Жамият | 11:30 / 07.03.2026
6747
5 дақиқада ўқилади

Дунёнинг навбатдаги жароҳати — урушлар барчани мағлуб қилади / 5 дақиқа

Бугун дунё яна уруш билан юзма-юз келди. Турли минтақаларда давом этаётган тўқнашувлар миллионлаб одамларнинг ҳаётини издан чиқармоқда. Уруш ҳақида гап кетганда сиёсий шиорлар, ғалаба ва мағлубият ҳақида кўп гапирилса-да, унинг ҳақиқий юзи ҳамиша оддий одамлар тақдирида намоён бўлади. Урушдан манфаатдорлар эса ҳамиша сояда қолади. Эрих Мария Ремаркнинг “Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ” романи айнан шу ҳақиқатни очиб берган асарлардан бири ҳисобланади.

Асар Биринчи жаҳон уруши давридаги немис ёшлари тақдири ҳақида ҳикоя қилади. Роман қаҳрамони Паул Боймер исмли йигит. У 20 ёшда, ҳаётга энди қадам қўяётган, орзулар ва катта режалар билан яшаб келаётганди. Аммо ўша авлод тўлиқ уруш гирдобига тортилади. Ватанни ҳимоя қиляпман деган ишонч билан Паул ва унинг дўстлари фронтга жўнайди.

Бироқ фронт улар тасаввур қилган романтик манзараларни йўққа чиқаради. Уруш доим ҳам қаҳрамонлик эмас, балки қон, қўрқув ва азобга тўла ҳаёт эканини кўришади. Атроф очлик, тинимсиз портлаётган снарядлар ва ўлим хавфи билан тўла эди. Ёш йигитлар тез орада болалик орзуларидан айрилади. Улар фронтда бир неча ой ичида руҳан қариб кетади.

Романнинг бошидаёқ ўқувчи урушнинг даҳшатли юзини кўради. Паулнинг синфдошларидан бири – Кеммерих оғир яраланади ва оёғи кесиб ташланади. Уни кўргани келган аскарлардан бири Кеммерихнинг этикларини сўрайди. Бу ҳолат бир қарашда шафқатсиздек туюлади, аммо фронт шароитида бу мутлақо оддий ҳол эди. Йигит тез орада вафот этади ва унинг жойи дарҳол бошқа ярадор билан тўлдирилади. Бу эпизод урушда инсон ҳаёти қандай арзонлашиб кетишини кўрсатади.

Фронтда Паул ва унинг дўстлари тирик қолиш учун бир-бирларига суянади. Улар орасида энг тажрибалиси Катчинский эди. У анча ақлли, уддабурон йигит бўлиб, дўстлари учун ҳамиша фидойилик қиларди. Бироқ уруш бундай дўстликни ҳам аёвсиз синдиради. Ҳар бир жангдан кейин кимдир қайтиб келмасди.

Паул таътилда уйига қайтганида яна бир ҳақиқатни англайди. Фронтдан узоқдаги одамлар урушни бошқача тасаввур қилишарди. Улар газеталарда ёзилган хабарларга ишонар, аскарлар юқори кайфият билан жанг қиляпти, деб ўйлашарди. Паул эса бу гапларни эшитиб, ўзини бегонадек ҳис қилади. Уруш уни шу қадар ўзгартиргандики, у энди олдинги ҳаётига қайта олмаслигини тушунади.

Паул тасодифан француз аскарини ўлдириб қўяди. Рақиби секин-аста жон бераркан, унинг ёнида соатлаб қолиб кетади. У аскарнинг чўнтагидан хотини ва боласининг суратини топади, мактубларини ўқийди. Шунда у душман ҳам худди ўзи каби инсон бўлиб, у ҳам бировнинг ўғли ёки отаси эканини англайди.

Дарҳақиқат шундай, аслида бир эронликнинг ҳаёти америкаликнинг, исроилликнинг ҳаётидан арзон ҳам, қиммат ҳам эмас. Ҳамма ҳам инсон!

Роман охирида Паул ҳам ҳалок бўлади. Аммо унинг ўлими алоҳида қаҳрамонлик сифатида қайд этилмайди. Ҳарбий ҳисоботда ўша куни шунчаки: “Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ”, деб ёзилади. Тасаввур қиляпсизми, одамлар ўлиб кетаверади, лекин ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди. Бир инсон ўлими уруш машинаси учун заррача аҳамият касб этмайди.

Урушлардан ҳамиша қурол-яроғ ишлаб чиқарувчилар, сиёсий рақобатда устунликка интилган ҳукмдорлар фойда кўриши мумкин. Аммо оддий инсонлар учун уруш ҳар доим йўқотиш демакдир. Таассуфки, урушнинг қизил тугмасини босаётганларнинг ўзи майдонда туриб жанг қилишмайди.

Бугунги воқеалар фонида негадир Ремаркнинг шу асарини эслагимиз келди. Чунки инсоният иккита жаҳон урушини бошидан кечирди. Катта эҳтимол билан расман эълон қилинмаган бўлса-да, учинчи жаҳон урушида яшаяпмиз. Аммо негадир инсоният хулоса қилмаяпти, дунёни жароҳатлашда давом этяпти.

Исомиддин Пулатов
Муаллиф Исомиддин Пулатов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид