳам таклиф қилган. Самарқандда Миср, Қатар ва Саудия Арабистони ташкилотнинг мулоқот бўйича ҳамкори статусларини олиши кутилмоқда.

ШҲТ саммити илк марта Самарқандда ўтказилади. Бунгача Ўзбекистон мезбон бўлган саммитларни уч марта Тошкент шаҳри қабул қилган. Ўзбекистон охирги марта 2016 йил ШҲТ саммити мезбони бўлган. Самарқанд саммит мезбонлигини қабул қилган 15-шаҳар бўлади.

Мавзуга оид