Қуёш энергияси орқали даромад олиш: Ўзбекистонда қуёш панеллари билан бизнес фаолияти
“Бир кунда умумий тармоқларимиздан 30 миллион сўмлик электр оляпмиз. Бу бир ойда 900 миллион бўлади. Менинг ҳисобим бўйича бу даромадли бизнес” – Ўзбекистон шароитида қуёш панелларидан фойдаланаётган тадбиркорлар уни нафақат мунтазам электрдан фойдаланиш, балки даромадли бизнес сифатида талқин қилишмоқда.
Ўзбекистон — қуёш энергияси салоҳияти юқори давлатлардан бири. Йилига 300 кун давомида қуёшли об-ҳаво кузатилиши мамлакатда тадбиркорларга қуёш панелларидан фойда кўриш имкониятини яратади. Шундай тадбиркорлар ўз тажрибаларини гапириб беришди.
Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришга эътибор қаратиб, солиқ имтиёзлари ва субсидия каби рағбатлантириш тизими асосида 2023 йил 1 апрелдан “Қуёшли хонадон” дастури ишга туширилиб, унинг доирасида хонадонларга ўрнатилган қуёш панеллари ишлаб чиқарган ҳар бир киловатт-соат электр энергия учун 1000 сўмдан субсидия ажратилмоқда. 2024 йилнинг ўзида 10 826 нафар жисмоний шахс ушбу дастурдан фойдаланиб, 12 миллиард 182 миллион сўм субсидия олган.
Комил Исломов, тадбиркор:
Ойига 900 миллион сўмлик электр сотяпмиз
“Ўтган йил бошларида бизга қуёш панеллари ўрнатиш таклифи берилди. Бир ойда тармоғимиз бўйича давлатдан тахминан 1 млрд сўмлик электр оламиз. Шу суммани давлатга йўналтирганимизда тахминан 10 йилда ўзини қоплайдиган бўлди ва биринчи босқични бошладик. Ўрнатган панелларимиз 9 мегаваттлик. Ёз ва қиш фаслларини ўртача оладиган бўлсак, бир кунда ўрчата 36 мегаватт электр ишлаб чиқади. Ўрнатган пайтимизда токнинг нархи 450 сўм эди. Ҳозир 900 сўмга чиқди. Ўзини қоплаш масаласи ҳозир илк тахмин қилганимиздан 2-2,5 бараварга камайди. Электр нархи 2 баравар ошди, қуёш панеллари нархи 2,5-3 бараварга арзонлашди. Яъни 9 мегаваттли панелларимиз 10 йил эмас, 4 йилда ўзини қоплаяпти.
Бир кунда умумий тармоқларимиздан 30 миллион сўмлик электр оляпмиз. Бу бир ойда 900 миллион бўлади. Менинг ҳисобим бўйича бу даромадли бизнес. Биринчи партияни қўйдим ва бизга маъқул бўлгани учун яна ўрнатишни режа қиляпмиз. Кейинги босқичда 15 мегаваттлик панеллар олиб келамиз, унга қўшимча тахминан 10 мегаватт аккумулятор ҳам олиб келмоқчимиз. Мақсадимиз, кундузи электр ортиб қолса, уни аккумуляторга йиғиб қолиш, талаб кўп пайтда аккумулятордаги электрни сотиш. Бу бизга қўшимча даромад бўлади”.
Қуёш панелларини ўрнатиш нафақат даромадли бизнес, балки электр энергиясидан фойдаланиш бўйича марказий тармоққа қарамликни бартараф этувчи омил ҳамдир.
Бизнес объектига жами 40 киловатт қувватга эга қуёш панелллари ўрнатган хусусий боғча раиси Туйғунхўжа Турсунхўжаев, қуёш панеллари ишлаб чиқарган токдан йилига ўртача 20-25 миллион даромад кўраётган Мингбўта Тоғаев, хонадонига 50 киловаттлик қуёш батареялари ўрнатган фарғоналик Нурматжон Абдуллаев қуёш панелларининг қай даражада самарадор эканлигини ўз тажрибалари мисолида сўзлаб берди.
Қуёш панелларини ўрнатишга инвестиция киритиш яхши даромад манбаига айланиши мумкинлиги таъкидланди. Аммо панел ўрнатиб фойда кўрмаётган ёки ортиқча электрни сотишда муаммоларга дуч келаётганлар ҳам борлиги сир эмас. Бу муаммоларга мутахассислар кўмагида ечим топиш мумкин.
Қуёш панели орқали олинган электрни қандай сотиш мумкин?
Ҳозирги кунда асосий муаммолардан бири – давлатга ток сотиш учун хонадондан электр ортмаётгани билан боғлиқ муаммолар бўляпти
“Хонадонга қуёш панели ўрнатишда ишончли фирма топиш муҳим. Ишончли фирма қандай бўлади? Панел ишлаб чиқариш учун расмий дилерлиги бор корхонага мурожаат қилиш керак. Жуда кўп хонадонлар панел ўрнатилгандан кейин айтилган киловаттни чиқара олмаётганини айтишади. Бунинг учун панелларнинг айнан тўғри бурчак остида ўрнатилганлигига эътибор қаратиш керак. Ўзбекистон ҳудудида 180 градусли бурчак остида жануб томонга қаратиб, 30-35 градусгача қўйиляпти.
Панелнинг тозалигини ҳам текшириш керак. Агар ёмғир кам ёғадиган бўлса, панелнинг ҳолатидан келиб чиқиб тозалаш тавсия этилади. Тозалашда асосий эътибор бериладиган нарса – бу унинг инверторларининг ўчиқ ҳолатдалиги ва автоматлар туширилган ҳолатда бўлиши керак. Бу жараённи куннинг ўртасида эмас, ё биринчи ярмида, ёки иккинчи ярмида – қуёш чиқишидан олдин ёки қуёш ботганда амалга ошириш керак. Яъни панеллар қизимаган ҳолатда бўлиши керак.
Ҳозирги кунда асосий муаммолардан бири – давлатга ток сотиш учун хонадондан электр ортмаётгани билан боғлиқ муаммолар бўляпти. Ток сотиш учун хонадонга кабелларнинг тўғри танлангани ҳам катта аҳамиятга эга. Хонадонда ток нормаси ўз меъёрида эканлигини текшириш керак. Бунинг учун кўпчилик стабилизатор танлаётганда айнан қуёш панеллари учун “латтерний стабилизатор”, яъни икки тарафгаям ишлайдиган стабилизатор танлаш керак. Шундан фойдалансангизгина давлатга ток сота оласиз”, — дейди соҳа мутахассиси Бекзод Набиев.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ маълум қилишича, “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 57-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Солиқ қўмитаси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган "Soliq" мобил иловасига “Quyoshli xonadon” хизмати орқали 2025 йилнинг бугунги кун ҳолатига 34 147 та аризалар келиб тушган. Шулардан, 180 та ариза кўриб чиқиш жараёнида бўлса, 25 289 та ариза қабул қилиниб, аризалар бўйича хонадонларда умумий қуввати 113 МВт бўлган қуёш панеллари ўрнатилган.
Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитасининг маълумотига кўра 2024 йилда 10 826 нафар жисмоний шахс электр тармоқларига ўтказган қуёшдан ишлаб чиқилган электр энергияси учун 12 млрд сўмдан ортиқ бюджетдан субсидия олган.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан “Қуёшли хонадон” дастури бўйича ўз хонадонларига муқобил энергия манбаларини ўрнатмоқчи бўлган истеъмолчиларга қулайликлар яратиш мақсадида Жамият бошқарув раиси бошчилигида “тезкор штаб” ташкил этилди. Айни пайтда штаб тун-у кун фаолият юритмоқда.
Агар сизда ҳам шундай даромад кўриш ёки панелларни ўрнатиш бўйича саволлар бўлса 77 коди билан 282-12-12 рақамига қўнғироқ қилишингиз мумкин.
Тавсия этамиз
Сўнгги янгиликлар
-
ЕИ АҚШ Киев бўйича музокаралардан чиқиши эҳтимоли юзасидан режа тайёрламоқда
Жаҳон | 11:51
-
Ўзбекистонда Франция университетини очиш режалаштирилмоқда
Ўзбекистон | 11:48
-
Деновда ҳайдовчи 32 нафар болани Damas'га миндириб кетаётгани аниқланди
Ўзбекистон | 11:20
-
Вилоят маъмурияти раҳбари: Россия Запорижжяга 10 марта зарба берди
Жаҳон | 11:10
Мавзуга оид

18:12 / 23.08.2024
Тежамкор уй энди орзу эмас: Энергия учун тўловни икки баробар камайтиринг

11:22 / 12.01.2022
2022 йилда 3600 МВт.лик “яшил” энергия станцияларини қуриш бўйича битимлар имзоланади

10:19 / 25.11.2020
Қуёш энергиясидан фойдаланиш учун рухсатнома шарт эмас, бунинг учун солиқ тўланмайди — Энергетика вазирлиги

23:15 / 24.02.2020