Иқтисодиёт | 21:31 / 09.11.2023
39141
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда валюта сотиб олиш қоидаларига ўзгартиришлар киритилади

Тадбиркорлик субъектлари ва чет эл фуқаролари хориж валютасини сотиб олишда банкка тақдим этадиган маълумотлар кенгайтирилиши кутилмоқда.

Фото: Morteza Nikoubazl / Zuma / TASS

Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектлари учун хорижий валюта сотиб олиш қоидалари қатъийлаштирилиши кутилмоқда. Марказий банк тегишли ҳужжат лойиҳасини эълон қилди.

Амалдаги тартибга кўра, тадбиркорлар чет эл валютасини сотиб олиш ёки сотиш учун хизмат кўрсатувчи банкка буюртма берганда, мақсади ва асословчи ҳужжатларни тақдим этиши керак.

Регулятор тадбиркорлар банкка тақдим этадиган қўшимча маълумотларни кенгайтиришни таклиф қилмоқда, хусусан:

  • валюта операциясини амалга ошириш учун тузилган контракт (шартнома, битим, инвойс);
  • чет эл валютасидаги лизинг ва кредитларга хизмат кўрсатишда – асосий сумма ва фоиз тўловларини қайтариш жадвали;
  • хорижий инвесторларнинг фойдаси, дивидендлари ва бошқа даромадларини репатриация қилишда – фойда тақсимлангани ва дивидендлар тўлангани тўғрисидаги ҳужжат, аудиторлик фирмаси ёки солиқ органининг хулосаси ҳамда даромад солиғи тўлангани тўғрисидаги солиқ органлари тасдиқномаси;
  • норезидентлар томонидан маблағларни уларнинг чет элдаги ҳисобварақларига ёки ушбу норезидентларни ташкил этган хориждаги корхоналарга ўтказишда – миллий валютадаги маблағларнинг қонуний йўл билан топилганини асословчи ҳужжатлар.

Шунингдек, норезидент жисмоний шахслар билан валюта айирбошлаш операцияларини амалга ошириш улар томонидан маблағларнинг қонуний манбалардан олинганини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилганда амалга оширилади. Бунда операция суммаси тақдим этилган ҳужжатларда кўрсатилган сумма миқдоридан ошмаслиги лозим.

Марказий банк изоҳига кўра, таклиф этилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар валюта операцияларини чеклаш ёки қатъийлаштиришни эмас, балки амалда мавжуд нормаларга аниқлик киритиш, айрим операцияларни амалга ошириш жараёнини янада соддалаштириш, тарқоқ нормаларни умумлаштиришни назарда тутади.

Лойиҳа муҳокамаси 19 ноябрга қадар давом этади.

Эслатиб ўтамиз, Марказий банк 18 сентябрдан бошлаб тижорат банклари учун валюта операцияларига қўйиладиган талабларни кучайтиргани жамоатчиликнинг кескин норозилигига сабаб бўлганди. Шундан кейин регулятор янги чекловни бекор қилди. Танқидларга учраган лойиҳага кўра, Марказий банкнинг талаби билан хўжалик юритувчи субъектлар валюта операцияларини фақат асосий ҳисобварағи очилган банкда амалга ошира олиши белгиланганди. МБ раиси Мамаризо Нурмуродов валюта операциялари бўйича қарорини санкциявий комплаенс билан изоҳлаганди.

Мавзуга оид