Ўзбекистон | 07:20 / 31.12.2020
24735
4 дақиқада ўқилади

Бир томорқада 30–40 хил гул: Олтинкўллик гулчилар оиласи хонадонида

Олтинкўл тумани Чўнтак маҳалласидаги Темировлар хонадонида қиш фаслида ҳам баҳорий муҳит ҳукмрон. Оила 10 сотих томорқасида гул етиштиришни йўлга қўйган.

Хонадон соҳиби Абдумажид ака Темиров 57 ёшда. Турмуш ўртоғи билан икки ўғил ва бир қизни вояга етказган. Уларнинг барчаси бундан 10 йил олдин гул етиштиришга қизиқиб қолишган.

Айниқса, икки ўғил – Ашурали ва Жасурбек гулчилик билан шуғулланиш орқали яхшигина даромад олиш мумкинлигидан яхши хабардор.

Оила соҳиби хонадонидаги биринчи иссиқхонани 1987 йилда қурган экан. Даставвал бодринг ва помидор етиштирилган, кейинчалик уй шароитида парваришланаётган гуллар иссиқхонага олиб кирилган ва уларни кўпайтириш орқали гулчилик тармоғи кенгайтирилган.

Ҳозирга келиб оила аъзолари олтита иссиқхонада қишин-ёзин 30–40 хил гул етиштиришади.

«Гулчилик соҳасида иш бошлаганимизга 10 йил бўлди. Бу иш ҳаваскорликдан бошланган. Аввалига оиламиз аъзолари билан ҳавасга гул етиштирганмиз. Кейин гулчиликни кенгайтирганмиз. Ҳозирда 10 сотих ерда 6 та иссиқхонамиз бор. 30–40 хил гул етиштирамиз.

Оила аъзоларимиздан ташқари 3–4 нафар ёрдамчи олганмиз. Гулни етиштириш худди чақалоқни парвариш қилиш, унга меҳр бериш билан баробар. Гулга меҳр қўясиз, улар ривожланиб, яхши ўсади.

Гул уруғлари асосан август–сентябр ойларида сепилади. Март–апрел ойларида тайёр бўлиб, бозорга олиб чиқилади. Савдомиз асосан март ойида бошланади», – дейди Жасурбек Баратов.

Иссиқхоналар кўмир билан иситилар экан. 6 та иссиқхонага бир қиш мавсумида 6 тонна кўмир ишлатилади.

Иситиш тизими уч қават целлофан тортилган «термос» услубидан иборат. Биринчи қавати – термос; у тепадан тушаётган совуқни қайтариш учун. Иккинчи қавати – хона ҳароратини ушлаб туриш учун. Учинчи қавати эса, хонадаги иссиқлик чиқиб кетмаслиги учун.

Гулчиларнинг айтишича, сентябр ойида тувакларга чиринди солинади ва қаламчалар экилади. Қаламчалар 13 кундан 1 ойгача томир олади.

«Гул ҳам оғир меҳнат талаб қилади. Даромади шунга яраша яхши. Бунинг орқасидан уй соляпмиз, машиналар оляпмиз. Битта иссиқхонадан 10–15 миллион сўм даромад олиш мумкин.

Олтита иссиқхонамизнинг ҳар бирида 5–6 мингтадан гул бўлади. Булар – асосан иссиқ ўлкаларнинг гуллари. Шароитини яратиб берганимиз учун бизда ҳам кўкариб, яшнаб туради.

Биз етиштирган гуллар Ўзбекистон бўйлаб сотилади; Қозоғистон ва Қирғизистонга экспорт бўлади», – дейди Жасурбек Баратов.

Гул парваришловчилардан бири Гулчеҳрахон Омоновани суҳбатга тортдик.

«Биз бу ерга 10 километр узоқликда бўлган Маслаҳат қишлоғидан келамиз. 5-6 та қиз билан. Баъзан 10 кишилашиб ишлаймиз. Бу ерда ишласангиз, дилингиз яйрайди.

Август–сентябр ойларида уруғини сепамиз. Баҳоргача кўчат чиқариб, март–апрел ойларида Ўзбекистондаги хонадонларга, қолаверса гул дўконларига гуллар чиқарамиз. Қишин-ёзин 12 ой иш бўлади бу ерда», – дейди у.

Темировлар хонадонидаги бараканинг боиси, фикримизча, бу – меҳнатсеварлик, бирдамлик ва ерга бўлган меҳр. Мана шу уч омил оила хонадонига тўкинлик олиб киряпти.

Элмурод Эрматов, Kun.uz мухбири

Тасвирчи ва монтаж устаси – Жаҳонгир Маҳмудов

Мавзуга оид