Ўзбекистон | 07:18 / 09.05.2026
8418
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Москвада Владимир Путин билан учрашди

Президент Шавкат Мирзиёев 8 май куни амалий ташриф билан Москвага борди ва Россия раҳбари Владимир Путин билан учрашди. Етакчилар икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

“Внуково” халқаро аэропортида давлат раҳбарини Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин ва бошқа расмийлар кутиб олди.

8 май куни Москва шаҳридаги тадбирлар доирасида Шавкат Мирзиёев ва Россия президенти Владимир Путиннинг учрашуви бўлиб ўтди.

Суҳбат аввалида давлат раҳбарлари Ғалабанинг 81 йиллиги муносабати билан бир-бирини самимий қутлади.

Ўзбекистон-Россия кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини аввалги олий даражадаги учрашувларда эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.

Ўзаро савдо ҳажми барқарор ошиб бораётгани, саноат, энергетика, металлургия ва бошқа тармоқларда лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Товар айирбошлаш суръатини сақлаб қолиш ва устувор тармоқларда кооперация лойиҳаларини жадаллаштиришга қаратилган мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни қабул қилиш, шунингдек, ҳудудлар даражасида фаол алоқаларни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.

Фаол маданий-гуманитар алмашинувни янада таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон ва Россия раҳбарлари халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашди.

9 май куни Ўзбекистон етакчиси Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 81 йиллигига бағишланган тантанали тадбирларда иштирок этади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид