Жамият | 18:12 / 23.08.2024
5876
8 дақиқада ўқилади

Тежамкор уй энди орзу эмас: Энергия учун тўловни икки баробар камайтиринг

Хонадонингизда ёниб турган чироқ, ишлаётган кондиционер, телевизор, кир ювиш машинаси ва бошқа бир қатор техникаларнинг сарфлаётган энергияси учун доимий тарзда пул тўламай, уларни бепул ишлатиш имкони бор. БМТТДнинг “Ўзбекистонда энергия тежамкор қишлоқ уй-жойлари қурилишини ривожлантиришга кўмаклашиш” лойиҳаси энерготежамкор хонадонларни барпо этиш орқали бунга эришиш мумкинлигини маълум қилди.

Кундалик ҳаётда ҳар бир хонадонда ёзда уйларни иситиш, қишда эса совитиш ва бошқа маиший эҳтиёжлар учун катта миқдорда электр энергияси талаб этилади. Бу, ўз навбатида, шу каби эҳтиёжлар учун сарфланган энергия тўловларига кўп маблағ кетишини англатади.

Юқори даромадли оилаларда электр энергияси харажатларнинг ўрни деярли сезилмаслиги мумкин, бироқ нархлар ва фойдаланишга чекловлар ошаётган бир паллада ўрта даромадли хонадон эгалари учун электр токи тўловлари турли қийинчиликларни юзага келтириши турган гап. Айни шундай вазиятда энергия тежамкор уйлар ўрта даромадли оилалар мушкулини осон қилишда самарали ечим бўлади!

Энергия тежамкор хонадонлар энергия сарфини 2 баравар камайтиради

Энергия тежамкор уй бу – инновацион дизайнга эга, қуёш панеллари, иссиқлик насослари каби қурилмалар ўрнатилган, деворлари изоляцияланган турар жой биносидир. Бу турдаги уйларнинг ўзига хослиги шундаки, улар оз миқдорда энергия сарфлайди, ток билан ўзини-ўзи қоплайди, иссиқ сув тизими билан таъминланган бўлади ва ичкаридаги иссиқликни ташқарига чиқариб юбормайди.

“Уйимизда қанча иссиқлик ишлатамиз ва изоляция билан қанча энергияни тежашимиз мумкин, деган савол вужудга келиши мумкин. Бизда қувватга қараб Ватт, жаҳон стандартларида эса киловатт соат, яъни энергияга қараб белгиланади. Аҳолимиз тахминан 23-28% энергияни истеъмол қилса, 13-18% энергияни жамоат бинолари истеъмол қилади. Яъни 40% энергияни ўз ичига олади. Бинолар бир йилда 200-400 орасида энергия истеъмол қилади.

Агар иссиқлик изоляцияси билан таъминланса, уйлар тўғри қурилса (қайси тарафга қараб қурилиши, ойналар ўлчами, қуёш тушиши) бу кўрсаткични икки баробарга камайтирса бўлади. Уйларда йилига 150 кВт сарфланса, тўғри изоляция қилинганда буни 70-60 кВт/соатгача тушириш мумкин. Ҳозирги энергоресурсларнинг ошиш тенденциясида бу 2-3 йилгача ўзини оқлайди.

Илгари изоляция материаллари анча қиммат эди, ҳозирги пайтда ишлаб чиқариш корхоналари кўпайган ва нархлар арзонлашган”, дейди мутахассис Сарвар Қурбонов.

Изоляция – сунъий иситиш ва совитишга эҳтиёжни камайтириш

Хонадонларнинг энергия тежамкорлигига эришиш учун, биринчи навбатда, уларни изоляция қилиш талаб этилади. Уйингизни тўғри изоляция қилиш унинг энергия самарадорлигини оширишнинг энг қулай усулларидан биридир. Хонадонингиз яхши изоляцияланган бўлса, у ёзда салқинроқ, қишда эса иссиқроқ бўлиб, сунъий иситиш ва совитиш ечимларига бўлган эҳтиёжни камайтиради. Уйингизнинг дизайнига қараб, сиз шифтни, деворларни ва ҳатто, пол тагини изоляция қилишингиз мумкин. Эски ёки янги бўлишидан қатъи назар, ҳам қандай уни бемалол изоляция қилиш мумкин. Уйни изоляция қилиш шовқин ва намликни камайтиришга ҳам ёрдам беради.

Хонадонда иссиқлик изоляциясини ўрнатиш учун минерал жун, полистирол, полиуретан каби материаллардан фойдаланилади. Улар уйнинг деворлари, томлари ва полида иссиқликни сақлаб қолиш учун қўлланади.

Томларни изоляция қилиш уй ичидаги иссиқликнинг йўқотилишини бартараф этади, Томлар учун кўпинча минерал жун, экспандированний полистирол (ЭПС), ёки полиуретан кўпиги ишлатилади.

Деворларни изоляциялашда эса девор ичига ёки ташқи юзасига изоляцион материаллар жойлаштирилиши мумкин. Хонадонни изоляция қилишда малакали мутахассислар билан маслаҳатлашиш ва сифатли материаллардан фойдаланиш муҳимдир. Изоляцияни тўғри амалга ошириш хонадоннинг қулайлигини орттиради, атроф-муҳитга бўлган зарарли таъсирини минималлаштиради, энергия харажатларини ҳам камайтиради.

Деразалар орқали энергия тежаш мумкин

Хонадонларнинг энергия тежамкорлигини оширишда деразалар ва пардалар муҳим аҳамиятга эга. Деразалар иссиқликнинг уйимиздан чиқиб кетишидаги асосий воситалардан биридир, шу сабаб қишда хонадонни иситиш учун ишлатиладиган энергиянинг бир қисми беҳуда сарфланади. Айтиш жоизки, катта деразалар ёзда уйингизнинг исиб кетишига сабаб бўлади. Улар орқали хона ичида ҳосил бўладиган ортиқча иссиқликни деразалар устига томчалар ўрнатиш орқали камайтириш мумкин.

Агар деразалар кичикроқ бўлса, ёзда уйга қуёш нури кўп тушмайди ва уй жуда қизиб кетмайди. Бу кондиционерга бўлган эҳтиёжни камайтиради ва энергия сарфини қисқартиради.

Уйнинг энергия тежамкор бўлиши учун деразаларнинг аксарияти жанубга қараб ўрнатилиши лозим. Сабаби ёруғлик энергиясининг тахминан 90% шиша деразалар орқали кириб, хонани иситади. Бу эса қишнинг қаҳратонида бироз бўлса-да, ҳавони мўътадиллаштиришга кўмаклашади.

Пардалар – иситиш тизими ёки кондиционерга эҳтиёж сезмасдан уйингиздаги ҳароратни мўътадил сақлашнинг ноёб усули саналади. Куннинг энг иссиқ соатларида пардаларни ёйиш ёки жалюзиларни пастга тушириш қуёш нурининг хона ичига киришини қайтаради. Бу ёз ойларида уйингизни салқин сақлашга ёрдам беради. Қишда эса парда ва жалюзилар деразаларингиздан ташқарига иссиқлик чиқиб кетишининг олдини олади ва хонадон ичида ҳарорат илиқ бўлиб туришини таъминлайди.

Энергия тежамкор уйларнинг қўшимча афзалликлари шундаки, бу турдаги хонадонларда намликни назорат қилиш, вентиляция, шовқиндан ҳимоя қилиш тизими ҳам яхши ривожланган бўлади.

Қуёш энергияси билан тежаш

Хонадонда энергия сарфини камайтиришнинг энг муҳим усулларидан яна бири бу - қуёш энергиясидан фойдаланишдир. Бунда қуёш панеллари, қуёш сув иситгичларини ўрнатиш тавсия этилади. Қуёш панеллари қуёшдан тушаётган ёруғликни иссиқликка айлантириш орқали хонадонни ток билан таъминласа, қуёш сув иситгичлари уйни табиий равишда иссиқ сув билан таъминлаб беради ва жараёнда электр энергияси сарфи сезиларли даражада камаяди.

Шунингдек, хонадоннинг энергия тежамкорлигини оширишда муҳим саналадиган яна икки лайфхакни эслатиб ўтамиз:

Биринчи лайфхак - уйингизнинг ички деворларни очиқ рангларда бўяш хоналарнинг ёруғ бўлишини таъминлайди. Бу кун давомида электр чироқларини ёқиш зарурати ва энергия сарфини камайтиради.

Иккинчи лайфхак эса розеткалар билан боғлиқ, маиший техника ва қурилмаларни ишлатмаётганимизда розеткага уланган ҳолда қолдириш орқали биз ҳар йили жуда кўп энергия сарфлаймиз. Шубҳасиз, музлатгич каби баъзи жиҳозлар доимо электр тармоғига уланган бўлиши керак, лекин телевизор ва микротўлқинли печларни розеткаларга мунтазам тарзда улаб қўйиш талаб этилмайди. Қурилмадан фойдаланмаётганингизда уни электр тармоғидан узиб қўйиш зарур.

Субсидиялар фойдали имкониятлар тақдим этади

Хонадонларни энергия тежамкор шаклда реконструкция қилиш ёки қуриш учун Бирлашган Миллатлар ташкилоти Тараққиёт дастури доирасида субсидиялар тақдим этилади.

Бунда:

  • Қуёш панеллари ва аккумуляторлар учун эркакларга 30%, аёлларга 32,5 %;
  • Қуёш сув иситгичлари учун эркакларга 25%, аёлларга 27,5 %;
  • Иссиқлик насослари учун эркакларга 25%, аёлларга 27,5 % ;
  • Икки қаватли ойна ромлари учун эркакларга 15%, аёлларга 17,5 %;
  • Уч қаватли ойна ромлари учун эркакларга 25%, аёлларга 27,5 %;
  • Ташқи деворлар иссиқлик изоляция қоплами учун эркакларга 35%, аёлларга 37,5 % миқдорида субсидия берилади.

Субсидия маблағларини қўлга киритиш ҳақидаги тўлиқ маълумотларни қуйидаги манзил орқали олишингиз мумкин:

@BMTTDsubsidiyasi

Energymarket.uz

Ҳозирда глобал иссиқхона газларининг 40 фоизи бинолардан чиқмоқда. Бу, албатта, кичик кўрсаткичлар эмас. Энергия тежамкор хонадонлар энергия истеъмолини камайтириш орқали атмосферага чиқадиган углерод газлари миқдорини қисқартиради, бу эса иқлим ўзгаришига қарши курашда муҳим омил ҳисобланади.

Бундан ташқари, энергия тежамкор хонадонлар нафақат иқтисодий ва экологик жиҳатдан фойдали, балки улар яшаш шароитларини яхшилашга ҳам сезиларли ҳисса қўшади. Бу турдаги уйлар замонавий яшаш стандартларига жавоб беради ва энергия ресурслари бўйича юзага келиши мумкин бўлган масалаларни бартараф этиш имконини яратади.

Мавзуга оид