Иқтисодиёт | 17:42 / 18.12.2025
4975
4 дақиқада ўқилади

Ўзбек мигрантлари: уларнинг мамлакат иқтисодиётидаги ўрни қай даражада катта?

Сўнгги йиллардаги Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсишини мигрантлар юбораётган пулларсиз тасаввур қилиш қийин. Бу кўрсаткич ялпи ички маҳсулотнинг 13 фоиздан кўпроқ қисмини ташкил этади. Юқори маош тўланувчи ривожланган мамлакатларда меҳнат муҳожирлари сони кўпаяётгани ҳам умумий пул ўтказмалари ошишида асосий омиллардан бирига айланди. Kun.uz Халқаро меҳнат мигрантлари кунида чет элда ишлаётган ватандошларнинг Ўзбекистон иқтисодиётидаги ўрнига эътибор қаратди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

БМТ Бош ассамблеясининг таклифига биноан 2000 йилдан буён ҳар йили 18 декабр Халқаро мигрантлар куни сифатида нишонланади. 1990 йилнинг худди шу кунида «Меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги халқаро конвенция қабул қилинганди. Ўзбекистон ҳам четга меҳнат муҳожирларини йўллаш бўйича етакчи давлатлардан бири ҳисобланади. Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Kun.uz’га маълум қилишича, айни пайтда мамлакатдан хорижий давлатларга ишлаш учун чиқиб кетганлар сони 1,8 млндан кўпроқ. 

Мигрантларнинг Ўзбекистон иқтисодиётидаги ўрни

Меҳнат мигрантлари юборган пуллар узоқ йиллардан бери Ўзбекистон иқтисодиётида муҳим ўрин тутиб келади ва аҳоли турмуш харажатларининг сезиларли қисмини қоплайди. Хусусан, 2024 йилда мамлакатга 14,8 млрд долларлик пул ўтказмалари кириб келган. Бу ялпи ички маҳсулотнинг 12,2 фоиздан кўпроқ қисмини ташкил этади. Таққослаш учун, ўтган йили Ўзбекистон экспорт қилган олтиннинг умумий қиймати 7,5 млрд доллар бўлган. 

2017-2025 йиллар оралиғида Ўзбекистонга амалга оширилган пул ўтказмалари динамикасининг ўзгариши

*2025 йил учун маълумотлар кутилаётган прогноз кўринишида берилган;

P.S: 2022 йилда Россия-Украина уруши фонида Қирғизистон ва Тожикистонда маълум миқдорда нақд валюта тақчиллиги юзага келиб, банкларда айрим чекловлар жорий этилганди. Бундай шароитда мазкур давлат фуқаролари Ўзбекистонга валюта ўтказиб, мамлакат банклари орқали нақд пул олиб чиқиб кетгани айтилади. Шу сабабдан 2022 йилда пул ўтказмаларининг фавқулодда кескин ошиши рўй берган бўлиши мумкин.

Пул ўтказмалари кўпинча истеъмол харажатларини қоплаш, таълим, соғлиқни сақлаш ва уй-жой олиш каби соҳаларга сарфланади, бу эса ички талабни оширади ва иқтисодий ўсишни рағбатлантиради. Бундан ташқари, мамлакат валюта эҳтиёжининг сезиларли қисми мигрантлар жўнатган пул ҳисобидан қондирилади.

Айрим ҳудудларда миграция оқими даромадлар, ишсизлик бўйича фарқланишнинг пасайишига ёрдам беради. Аввалроқ иқтисодчи Миркомил Холбоев аҳоли даромадлари бўйича 9 ойлик расмий статистикага асосланиб ҳисоб-китоб юритган ва шундай хулосага келган эди: агар пул ўтказмаларида ўсиш бўлмаганида, Ўзбекистон аҳолисининг жон бошига умумий даромадлари бу йил ўсмаган бўларди. Жумладан, ўтказмаларнинг ошиши 8 та вилоятда аҳолини камбағаллашишдан сақлаб қолган.

Пул ўтказмаларига боғлиқлик

S&P рейтинг агентлиги ўзининг охирги ҳисоботида Ўзбекистоннинг демографик афзалликларга эгалигини таъкидлаган ҳолда аҳоли таркибининг қарийб 90 фоизи меҳнат ёшида ёки меҳнат ёшидан кичкина бўлиб, бу таклифга асосланган ўсиш имкониятини яратади, дея қайд этганди. Шу билан бирга, иш ўринлари ўсиши талабни тўлиқ қондира олмаслиги тахмин қилинган. «Ўзбекистоннинг кўплаб доимий ва мавсумий меҳнат мигрантлари Россия, шунингдек Европа ва Яқин Шарқдаги янги йўналишларда иш излашни давом эттиради. Натижада иқтисодиёт пул ўтказмалари оқимига боғланганлигича қолади», дея хулосага келганди халқаро рейтинг агентлиги мутахассислари.

Миграциянинг диверсификацияси

Йиллар давомида ўзбек мигрантлари энг кўп йўл олувчи давлатлар тўртлиги қуйидагича шаклланиб келган: Россия, Қозоғистон, Туркия ва Жанубий Корея. Аммо охирги йилларда вазият бирмунча ўзгарди.

Хусусан, Россиядаги иқтисодий вазият ёмонлашуви ва мигрантлар учун талабларни қаттиқлаштириш ҳақидаги чақирувлар, армияга жалб қилиш бўйича ташвиқотларнинг кучайиши ушбу мамлакатга борувчилар сонини қисқартирди. Шунингдек, Туркияга бориб ишлаш ҳам ўз жозибадорлигини йўқотиб боряпти. Бунга ушбу мамлакат иқтисодиётининг ёмонлашуви, лиранинг даҳшатли қадрсизланиши ва юқори инфляция таъсир кўрсатди.

Ўзбекистонликлар учун Буюк Британия, Германия, Полша, Венгрия, Латвия, БАА, Саудия Арабистони ва Япония каби янги йўналишлар пайдо бўлди. Ушбу омил умумий ҳисобда мигрантлар сони камаяётган бўлсада, пул ўтказмаларининг сезиларли даражада ошишида муҳим ўрин эгаллаяпти.

Мавзуга оид